Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

«У кишининг хулқлари Қуръон эди...» (давоми)

714

5-қисм 

Кунлар ўтаверди. Набий алайҳиссаломга Ҳиро ғорида келган ваҳий бир муддат тўхтаб қолди. Ваҳийнинг тўхтаб қолиши тарихчиларнинг тахминига кўра 40 кун давом этди. Бу вақт мобайнида Пайғамбар алайҳиссалом ваҳий келишига ниҳоятда муштоқ бўлдилар. Чунки илк ваҳий келганда Набий алайҳиссалом чексиз қўрқув билан бирга ўзгача руҳий лаззатни ҳам туйган эдилар. Расулуллоҳ тун-у кун Аллоҳнинг элчиси Жаброил ваҳий олиб келишини интизор кутар эдилар. Аллоҳ таоло у зот алайҳиссаломни махлуқотлари ва Ўзи орасида элчи қилиш учун танлаб олган эди. Набий алайҳиссалом бу улуғ неъмат тўхтаб қолишидан қаттиқ қўрқар эдилар. Бора-бора маҳзунлик у кишини қамраб олди. Ҳолат шу даражага етиб келдики, оламларнинг Рабби билан алоқа узилиб қолишидан қўрқиб, ҳатто тоғ тепасидан ўзларини ташлагудек бўлдилар.  

Ва ниҳоят кунларнинг бирида водий оралаб кетаётганларида номаълум овозни эшитдилар. “Менга нидо қилинди, мен ўнг, чап томонимга қарадим”, – дейдилар Расулуллоҳ бу воқеани ҳикоя қилиб, – “лекин ҳеч нарсани кўрмадим. Кейин бошимни кўтариб осмонга қарадим. Шунда Ҳиро ғорида менга рўбарў келган фаришта осмон узра муаллақ турарди. Мени яна қўрқув қамраб олди. Шошилганча ортимга қайтдим. Уйга келиб Хадичага “Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар”, дедим. Мана шу вақтда қуйидаги ояти карималар нозил бўла бошлади: “Эй, (либосларига) бурканиб олган киши (Муҳаммад), туринг-да, (инсонларни охират тўғрисида) огоҳлантиринг, Раббингизни улуғланг, либосларингизни покланг, бутлардан йироқ бўлинг, (бераётган нарсангизни) кўп санаган ҳолингизда эҳсон қилманг, Раббингиз учунгина сабр қилинг!” (Муддасир 1-7). 

Мана шу оятлар Набий алайҳиссалом рисолатининг бошланиши эди. Яъни, шу ондан бошлаб Пайғамбаримиз инсониятни Исломга даъват этиш ва уларни охиратдан огоҳлантириш ҳақидаги буйруқни олдилар.  

Бу оятлар нозил бўлгач Набий алайҳиссалом Қурайш қавмини Аллоҳга даъват этишга киришдилар. Чунки айни даврда Қурайш аҳли бут-санамларга ибодат қиладиган динсиз пода каби эдилар. Кибр ва иззатдан бошқа ахлоқлари, қиличдан бошқа муаммони ҳал этадиган қуроллари йўқ эди. Агар нега тошларга ибодат қиляпсиз деб сўралса, берадиган тайинли жавоблари, ҳужжатлари йўқ, фақатгина ота-боболари шундай қилгани учунгина кўр-кўрона ибодат қилишар эди.   

Аллоҳ таоло дастлаб даъватнинг махфий бўлишини ихтиёр қилди. Шу сабабдан Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам аввало яхшилик ила танилган, ҳақни суядиган, ишончли одамларни, оила аъзоларини, дўстларини даъват эта бошладилар.  

Набий алайҳиссалом даъватни бошлаган вақтларида Аллоҳ саодат ва яхшиликда пешқадам бўлишини тақдир қилган бир нечта кишиларгина иймонга шошилдилар.   

Биринчи бўлиб иймон келтиришдек улуғ бахтга мўминларнинг онаси Хадича бинту Хувайлид розияллоҳу анҳо эришдилар. Набий алайҳиссалом Аллоҳ таоло у кишини нубувват ва рисолат билан икром қилганлик ҳушхабарини етказиш ва иймонга чақириш учун қадрдон дўстлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳузурига шошилдилар. Абу Бакр эса ҳеч қандай иккиланишсиз, тараддудсиз иймон келтириб, тасдиқладилар ва шаҳодат калималарини айтдилар. У кишидан Аллоҳ рози бўлсин.  Шундай қилиб, Абу Бакр Сиддиқ  розияллоҳу анҳу эркаклардан биринчи бўлиб иймон келтирган кишига айландилар. Бу ҳақида Набий алайҳиссалом "Мен ислом динига даъват этганлар орасида фақат Абу Бакргина ҳеч иккиланмай имонга келган”, деган эдилар пайғамбар алайҳиссалом. 

Бу даврда қурайш қавми бир неча йиллик қурғоқчиликдан азият чекар эди. Набий алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толибнинг фарзандлари кўп бўлиб, шу сабабдан рўзғорида қаттиқ қийинчиликка дуч келган, бу айниқса қурғоқчилик даврида кўзга кўриниб қолган эди. Бундан хабар топган Аббос ибн Абдулмуттолиб Абу Толибнинг Жаъфар исмли ўғлини, Набий алайҳиссалом эса Алини ўз қарамоғига олиб тарбиялай бошлашган эди. Пайғамбар алайҳиссалом Али ибн Абу Толибни ўз фарзандларидек ниҳоятда яхши кўрар эдилар. Набий алайҳиссалом даъватни бошлаган вақтларида Али балоғат ёшига яқинлашиб қолган эди. Пайғамбаримиз уни ҳам исломга чақирдилар. Али эса буни қабул қилароқ ёш болалар ичида биринчи бўлиб исломни қабул қилиш бахтига эришди.

Тўртинчи бўлиб иймон келтирган саҳоба Зайд ибн Ҳориса эди. У зот розияллоҳу анҳу жоҳилият даврида асир олиниб, қул сифатида сотилган, Ҳаким ибн Ҳизом сотиб олган эди. Кейинчалик Ҳаким ибн Хизом у кишини аммаси бўлмиш Хадича онамизга совға қилди. Хадича онамиз эса Пайғамбаримизга ҳадя қилдилар. Бу воқеалардан хабар топган Зайднинг отаси ва амакиси Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келишди. Набий алайҳиссаломдан фидя эвазига Зайдни озод қилишларини илтимос қилдилар. Расулуллоҳ Зайдни чақирдилар. Ихтиёрни унга бердилар. Хоҳласа қолишини, хоҳласа отаси ва амакиси билан кетиши, агар кетишни ихтиёр қилса ҳеч қандай фидясиз озод эканлигини айтдилар. Зайд ибн Ҳориса эса ҳеч иккиланмай Набий алайҳиссалом билан бирга қолишни танлади. Ота ва амаки бу воқеадан ҳайратда қолдилар. Ўз фарзандларига нисбатан ачиниш ҳисси уйғонди. Буни сезган Набий алайҳиссалом аҳоли тўпланадиган жойга бордилар ва баланд овозда: “Бугундан бошлаб бу бола қул эмас, меросимда ҳаққи бўлган менинг ўғлимдир”, дедилар. 

Шундай қилиб Хадича бинту Хувайлид, Абу Бакр Сиддиқ, Али ибн Абу Толиб ва Зайд ибн Ҳориса исломнинг пешқадамлари ўлароқ иймон келтириш бахтига муяссар бўлдилар. Аллоҳ улардан рози бўлсин.  

Кейинчалик ислом даъвати йўлида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломга ёрдамчи бўлиб фаол ҳаракат эта бошладилар. Бир қанча кишилар Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даъватлари туфайли исломни қабул этди. Шулардан бири Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу эдилар. Усмон розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлганидан хабар топган амакилари Ҳакам у кишини кишанбанд қилди. “Ота-бобонгнинг динидан қайтиб, янги динни топдингми? Худо ҳаққи бу йўлингдан қайтмагунингча оёқ қўлингни ечмайман”, деди Ҳакам. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу эса: “Аллоҳга қасамки, ҳаргиз бу диндан воз кечмайман”, дедилар. Бу қатъиятни кўрган Ҳакам Усмон розияллоҳу анҳунинг оёқ-қўлини ечиб юборишга мажбур бўлди. Бу пайтда Усмон розияллоҳу анҳу ўттиз ёшлар атрофидаги навқирон йигит эдилар. 

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг саъй-ҳаракатлари билан исломни қабул қилганлар орасида эндигина балоғат ёшига етган Зубайр ибн Аввом ҳам бор эди. У зот розияллоҳу анҳуни ҳам амакиси оёқ қўлларини боғлади. Оғзи-бурнига тутун юбориб азоблади. Зубайр розияллоҳу анҳу бу қийноқларга сабот ва матонат билан чидадилар. 

Абдурраҳмон ибн Авф ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу сабабидан иймон келтирганлардан бири эдилар, у кишининг жоҳилият пайтидаги исмлари Абдуамр бўлиб, кейинчалик Набий алайҳиссалом бу исмни Абдурраҳмон дея ўзгартирган эдилар.  

Шу тариқа аста секин мусулмонларнинг сони кўпайиб бораверди. Аллоҳ таоло қалбига ҳидоят берган кишилар ҳеч иккиланмай исломни қабул қилар, ҳақни кўришдан ожиз бўлганлар эса ундан юз ўгирар эди. Бу йўлда исломни қабул қилган ҳар бир мусулмон турли қийинчилик ва синовларга дуч келди. Зеро, иймон исбот талаб этарди. Саъд ибн Абий Ваққос мусулмон бўлганидан хабар топган онаси Ҳамна бинту Абу Суфён деди: “Эй ўғлим Саъд, эшитдимки сен ота-боболаринг динидан воз кечибсан. Аллоҳга қасамки, Муҳаммаднинг динидан юз ўгириб, эски динингга қайтмагунингча қуёш қанча қиздирмасин соя жойга ўтмайман. Сув ҳам овқат ҳам менга ҳаромдир”. Орадан уч кун ўтди. Вазият жиддийлашгач Саъд ибн Абий Ваққос Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, бўлиб ўтган воқеани баён қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло Анканбут сурасидаги қуйидаги оятларни нозил қилди. “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Агар улар сен билмаган нарсаларни Менга шерик қилишингга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этмагин! (Барчангиз) Менга қайтурсиз, бас, Мен сизларга қилиб ўтган амалларингиз хабарини берурман!” (Анкабут 8). 

Албатта ота-она мўмин бўлсалар ҳам, кофир бўлсалар ҳам уларга яхшилик қилишга Аллоҳ буюрмоқда. Аммо дин масалаларида, иймон масалаларида бу қоида амалдан тўхтайди. Зеро, Холиққа маъсият бўлган ишларда махлуққа итоат қилинмайди. Ота-она қанча мажбурласа ҳам иймондан воз кечилмайди. Бу ояти карима Саъд ибн Абий Ваққоснинг танлаган йўли нақадар тўғри эканини кўрсатди ва иймонда собит туришлари учун янада қувват бағишлади.

(3-қисм2-қисм1-қисм)

Манбалар асосида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Путиннинг ҳаракатларида ватанга хиёнат аломатлари бор» — Санкт-Петербург депутатлари амалдорларга қарши курашмоқда

127 16:35 27.01.2023

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди муносабат билдирди

478 15:58 27.01.2023

Human.uz раҳбар ва ижодий гуруҳини «орган ходимлари» олиб кетди

559 15:35 27.01.2023

Эрондаги Озарбайжон элчихонасига ҳужум уюштирилди

247 15:05 27.01.2023

Эрон хакерлари сиёсатчилар ва журналистларга тобора кўпроқ ҳужум қилмоқда

180 14:20 27.01.2023

Германияда Россия фойдасига жосусликда гумон қилинган шахс ҳибсга олинди

233 13:50 27.01.2023
« Орқага