Учинчи омил: фойдали илм

07:00 28.08.2019 169

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам илмни зикр қилганларида унга “фойдали” деган сўзни қўшиб айтганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Инсон вафот этгандан сўнг амали тўхтайди, фақат уч нарсадан савоб боради: омма доимий фойдаланадиган садақа, улар фойдаланаётган илм, дуо қилиб юрувчи солиҳ фарзанд” (Муслим ривояти).

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дер эдилар: “Эй Аллоҳ, Сендан бефойда илмдан, қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган нафсдан, ижобат бўлмайдиган дуодан паноҳ сўрайман” (Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фойдали илмга қизиқтириб: “Аллоҳдан фойдали илм сўранглар”, – дердилар (Ибн Можа, Абу Яъло, Ибн Абу Шайба ривояти).

Уламолар илмни уч қисмга бўлган:

1. Фойдали илм: инсонга ва башариятга дини ва дунёсида фойда келтиради.

2. Зарарли илм: инсоннинг дини ва дунёсига зарар беради.

3. Яна бир илмки, бир қарашда фойдали ҳам эмас, зарарли ҳам эмасга ўхшайди. Синчиклаб ўрганилса, умрни зое қилгани учун зарарли ҳисобланади.

Саҳобаи киромлар “фойдали илм” тушунчасини яхши англаганлар. Фойдали илмни қандай ҳосил қилишни жуда яхши билганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Дажжол  ҳақида кўп гапирганлар. Саҳобалар унинг тафсилоти ҳақида сўрашмаган. Пайғамбар алайҳиссалом у ерда қанча бўлиши ҳақида: “Қирқ кун бўлади, бир кун бир йилдек, бир кун бир ойдек, бир кун бир ҳафтадек, қолган кунлар сизларнинг кунларингиздек”, деганларида, саҳобалар “Эй, Аллоҳнинг расули, бир кун бир йилдек бўлса, бир кунлик намоз кифоя қиладими?”, деб сўрадилар, “Йўқ, бир йилликни вақтича намоз ўқийсизлар”, дегандилар” (Муслим ривояти).

Саҳобалар фойдали нарсаларни амал қилиш учун сўраганлар. Пайғамбар алайҳиссалом  саҳобаларга фойдали илм ҳосил қилишнинг тўғри услубини сингдирганлар. Бир аъробий пайғамбардан “Қиёмат қачон?” деб сўраганда, “Қиёмат учун нима тайёрладинг?” деб жавоб бердилар (Бухорий, Муслим ривояти).

Демак, керакли нарсани билиб, унга амал қилиш яхши экан. Мана шу “фойдали илм” дейилади.

Мусо ибн Шокир оиласи билан фойдали илмга мухаббат қўйган эди. Бу оила биринчилардан бўлиб жамоавий илмий иш бошлаган. Оила ҳижрий учинчи асрларда яшаб, математика, астрономия каби фанларда инсониятга катта хизмат қилди.

Мусо ибн  Шокир оиласи “Хиял” номли китоб ёзиб унда янги деҳқончилик асбоб-ускуналари, чорвачилик бўйича тавсиялар беради. Шунингдек, паррандачилик, суғоришда сувни тежайдиган усуллар ҳақида фикр билдирилади.

Оиланинг ихтироларидан яна бири шамолда ҳам ўчмайдиган чироқдир. Яна ҳар хил шаклда сув фаввораларини ҳам кашф қилишган. Умуман “Хиял” китобида юзта механикага оид ихтиро хусусида шарҳи берилган.

Аҳмад Фуад Пошшо айтади: “Мусо ибн Шокир оиласининг илмий ишлари техника ривожига катта ҳисса қўшди. Бу илмий ишлар нозик тавсифга эга” (Аҳмад Фуад Пошшо. “Ат-Туросул илмий исломий”).

Қадимда греклар кўп илмий назариялар ҳақида баҳс қилишган. Бироқ уларни амалга татбиқ қилишнинг иложи бўлмагани боис инсоният наф кўрмади.

Фойда бермаган илм – вақтни зое қилади. Масалан, Нуҳ алайҳиссаломнинг кемасининг узунлиги, Одам алайҳиссалом еган мева дарахти қанақа экани, Қобил Ҳобилни дафн қилгунча қанча вақт кўтариб юргани ҳақидаги баҳслар умматга фойда бермайди. Агар ушбу нарсаларни билишда бирор фойда бўлганда, Аллоҳ Таоло бунинг хабарини берарди.

Зарарли илмдан бири юнон файласуфларининг Аллоҳ Таоло зоти ҳақида айтган гапларини таржима қилиш, уларни ўрганишдир. Натижада пайғамбар, саҳобалар, тобеъинлар айтмаган ақидага оид гап-сўзлар урчиди. Бу таржималар баъзи сўфий адабиётларда ўз аксини топди. Ўша у китобларни тушуниш қийин бўлиб, умматга зарар келтирди, холос.

Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ фалсафачи сўфийлар ҳақида айтади: “Аллоҳга қасамки, битта сура билиб, беш вақт намозини ўқиб юрган чўпон анави файласуф маърифатчилардан минг марта яхшироқдир. Бу файласуф сўфийлар минг китоб ўқиб, минг зикр қилса ҳам олим бўлмайди” (Заҳабий. “Лисанул мезон”).

Санъат ва рақс ҳам зарарли илмдир. Во дариғки, мусулмон ҳукуматлар рақс ва санъат мактаблари очиб, уларга бюджетдан пул ажратади, уни ривожлантириш учун мукофотлар таъсис этади. Ваҳоланки, артистлик ва раққослик динимизда харом қилинган.

Юлдузпарастлик, сеҳргарлик хусусида ҳам гап шу.

"Ислом ва олам" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!