Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Иймон

Ўғирлаб кетилган журналист аёл қандай иймонга келди?

2908

Эътиборингизга "Аш-Шабаб" гуруҳи томонидан ўғирлаб кетилиб, 18 ой тутқунликда ушлаб турилгач, исломни қабул қилган Аиша Силвианинг италиялик журналистга берган интерьвюсини ҳавола этамиз. Мақола, айниқса, Аишанинг ўзига энг ёққан суралар ҳақидаги жавоби менда жудаям қаттиқ таъсир қилди. Аллоҳ синглимизни исломда собитқадам қилсин!

"Мен Аиша Силвиа Романо билан Милан шаҳридаги Виа Падова ҳудудида кўришдим. Мен у томон борар эканман, уни мисрлик бир хоним тўхтатиб ва сўроққа тутди: “Сиз Силвиамисиз?”

Мен аралашмасликни маъқул кўрдим. Улар нима ҳақида суҳбатлашаётганини эшитмасдим, лекин иккисининг ҳам кўзларидан ёш оқар эди. Аиша Силвиа у билан табассум қилганча хайрлашди. 

Шундан сўнг иккимизнинг суҳбатимиз бошланди:

- Жўнаб кетишдан ва ўғирланишдан олдин сизнинг динга бўлган муносабатингиз қандай эди?

- Ўғирланишимдан олдин мен Худо ҳақида ўйламасдим, даҳрий эдим, десам ҳам бўлади. Дунёда содир бўлаётган сон-саноқсиз фожиаларни кўриб, баъзида онамга айтардим: “Худо бор бўлганида, бу ёвузликлар бўлмас эди. Менимча, худо йўқ. Акс ҳолда, шунча қайғу, шунча ғам бўлмас эди.” Бироқ бу нарсалар ҳақида камдан-кам ўйлар эдим. Кўпинча бу мавзуга бефарқ бўлганман. Орзу-ҳавасларим кетидан қувиб ўз ҳаётимни яшар эдим.

- Ўша пайтлардаги ахлоқий қарашларингиз қандай эди?

- Нима тўғри-ю нима нотўғри эканини белгилаб берувчи ягона ўлчов ўзимни қанчалик хурсанд ҳис қилишим эди. Ҳозир англаб етдимки, буларнинг бари сароб экан.

- Сизда ҳар доим кучсизларга ёрдам бериш, адолатсизликка қарши курашишга нисбатан ички туртки бўлганми ёки фақат уларга ачиниш ҳиссими – Италияни тарк этишингизга нима сабаб бўлган?

- Коллеждаги ўқишимнинг охирги йилигача чет элга кўнгилли бўлиб боришга қизиқишим бўлмаган. Диссертация мавзуим бўлган “Жинсий савдо” мендаги ижтимоий адолатсизликка бўлган қизиқишни орттирди.

- Аввалгидан кўпроқ раҳмдил бўлиб қолдингизми?

- Мен ҳар доим раҳмдил бўлганман, болалар, аёллар ва, айниқса, хорланган аёллар мени ташвишга солган. Уларга ҳар доим раҳмим келган, лекин фақатгина бакалавр босқичининг сўнгига келиб амалий иш қилишга қарор қилдим. Бу ерда қолиб ўқишимни давом эттириш менга тўғри келмас эди, тажриба орттиришни, бошқаларга ёрдам беришни, шахс сифатида шаклланишни истардим.

- Сиз кўп миллатли маҳаллада улғайдингиз. Ушбу вазиятда оилангизнинг ижтимоий аҳволи қандай бўлган?

- Мен Виа Падова ва Парко Троттер ҳудудларида катта бўлдим ва мактабга бордим. Ота-онам ҳамиша очиқ фикрловчи, ўзгаришларни қабул қилувчи инсонлар бўлишган, улар ҳеч қачон ҳеч кимни камситишмаган. Менинг дўстларим турли ижтимоий келиб чиқишга мансуб бўлишган. Ота-онам менга ҳар-ҳилликни ҳурмат қилишни ўргатишган. Онам билан бирга жуда кўп саёҳатга чиқар эдик. Ҳар ёзда турли давлатларга саёҳатга борар эдик: Морокко, Доминик Республикаси, Миср, Кейп Верде, ва шу каби бир қанча жойлар.

- Улғайиш жараёнида сизда мусулмонлар билан алоқада бўлганмисиз?

- Ҳа, лекин афсуски, Ислом ҳақида ҳеч нарсани билмайдиганлар қандай фикрда бўлса, менда ҳам шундан ортиқча эмас эди. Мен Виа Падовада бирорта ҳижобли аёлни кўрсам, уни эзилган, жабрланган деб ўйлардим. Мен учун ҳижоб аёл кишини эзиш воситаси бўлиб туюлар эди.

- Силвиа Романо исломафоблардан бири бўлган дейиш мумкинми?

- “Менда нотўғри тушунчалар бўлган, лекин мендан фарқ қиладиганлардан қўрқадиган ёки улардан нафратланадиган эмасдим. Бирор нарса ҳақида салбий фикрда бўлсам ҳам, туйғуларимни изҳор қилмас, одамларнинг кўнглини оғритгим келмас эди. Аввалги тушунчаларим менга Ислом ҳақида ҳеч нарсани билмай туриб, у ҳақида фикрларини очиқ баён қиладиганларни тушунишимга ёрдам беради. Ҳозир шуни айта оламанки, ўша пайтлари мен эътиборсиз бўлганман, Исломга эътибор бермаганман ва унга нотўғри баҳо берганман. Эътиқоди сиздан фарқ қиладиганлар билан ёнма-ён яшаб, улар ҳақида фикрларингиз шаклланиши мумкин, лекин одатда уларга яқин бўлсангиз ҳам, бориб эътиқоди ҳақида саволлар сўрай олмайсиз.

- Сиз кўнгилли бўлиб ишлаган Кенядаги Чакама ҳудудида мусулмонлар ҳам бор эдими?

- Ҳа, у ерда масжид ҳам, мусулмонлар ҳам бор эди. Яқин бир дўстим мусулмон эди, лекин бу мени динга яқинлашишга ундай олмади. Жума кунлари у узун либос кияр ва бошқа мусулмонлар билан масжидга борар эди. Ёш қизларнинг ҳам ҳижоб кийиб олишларини кўрар эдим, лекин буларнинг ҳеч бирига жиддий қизиқишим бўлмаганди.

- Худога яқинликни қачон ҳис қила бошладингиз? Бирор ботиний чақириқни ҳис этганмисиз? Онгингизда, қалбингизда саволлар пайдо қилган ўй-фикрлар бўлганми?

- Мени ўғирлаб кетишган маҳал, хаёлимга шундай ўйлар келган эди: "Мен бу ерга кўнгилли бўлиб келган эдим, одамларга яхшилик қилаётган эдим, нимага мен билан бундай воқеа содир бўляпти? Нимани нотўғри қилдим? Айнан мени олиб кетишлари тасодифмикан? Нега бошқа қиз эмас, айнан мен? Кимдир шунга қарор қилганми?" Ўйлайманки, мени айнан шу саволлар мени Яратганга яқинлаштирган. Бу тасодифми ёки тақдирми, қанчалик кўп ўйласам, шунча кўп азобланар эдим. Менда жавоблар йўқ эди, лекин уларни топишим керак эди.

- Бу саволлар ўзингизни яхшироқ ҳис қилишга ундармиди?

- Йўқ, қанча кўп ўйлаганим сари шунча қийланар, йиғлар эдим, тобим қочар эди. Жавоб топа олмаганимдан жаҳлим чиқар эди, асабийлашар эдим. Ахир жавоби бўлиши керак ва мен уни топишим лозим эди. Мен ҳали таний олмаган қудратли нимадир бор эди. Кимдир томонидан тузилган буюк режа борлигини тушуна бошлаган эдим.
Кейинги босқич эса ана шу руҳий сафар ортидан қамоқда эканимда бошланди. У ерда ўйлай бошладим: Балки, худо мени жазолаётгандир. У мени гуноҳларим учун, Унга иймон келтирмаганим учун, Ундан жуда узоқда бўлганим учун жазолаяпти.
Кейинроқ, январ ойида мен ўзим учун яна бир кашфиёт қилдим. Мен Сомалиядаги қамоқхонада эдим; тун эди, мен ухлаётган эдим, ўшанда биринчи марта ҳаводан дрон ҳужумини эшитдим. Мен бутунлай шок ҳолатида эдим. Ўлимим яқинлашаётганини сездим. Худога илтижо қилишни бошладим, ундан оиламни яна бир бор кўришим учун мени қутқаришини сўрардим. Менга яна бир бор имкон беришини сўрардим, мен ўлимдан қўрқар эдим. Ўшанда биринчи бор мен Унга юзландим.

- Сизга ёмонлик қилишмаган бўлса ҳам, одам ўғрилари маҳбусликда ушлаб туришлари адолатдан эмас. Уларнинг иши қонунга зид. Қайсидир одам уларнинг эътиқодига эргашиб кетишини тушуниш қийин.

- Мен Қуръонни ўқидим ва унда қарама-қаршиликларни тополмадим; дарҳол тушундимки, у сизни буюк яхшилик томон етаклайди. Қуръон билан "Ал-Шабоб"нинг сўзлари бир нарса эмас. Мен Қуръоннинг мўъжиза эканини ҳис этдим. Руҳий изланишларим давом этди ва мен худонинг борлигини чуқур англаб ета бошладим. Баъзи пайтлар мен ўйлардимки, бу тажриба орқали худо менга ҳаёт йўлини кўрсатаётган эди. Мен хоҳласам бу йўлдан бораман, хоҳламасам йўқ.

- Бу ҳолатда ўзингизга қарши бориш учун сизда куч етарли эдими?

- Мен умидсиз ҳолатда эдим. Араб тилини ўрганишни бошлаган бўлсам ҳам, келажагим ҳақида қатъий тушунчам йўқ эди. Бироқ вақт ўтиши билан менга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи ёрдам бера олиши мумкинлигини ва қандай ёрдам қилишини Ўзи кўрсатаётганини ҳис қилдим.

- Сизнинг Қуръон билан муносабатингиз қандай эди?

- Биринчи марта Қуръонни икки ойда ўқиб чиқдим, иккинчи марта эса шошмасдан, нимани ўқиётганимни чуқур англаб ўқишга ҳаракат қилдим. Ҳар куни уни ўқишга кучлироқ зарурат ҳис қилар эдим ва бу нарса Исломни қабул қилишимгача давом этди. Кўп оятлар юрак-юрагимгача етиб борар эди. Гўёки, Аллоҳ тўғридан-тўғри менга гапираётгандек эди. Мен Инжилдан ҳам оятлар ўқир эдим ҳамда христианлик ва Ислом динларининг умумий жиҳатларини ўрганар эдим. Охир-оқибат, Қуръон муқаддас калом, аниқ тамойилларга асосланган, Аллоҳга олиб борувчи йўл эканини тушуниб етдим.

- Қуръонда Сиз бошқаларидан кўпроқ ёқтирадиган суралар борми?

- Мусулмон бўлишимдан илгари, Анфол сурасининг 70-оятини ёд олгандим:

 “Эй Набий, қўлингиздаги асирларга: “Агар қалбларингизда яхшилик бўлса, Аллоҳ билур ва сизга ўзингиздан олинган нарсадан кўра яхшироқ нарсани берур ва сизни мағфират қилур. Аллоҳ мағфират қилгувчи ва раҳимли Зотдир”, деб айт!”

Шунингдек, мен Қуръоннинг биринчи сураси ~ Фотиҳани ҳам ёдлаган ва ўз билганимча ибодат қилишни бошлаган эдим.

Менга жуда қаттиқ таъсир қилган яна бир оят: “Аллоҳга қандай куфр келтирасизлар? Ва ҳолбуки, жонсиз эдингиз, У сизга жон берди, сўнгра жонингизни оладир ва яна тирилтирадир ва сизлар Унга қайтажаксизлар” (Бақара, 28-оят).
Ва яна “Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам ёрдам берар эди?! Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар!” (Оли Имрон, 160-оят). Бу оятлар тўғридан-тўғри менга мурожаат қилаётгандек эди.

- Мусулмон бўлиб, ибодат қилишни бошлаганингиздан сўнг, тақдирингизга нисбатан қандай муносабатда эдингиз? Ҳаммаси яхши бўлишига ишонармидингиз? Ҳамма нарсани қабул қилишга тайёр эдингизми?

- Инсоннинг эътиқод турли босқичлардан ўтади. Менинг эътиқодим ҳам вақт мобайнида ўсиб-унди. Мусулмон бўлгач, тақдиримга қалб хотиржамлиги билан қарайдиган бўлдим. Аллоҳ мени севишига ва мен учун нима яхши эканини билишига ишончим комил эди.
Оилам ва келажагим ҳақида қайғуриб, қўрққан пайтларим, ибодатдан куч олардим. Эътиқодим кучайгани сари, Аллоҳдан ўзимга куч ва сабр сўрар эдим.

- Ҳозир сиз учун бутунлай бошқа ҳаёт тарзига эга инсонга айланганингиз, ҳаётингизни буткул ўзгартириб юборган танловингиз ҳақида қандай фикрдасиз?

- Исломни қабул қилишимдан олдинроқ унинг ягона тўғри йўл эканини тушунган эдим. Мен аллақачон исломни қабул қилишга тайёр эдим, лекин одамлар нима дер экан деб қўрқар эдим. Мен тез-тез Аллоҳдан иймонимни кучайтиришини ва олдимда турган синовларга мени тайёр тайёрлаб қўйишини, одамлар томонидан бўладиган камситишларга нисбатан сабрли бўлишимга муваффақ қилишини сўрардим.

- Ҳозир бошингиздан келаётган камситиш ва адоватлар бўлишини олдиндан билганмидингиз?

- Ҳа, албатта. Мен бу нарсани Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ва унинг саҳобалари ҳаётини ўрганиб, билиб олганман ва бунга тайёргарлик қила бошлаганман. Билганманки, мусулмонлар ҳар доим таъқиб қилинганлар.”

- Нима деб ўйлайсиз, нега шундай?

- Чунки Ислом – адолатсизликка, пул кучи билан кун кўриладиган, коррупция ва ёлғонга асосланган тизимга қарши чиқади. Бундай адолатсиз тизим учун Ислом ҳақиқий хавфдир.

- Атрофингиздагилар сизнинг Исломни қабул қилишингизни салбий қабул қилишди, чунки уларнинг фикрича сиз хоҳлаган жойингизга бориш, хоҳлаган ишингизни қилиш, хоҳлаган кийимингизни кийишни кабилардан воз кечиб, “озодлигингизни олиб қўядиган, сизни эркак кишига тобеъ қилиб қўядиган” динни танладингиз. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Мустақиллик тушунчаси нисбийдир. Кўпчиликнинг фикрича, аёл киши учун мустақил бўлиш - танасини кўрсатиб юра олиши, ўзи хоҳлаган кийимларни кийиши. Бироқ аслида ўша аёллар ўзи хоҳлаган кийимни эмас, одамлар унинг кийишини хоҳлаган кийимни кияди. Илгари мен мустақилман деб ўйлардим, лекин мен ҳар доим одамлар нима дер экан деб яшардим. Агар мустақиллик танангизни кашф этишлари бўлса, бундай жамиятда нимадир жуда қаттиқ дарз кетган. Мен учун ҳижоб – мустақиллик тимсоли. Ич-ичимдан сезаман, Аллоҳ менга ғуруримни ва номусимни кўтариш учун уни кийишни буюрди, мен биламан, танамни беркитсам, одамлар биринчи бўлиб танамга эмас, қалбимга назар солишади. Мустақиллик мен учун шаҳват обектига айланиб қолишдан сақланишдир.

- Айни дамда камроқ кўчага чиқадиган, камроқ ишлаб ва камроқ одамлар билан кўришадиган бўлиб қолганмисиз?

- Ташқарига чиқсам, одамлар менга тикилиб қараётганини сезаман. Мени таниганлариданми ёки ҳижобим сабаблими, билмайман. Менимча улар мени италиялик бўлиб туриб шундай кийинишимдан ҳайратда қолишади. Аммо бу мени кўп ҳам ташвишга солмайди. Мен ўзимни мустақил ва Аллоҳ томондан ҳимояланган ҳис этаман.

- Исмингизни қандай танлагансиз?

- Бир куни тушимда Италияда эканман, метрога тушиб кетаётган эмишман, метро картамдаги исмим Аиша экан...

- Сиз айни пайтда, исломни қабул қилгандан кейинги Силвиани олдингисидан яхшироқ инсон деб ўйлайсизми?

- Мен энди анча сабрлироқман, ота-онамга ҳурматим анча кучли, илгари ҳар доим ҳам бундай бўлмаган, сахийроқман ва анча раҳмлиман. Кимдир мени алдаб кетса ҳам, камситса ҳам, уларга нисбатан нафрат ёки ғазабни ҳис қилмайман. Мен ҳам уларга камситиш билан жавоб бермайман, балки уларни тушунишга ҳаракат қиламан. У ўзи руҳан қийналган бўлганидан шундай қиляпти деб ўйлайман. Агар қўлимдан келса, унга ёрдам беришим керак деб ҳисоблайман.

- Италия мусулмон жамиятидан нималарни кутган эдингиз?

- Мусулмонлар билан танишишни жуда кутганман, лекин бу қийин бўлади деб ўйлагандим. Режам бўйича, Виа Падовадаги бирорта дўконга ёки исломий қассобхонага кираман ва “Ассаламу алайкум”дейман. Одамлар мени таниб олишади деб кутмаган эдим. Мен Рамазонни ёлғиз ўтказсам керак деб ўйлагандим. Аксинча, кўплаб совғалар олдим, сон-саноқсиз хатлар қабул қилдим ва бутун Италиядаги мусулмонлар мени қўллаб қувватловчи Ла Луcе видеосини эълон қилдилар. Мен лол қолдим ва жуда мамнун бўлдим.

- Сизни бу жамиятдаги энг таажжублантирган нарса нима?

- Дастлаб мен италиялик мусулмонлар бунчалик кўп деб ўйламаган эдим. Асосан, мисрлик, морокколик, африкалик мусулмонларни учратаман деб ўйлагандим, аксинча, биринчи бўлиб италиялик мусулмонлар билан кўришдим ва бу мен учун жуда катта сюрприз бўлди. Мен мусулмонлар ўртасидаги бирдамликни нафақат Миланда, балки ҳамма жойда ҳис қилдим. Мусулмон жамияти мен учун худди иккинчи оиламдек бўлиб қолди...

Таржимон Муроджон Абдуллоҳ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Президент журналистларга мурожаат қилди!

1737 19:29 17.07.2020

Месси, мухбирнинг саволи ва... улуғларимиз

5535 10:25 28.06.2020

Муфтий Усмонхон Алимов: “Журналист ва блогерларни энг асосий таянчим ва энг яқин ёрдамчим деб биламан”

1350 13:40 27.06.2020

Грузиялик журналистни Рамзан Қодиров ўлдирмоқчи бўлганмиди?

1856 07:00 18.06.2020

Путинни ҳақоратлаган грузиялик журналистни ким ўлдирмоқчи бўлди?

1257 19:30 16.06.2020
« Орқага