Ислом

«Ўғлим, сенга бир гапим бор!»

1027

Аллоҳга қасамки, сени шунинг учун тарбия қилдим. Исломга ва мусулмонларга хизмат қилишинг учун сени назр этдим. Сенга дин шариатига кўра таълим бердим.

Эй ўғлим! Турли шаҳарларда юриб Ислом ва мусулмонларга хизмат қилишинг натижасида  менга яқин бўлолмай қолишингдан ташвишга тушма!

Балки менинг сендан розилигим Ислом ва мусулмонларга тақдим қилган хизматинга кўра  бўлади.

Эй ўғлим! Эртага Аллоҳ таолонинг ҳузурида сендан нимага мени зиёрат қилмадинг, деб сўрамайман. Чунки сенинг нима иш билан машғул эканингни, қаерларда қандай йўлда юрганингни биламан.

Лекин, эй Аҳмад! Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганда агар Аллоҳнинг дини хизматида ва унга эргашган мусулмон биродарларинг хизматида сусткашлик қилган бўлсанг  сендан бунинг ҳисобини албатта сўрайман!

© Абдулҳалим ибн Абдуссалом Нумайрий Ҳарроний раҳимаҳуллоҳнинг ўз ўғли Абул Аббос ибн Таймия раҳимаҳуллоҳга ёзган мактубидан

Отанинг бу қадар юксак ҳимматидан илҳомланган фарзанд ўз умрини дини учун фидо қилди. Ҳаёти қийинчиликларда, очлик ва ғарибликда, маҳбуслик ва жангу жадалларда ўтса-да, отасининг руҳлантириши унинг руҳиятини доим тетик ушлаб тура олди.

Тақийюддин Абул Аббос Аҳмад ибн Абдулҳалим ибн Абдуссалом Нумайрий Ҳарроний раҳимаҳуллоҳнинг хизматлари ва фаолиятлари борасида мусулмон уламолар  шундай хулосаларни айтишган-ки, улардан айримларини қисқача қилиб келтираман:

 1. Араб тилида даҳо бўлган,  китобларида ишлатган жумлаларига таъриф берар экан, айримлар муболаға қилиб: “Араб тилини ижод этган шахс шу бўлса керак”, дейишган.

2. Ўз даврида Ислом давлатчилиги Салжуқийларнинг қўлида бўлгани учун турк тилини ўзлаштирган.

3. Аҳли каломлар билан мунозара қилиш учун юнон фалсафасининг тили бўлмиш  лотинчани мукаммал эгаллаган.

4. Аҳли Китоблар билан мунозарага киришиш учун, Тавротнинг асл қадимий нусхаларидан ўрганиш мақсадида иброний тилини ўзлаштириб, бу тилда ҳам мутахассис бўлган.

5. Етти ёшида Қуръон ҳофизи бўлган.

6. Ўн етти ёшида “Саҳиҳ Бухорий”, “Саҳиҳ Муслим”, “Сунан Абу Довуд”, “Сунан Термизий”, “Сунан Насаий”, “Сунан Ибн Можа”, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад”и,  Дору Қутнийнинг “Сунан”и ва Табаронийнинг “Мўъжамул Кабир”ини ёд олган. Таҳминан буларнинг барчаси олтмиш жилд атрофида бўлиб, уларда юз мингдан кўпроқ ҳадис мавжуд!

7. “Тафсир Ибн Касир” ва “Ал Бидоя ван Ниҳоя” каби Ислом тарихида ўта мўътабар ҳисобланган асарларнинг муаллифи Ибн Касирдек зотни тарбия қилиб, Ислом уммати учун тақдим этган.

8. “Жарҳ ва таъдил” илмида ўта кучли исмлардан бири, "Сияру Аълом Нубало”нинг соҳиби Имом Заҳабийдек зотни ҳам тарбия қилиб етиштирган.

9. Муҳаддисларнинг имомларидан Имом Миззийдек зотга ҳам таълим берган.

10. Ибн Қаййимдек зотни Ислом уммати учун тарбия қилиб етиштириб берган.

11. Шу билан бирга аёллардан ҳам бир неча муҳаддиса талабалар етиштирган.

12. Мўғулларга қарши жангларда қатнашган.

13. Салбчилар билан ҳам илм майдонида, ҳам жанг майдонларида мужодала қилган.

14. Ботинийларнинг захарли фикрларини белини синдириб ташлаган. Унинг ботинийларга раддия сифатида ёзган “Минҳожус сунна” асари қаршисида ҳанузгача рофизийлар бўй кўтара олишмайди. Ибн Таймияни танқид қиладиганлар ҳам шу асари учун руҳига раҳмат тилаб дуо қилишади.

14. Уч юз ўттиздан ошиқроқ турли мавзуларда китоблар тасниф қилган. Шогирди Имом Заҳабийнинг гувоҳлик беришича, турли мавзулардаги фатволарининг жамламаси уч юз жилдлик китоб бўлади!

15. Бу зот барча китобларини ёддан ёзган. Бирор масалада қайсидир манбага мурожаат қилиб ўтирмаган. Яъни унинг кутубхонаси ўзи билан бирга юрган!

16. Бу зотга қарши бўлган уламолар ҳам унинг қайсидир жиҳатини: ё зуҳду, тақвосини ёҳуд илму ижтиҳодини эътироф этган. Ҳатто Имом Субкий бу зотнинг китобларини ўқилмаслик керак, деган маънода китоб ёзган бўлсада, унинг қайсидир жиҳатларини  тан олган.

16. Олтмиш етти йиллик умри мобайнида етти марта зиндонга тушган ва жаъми олти йил атрофида зиндонда ётган. Вафоти ҳам зиндонда бўлган. Жанозаси Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг жанозаси каби издихомли бўлган. Беш юз мингдан ортиқ одам жанозада иштирок этган.

17. Ўн саккиз ёшида фатво бериш учун ижоза олган.

18. Йигирма бир ёшида “Шайхул Ислом” деб аталадиган бўлган. Ҳатто зиндонбанд қилинганидаги расмий қайдларда: “Шайхул Ислом Ибн Таймия фалон сананинг фалон кунида ҳибсга олинди”, дея қайд этилган.

20. Шу билан бирга хатолардан холий бўлмаган, бир неча масалаларда уммат ижмосига хилоф қилган...

Фарзанднинг бу қадар ҳиммат соҳиби бўлишида отанинг турткиси, руҳлантириши ва ортидан дуода бўлиши бизлар учун ёрқин ибратдир.

Аллоҳ таоло Ўз раҳмати билан ўтган уламоларимизни севинтирсин! Бизларга ҳам фарзанд тарбиясида шу оталар каби фидокорлик ато қилсин! Ўзи жаҳолат ботқоғида ботиб турган бўлсада уламоларга тош отишга уринаётган жоҳилларга Аллоҳнинг Ўзи инсоф берсин!

Аброр Мухтор Алий

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мусулмонлар қачон ривожланади?

458 11:00 12.11.2019

Фарзандини олим қилмоқчи бўлган оналар...

817 19:00 11.11.2019

Ҳазрати Умар ўғрининг қўлини кесмади...

1078 17:00 08.11.2019

«Тур ўрнингдан, янги ҳаёт бошлаймиз!»

535 08:00 07.11.2019

Ҳасаддан қандай қутулиш мумкин?

555 22:05 28.10.2019
« Орқага