Ўкинманг! Чунки сиз олқишга лойиқ ишлар қилиб қўйгансиз

10:05 08.08.2019 481

Қўллар сиз учун дуога очилади, сиз қилган ва қолдириб кетаётган яхшиликлар сабаб сизга мақтовлар ёғилади. Чиройли мақтов иккинчи умр, умрбоқий фарзанд, бунёдкор васият ва баракали, ёқимли меросдир.

Шеър:

Бамисли қуёшсан келса қаҳратон,
Ёзда бошимизга сенсан соябон.
Эҳсонинг молингни қилар зиёда,
Сен етмаган шараф йўқдир дунёда.

Тунлар жамолингдан оладирмиз нур,
Зикринг қулоқларда кўп такрорланур.
Қўрқсак, исминг айтиб қилармиз нидо,
Ҳожилар таҳлилдан қилар жон фидо.

Абу Бакрнинг (розияллоҳу анҳу) тоблари йўқ эди. Ҳузурларига келган кишилар: “Табиб чақиртирайликми?” деб сўрашди. У зот: “Табиб мени кўрди”, дедилар. Улар: “Хўш, табиб нима деди?” деб сўрашди. Шунда у зот жавоб бериб: “Табиб “Албатта мен хоҳлаган нарсамни қилурман” оятини тиловат қилиб, мени сабрга чақирди”, дедилар.
Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу): “Сабр имондандир. У худди инсон жасадидаги бош кабидир. Агар одамнинг боши кесилса, жисм ҳам қулайди”, дедилар, сўнгра овозларини баландлатиб қўшиб қўйдилар: “Сабри йўқ одамнинг имони йўқдир. Сабр инсон учун қоқилиб йиқилмайдиган, қулай пойафзал кабидир”, дедилар.
Ҳасан (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Сабр яхшилик хазиналарининг биридир. Аллоҳ таоло уни фақат Ўзи яхши кўрган бандаларигагина беради”.
Умар ибн Абдулазиз (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Агар Аллоҳ таоло бандасига бир неъмат ато қилса, сўнг уни олиб ўрнига сабр неъматини берса, мана шу неъмат олдингисидан яхшироқдир”.
Сулаймон ибн Қосим айтади: “Барча амалларнинг мукофоти маълум. Сабрнинг мукофоти эса беҳисобдир”.

…Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур” (Зумар сураси 10-оят).

"Ўкинма" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!