Ўкинманг! Яхши кунларни кутиб яшанг!

00:00 09.06.2019 685

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фараҳмандликни кутиш ибодатларнинг афзалидир”, дедилар. (Имом Термизий ривояти). “... Уларга ваъда қилинган вақт бомдод вақтидир. Субҳ яқин эмасми?!” (Тавба сураси 81-оят)

Серташвиш ва ғамгин одамлар учун ҳам тонг отади, бас, тонгни кутинг, кенгликларни очувчи бўлган Зотнинг очиб юборишига интизор бўлинг.

Арабларда бир гап бор: “Арқон таранглашса, узилади”. Ушбу мақол вазиятлар мураккаблашса, унинг ечимини кутишга чорлайди, деганидир.

...Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилади” (Талоқ сураси 2-оят).

...Ким Аллоҳдан қўрқса, (Аллоҳ) унинг ишини осон қилади” (Талоқ сураси 4-оят).

 Шеър:

Балолар келади кетувчи бўлиб,
Қайтиб келмайди ҳеч асло йўқолиб.

 Шеър:

Қанча кенгликлар бор ҳаётимизда
Умидсизлик доим эргашиб юрган.
Яна шодликларга тўла умримиз
Афсусларни ортда қолдириб кетган.

“...Ким Аллоҳдан қўрқса, унинг ёмонлик (гуноҳ)ларини ўчиради ва унинг мукофотини буюк қилади”(Талоқ сураси 5-оят).

Ҳадиси қудсийда бундай келади: “Албатта, Мен бандамнинг гумонидадирман, бас, бандам Менга хоҳлаган гумонини қилсин”.

Ҳар қачон (ўша) пайғамбарлар умидсизланиб: “Бизлар ёлғончи бўлдик”, деб гумон қила бошлаганларида, уларга Бизнинг нусратимиз (ёрдамимиз) келиб, Биз хоҳлаган кишиларга нажот берилар эди. (Аммо) жиноятчилар қавмидан Бизнинг азобимиз қайтарилмас!” (Юсуф сураси 110-оят);

Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси 5 – 6-оятлар).

Тафсир уламоларидан айримлари: “Бир қийинчилик икки енгилликдан ғолиб бўла олмайди”,  дейишган.

…Эҳтимол, Аллоҳ бу (талоқ)дан кейин бирор ишни пайдо қилар” (Талоқ сураси 1-оят).

…Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир” (Бақара сураси 214-оят).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Бил, нусрат сабр билан, фараҳмандлик танглик билан биргадир”.

Шеър:

Ҳеч қандай бир ишдан сиқилма сира,
Кенглигини кутгин сиқилсанг агар.
Ишларнинг яхшиси ва энг яқини
Яқинидир фараҳмандликка қадар.

Шеър:

Ибн Анбас ўлди. Юрагим зада
Қийнар булоқдаги ўша тубсизлик.
Ошиқми ё ҳосид, хурсанд ё хафа
Ёмонлик ортида мудом яхшилик.

Шеър:

Бир иш бўлар, балки бўлмас эҳтимол,
Шу иш деб ким беғам, ким эса беҳол.
 Ўтган ўтиб кетди, келарига ҳам
Ўзи тақдир битиб қўйган Зулжалол.

Шеър:

Тақдир ҳақида ҳеч қайғурма сира
У ўз маромида – тизгинидадир.
Аллоҳ бир ҳолатдан иккинчисига
Кўз очиб юмгунча ўзгартирадир.

***

Ўкинманг! Бисотингиздаги бойлик, осмонўпар бинолар, гулзор боғларингиз бўлатуриб ғамга ботсангиз, улар сизга туганмас бахтни ваъда қилмайди. Аксинча, надомат ва ғам-андуҳингизни зиёда қилса қилади, асло камайтирмайди.

Ўкинманг! Ўкинаверсангиз, табобат гиёҳи, дорихона дорилари, табиб кўрсатмаси сизга фойда бермайди. Чунки сиз қайғуни қалбингиз тўрига жойладингиз, уни кўзларингизга муҳрладингиз, қалбингизга ёйдингиз, жисмингизни у билан ўраб олдингиз.

Ўкинманг! Сизда дуо қилиш имкони бор. Танангизни Раббингизнинг раҳмат ва марҳамат остонасига ташлашга қодирсиз.  Молик ва Қодир Зот эшиги олдида маскан тутиш имкониятига эгасиз. Ихтиёрингизда дуолар мустажоб бўладиган вақт – кечанинг охирги учдан бир қисми бор. Бисотингизда пешонангизни саждага қўйиш соатлари бор.

Ўкинманг! Чунки Аллоҳ таоло сиз учун ерни ва  ундаги бор нарсаларни яратди. Сиз учун гўзал боғларни ўстирди. У боғларда ва мевалардан ҳар турли гўзал жуфтларни, тизилган мевали новдалари бўлган баланд хурмоларни ундириб-ўстирди. Ялтироқ юлдузларни, анҳору булоқларни сиз учун яратиб қўйди-ку. Шунча неъматлар узра бўла туриб, нега ғамгин бўласиз?!

Ўкинманг! Чунки сиз зилол сувлар, мусаффо ҳаволардан баҳра оляпсиз. Оёқларингиз саломат, осойишта тунларда тинч, оромдасиз.

 

"Ўкинма" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!