Илм

Уламо эътирофи: Шайх ҳазратларининг қадрларига етмабмиз...

2366

Рамазоннинг ўн куни ўтар-ўтмас андижонлик устозим Аҳмаджон домла Боғишамолий ҳафизаҳуллоҳ телефон қилиб қолдилар. У зот Андижоннинг таниқли ва машҳур, парҳезгор ва тақводор уламоларидан ҳисобланадилар. "Телевизорда Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг маърузаларини ҳар куни ифторлик пайти кўраяпсанми?", деб сўрадилар. Табиийки, мен "Ҳа!" деб жавоб бердим. Шунда устозим: "Кўрмаётган бўлсанг, кўриб бор. Мен кўриб бораяпман. У ҳақиқиқатдан ҳам шайх, олим, илми денгиз, билими чуқур уламо бўлган экан. Афсуски, биз у кишининг тириклигида қадрига етмаган эканмиз. Уни билмадик, уни қадрлай олмай қолдик, билмай қолдик. Илм деган ҳам бунчалик кўп бўлар эканми?!  У кишининг тўхталиб қолмасдан оятлардан, ҳадислардан далил келтираётганига, тарихий воқеаларни тартиб билан, чалкашмасдан гапираётганига эътибор бер", дедилар. 

Мен бу ерда устозимнинг гапларига ҳеч нарса қўшмасдан, бўрттирмасдан, камайтирмасдан ёзаяпман. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам, устозимиз, халқ устози, миллат шайхул исломи Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи давримизнинг улуғ ва катта уламоларидан эди. Унинг халқимиз ва динимиз йўлида қилиб кетган улуғ ишлари барча буюк инсонлар сингари тўхтамасдан ҳалигача давом этиб келаяпти. ИншаАллоҳ, у зотнинг илм-ирфонлари қиёматгача боқийдир.

Афсуски, у зотни менинг бу устозим айтганидек ўз даврининг айрим кимсалари билолмай қолди, қадрига ета олмай қолди, ҳатто бугунги кунгача уни сўкадиганлар, у зот ҳақида бўлмағур гаплар билан тилга оладиганлар топилиб турибди. Айрим кишилар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ билан бирга чин дилдан гаплашиб кўрмасдан, у зот билан бирга бўлмасдан, суҳбатларида узоқ муддат қатнашмасдан, тушунмовчиликларни бирга ўтириб, чин дилдан муҳокама қилиб олмасдан, камчиликларни бирга бартараф этиш йўлида ҳамкорлик қилмасдан орқаваротдан гап-сўз тарқатиб юрганлари ҳам топилган эди. Ҳақиқат эса ҳеч қачон синмайди, йўқ бўлмайди. Тиллани қанчалик чуқур кўмманг, ўзининг ялтираши билан зоҳир бўлиб чиқиб келаверади ва ҳеч қачон қадри йўқолмайди. Аллоҳнинг барҳақ уламолари эса Аллоҳнинг дини йўлида вафотларидан кейин ҳам хизмат қилаверадилар. "Динга хизмат қилиш" дегани мана бундоқ бўлибди! Аллоҳга шукрлар бўлсинки, биз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳга шогирд бўла олдик, унга муҳаббат қила олдик, у зотнинг эътироф ва олқишларига эга бўлиб қолдик. Сиз ҳам унинг даврида яшаганингизга, у зотнинг маъруза ва насиҳатларини эшитганингизга ва ҳалиям эшитаётганингизга шукр қилсангиз, арзийди. Дунёдан ўтиб кетган устозиларимизни Аллоҳ раҳмат қилсин, ҳаёт кечираётган устозларимизни Аллоҳ ўз ҳифзу ҳимоятида асрасин!

Ҳамидуллоҳ Беруний

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Бахтиёр оила» китоби

885 16:33 01.07.2020

Ўтганларнинг қазоси учун фидя бериладими?

937 23:00 21.05.2020

Яна рўза борми? (2-қисм)

1786 02:16 19.05.2020

Шайх ҳазратларининг китоблари асосида савол-жавоб дастури тузилди

1099 15:30 18.05.2020

Яна рўза борми? (давоми)

4306 07:30 12.05.2020
« Орқага