Ислом

Уламолар бир бирини танқид қилган, аммо...

871

Саҳобалар даврларидан бугунги кунимизгача уламолар ва авлиё зотларнинг баъзилари ораларида оғир сўзлар, бир-бирларини қаттиқ танқид қилишлар бўлиб турган. Бу баъзида очиқ душманликка етиб борган ҳоллари ҳам бўлган.

Исломий китобларни, айниқса, тарих ва тарожим (биография) китобларни энди ўқий бошлаган янги толиби илм бўлсангиз, бу нарсадан қаттиқ ҳайратга тушишингиз ва ҳатто қалбингиз оғриши табиий.

Бундай қаттиқ мунозаралар, низолару урушларнинг ўзига яраша сабаблари бўлган ва агар диққат билан ўрганиб чиқсангиз, бу сабабларни англаб, иккала тарафниям тушуна бошлайсиз, уларга узр қидирасиз.

Бироқ мана шу низоларга ўша даврдаги жоҳилларнинг ва ундан кейин ўтган нодонларнинг тушунмасдан аралашишлари ислом тарихидаги энг катта мусибатларга олиб келган.

Одатда иш бундай бўлади. Бу каби жоҳиллар бир томонни таниб, уни яхши кўриб юришади. Қачонки, улар яхши кўрган шайх бошқа фикда бўлган олимни қаттиқроқ танқид қилса, ўша олимга қўлларидан келганча озор беришга ҳаракат қилишади.

Шундай кимсалар имом Шофеийнинг қовурғаларини синдиришга боришгани айтилади.

Шундай кимсалар имом Бухорийни икки марта бадарға қилиб, ўлгунларича тинч қўймадилар.

Шундай кимсалар имом Насоийни уриб ўлдирганлар.

Шундай кимсалар Ибн Ҳиббоннинг қони ҳадар (ҳалол) деб эълон қилинишига эришганлар.

Шундай кимсалар 80 ёшдан ошган Имом Тобарийни уйларига қамаб қўйиб, ҳатто вафот топганларида мусулмонлар қабристонига дафн этилишларига қўймаганлар. Шундай буюк муфассир имом ўз томорқаларида кўмилганлар.

Афсуски, бундай ишлар минглаб марта содир бўлган, бўлаверади.

Шундай манҳаж эгалари Амир ул мўминийн Али, ҳазрат Ойиша, Зубайр ибн Аввом, Муовия, Амр ибн Ос каби буюк саҳобалар розияллоҳу анҳум ўрталаридаги муаммоларни тўғри англай олмай, шиалик, носибийлик, хорижийлик оқимларини ўйлаб топганлар.

Бугунги кунимизда ҳудди мана шундай жоҳиллар, ўша нодонларнинг ўзларига ўхшаган давомчилари икки гуруҳга бўлиниб олиб Имом Ал-Ашъарий, Имом Ал Мотрудий, шайх Ибн Таймийя, шайх Кавсарий, шайх Бутий, шайх Албоний, шайх Ибн Боз ва бошқа қанчадан-қанча уламоларни ҳақорат қилиб, ҳунук сўзлар билан атаб гапираётганларини кўрасиз.

Ваҳоланки, ўша одамлар ўзларининг ислом уламоларига таққосласа, заррача вазни бўлмаган, бирорта китоб ёзиб, бирор илмни таҳқиқ қилиб чиқмаган, ҳатто унга араб тилида дарс ўтиб беролмаётган домлаларини “шайх фалон ҳафизаҳуллоҳ” деб зикр қилишади. Сен ўзинг алифни калтак дейдиган чаласаводсан, нега олим зотни ҳақорат қиляпсан, десангиз, чунки мен эргашаётган фалон олим уни шундай атаган экан, дейди.

Шу нуқтада савол пайдо бўлади:

Толиби илм қадимда ўтган ёки ҳаёт бўлган уламоларнинг бир-бирлари ҳақида айтган қаттиқ сўзларига дуч келса нима қилиши керак?

Жавоб:

Биринчидан, толиби илм буни табиий қабул қилиши керак. Сабаби, улар ҳам башар, уларда ҳам ҳиссиётлар бор, қолаверса, хабарларни етказувчиларнинг ҳам роли катта.
Табеийлар саййиди Саид ибн Мусаййиб билан буюк имомлардан Икрима роҳимаҳумаллоҳ ўрталарида бўлган иш ҳақида ўқисангиз, мен буни кейинроқ алоҳида мақола қилиб ёзаман иншааллоҳ, шу ўртадаги одамга “гап ташиб нима қиласан, касофат, тўхтагин!” дегингиз келади.

Иккинчидан, толиби илм уламоларнинг бири бошқаси ҳақида айтган ҳақоратли гапларини кўтариб юришдан, бошқаларга ҳикоя қилиб беришни яхши кўришдан қаттиқ сақланиши керак. Қаранг, имом Заҳабийнинг “Сияр”ларини ўқисангиз, бундай ҳикояларни иложи борича зикр қилмайдилар, мажбур бўлсалар, тафсилотларсиз - золим, хатокор шахсларнинг номларини зикр қилмай айтиб ўтадилар, одатда.

Учинчидан, толиби илм зинҳор бундай ҳақоратларни такрорлаб юрмаслиги, ўша ҳақорат ёки қаттиқ сўзларга шерик бўлиб қолмаслиги керак.

Масалан, уйингизда ота-онангиз жанжаллашиб қолса, бирлари иккинчиларига қаттиқ сўз айтиб юборсалар, биргалашиб такрорламайсиз-ку!

Шунинг учун Умар Ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳга Али ва Муовия розияллоҳу анҳумалар ўрталаридаги иш ҳақида гапирилганда:

- Аллоҳ бу ишлардан қиличларимизни асради, энди биз бундан тилларимизни асрайлик, дедилар. Бу гапни бошқа имомлар, жумладан, имом Аҳмад ҳам айтганлар.

Мен бу ҳақда яна кўп ривоятлар келтирмоқчи эдим, бироқ ёзганим чўзилиб кетаётганидан, шу билан кифояланяпман.

Тўртинчидан, толиби илм, агар шунга ақли ва саъвияси етса, уламоларнинг шахсини қўйиб, уларнинг гапларини зикр қилиши, ундаги хатоларни илмий баён қилиб бериши керак. Масалан, Кавсарий жаҳмий, Албоний мужассималардан, демай, шайх Кавсарий мана бундай гап айтган, у фалон жиҳатдан хато, шайх Албоний бундай гап айтган, у фалон ҳадисга хилоф, дейиши керак.

Бешинчидан, толиби илм ҳеч қачон унутмаслиги керакки, ўлими келиб, жони ҳалқумига тиқилганида ёки қабрда ётганида ёки Қиёматнинг даҳшатли онларида ундан сен нега Албонийни сўкмадинг, сен нега Кавсарийни ҳақорат қилишни унутдинг, дейилмайди! Нега шундай қилгандинг, дейилиши эса муқаррар!

Шундай экан, уламолар, исломга хизмат қилиб ўтган зотларни ҳақорат қилишни ўзингизга касб қилиб олманг. Агар Сизни биров бу йўлга чорласа, олдингизда мана шундай ишни қилгудек бўлса, Аллоҳ сизга ўргатган дуо билан дуо қилинг:

رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالإِيمَانِ وَلا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلا لِلَّذِينَ آمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ

Оят (дуо) маъноси:

“Эй Роббимиз, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш, ёмонлик пайдо қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан”.

Агар Сиз ўзингиз шундай ишлар қилиб юрганлардан бўлсангиз, мана шу дуони чин қалбдан такрорлаб, тавба қилинг ва зинҳор бу ишга қайтманг!
Аллоҳ барчамизни мўминларга раҳмли ва меҳрибон қилсин!

Маҳмуд Усмон

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Фатво: Коронавирус хавфи туфайли масжидларни ёпиш

9403 18:20 11.03.2020

Хушхабар: Юртимизга улуғ аллома келмоқда...

2641 09:40 09.03.2020

Коммунист табиб машҳур уламони заҳарлаган...

2953 08:00 02.03.2020

Мусулмон уламолари халқаро иттифоқи раиси: “БАА дунё бўйлаб нафрат ва фитна уруғини ёймоқда”.

3692 18:30 29.02.2020

Араб тилининг икки муҳим жиҳати

1612 08:00 29.02.2020
« Орқага