Уламолар етиштиришда давлатнинг ўрни

16:05 12.09.2019 397

Бу улуғ ишда давлатнинг ўрни оиланинг ўрнидан кам эмас. Балки давлатнинг имконияти оила имкониятидан анча устун. Давлат тараққиёт сари илдамлаши шарт, бировга қарам бўлиш, мутеликка зинҳор рози бўлмаслиги, уламоларини эҳтиёт қилиши, уларни хор қилиб қўймаслиги керак!

Тарихда мусулмон мамлакатлар уламоларга алоҳида эътибор қаратган. Кўплаб мактаб, мадраса ва олийгоҳлар уламо чиқариш учун хизмат қиларди. Халифа ва амирлар олимларга, талабаларга ошно бўлгани билан фахрланарди, уларнинг ҳадялари аҳли илмларга аталарди.

Салжуқий вазир Низомулмалик Ироқ ва Хуросоннинг шаҳар-қишлоқларини мактаб ва мадрасалар билан бойитиб ташлаган эди. Қаерда аҳли илм кўрса, унга мадраса қуриб бериб, таъминотини байтул молдан қилиб қўяр эди (Мустафо Сибоъий. “Мин ровоъии хазоратина”).

Низомулмалик мадрасаларга катта олимларни мудир этиб тайинлагани сабаб илмий савияси баланд мутахассислар етишиб чиққан. Мадрасалар бошланғич савияда эмас эди. Масалан, Бағдоддаги “Низомия” мадрасасида олти мингдан ортиқ талаба текин таълим оларди. Кам таъминланган талабаларга моддий таъминот йўлга қўйилган эди.

Салоҳиддин Аюбий ҳам Миср, Дамашқ, Мавсил, Қуддус шаҳарларида кўплаб мактаблар очган, халқи фаровон ва маърифатли ҳаёт кечирган (Наъимий. “Ад-Дорис фи ахбарил мадорис”).

Абдуллоҳ ибн Муборак халифа Хорун Ар-Рашид ҳақида айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар давридан кейин Хорун Ар-Рашид даврида олимлар ва қорилар кўп бўлган. Болалар саккиз ёшида қори бўларди, ўн бирга тўлганда фиқҳ, ҳадис, шеърият каби фанларда билимдон бўлиб, устозлар билан мунозара қиларди” (Абдуллоҳ ибн Муслим. “Ал-Имама вас сияса”).

Хорун Ар-Рашид раҳимаҳуллоҳ илмга эътиборли эди. Мадрасалар кўп эди. Шаръий илмлар билан бирга ҳаётий илмлар ҳам ўқитиларди, ҳатто етимлар учун алоҳида мактаб бор эди.

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Олти юз ўттиз биринчи йилда Бағдодда “Мустансирия” мадрасаси қурилади. Аввал бундай мадраса бунёд этилмаган. Бу мадрасада тўрт мазҳабда дарс бўлар, ҳар бир мазҳабнинг олтмиш иккита фақиҳи бор эди. Мадрасада тўртта сара уламолар, ҳадис, қироат, тиббиёт ўқитувчилари ва алоҳида етимлар мактаби бўлган. Ҳар бир талабага нон, гўшт, ҳолва ва яхши нафақа (стипендия) бериларди” (Ибн Касир. “Бидая ван ниҳая”).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ сўзларини давом эттириб айтади: “Ражаб ойининг бешинчи куни мадрасада дарсга қатнашдим. Шу куни халифа Мустансир биллаҳ амирлар, қозилар, вазирлар билан келди. Катта зиёфат берилди, унга мударрислар ва талабаларнинг барчаси таклиф этилди. Ҳаммага ҳадялар берилиб, тарихда қоладиган кун бўлди. У ернинг кутубхонасига кириб, ҳайратда қолдим. Китоблари жуда кўп ва олий сифатли эди” (Ибн Касир “Бидая ван  ниҳая”).

Салоҳиддин Аюбий Шайх Нажмиддин Хабушонийни мадрасага мударрис этиб тайинлаб, унга қирқ динор мударрислик, яна ўн динор вақфларга караб туриш учун маош ажратганди. Бундан ташқари, кунига олтмиш ратл нон ва Нил сувидан икки ҳисса берган.

Азҳар шайхлари ойлик маош билан таъминланган, айтишларича, уларнинг уловлари учун алоҳида таъминот бўлган экан (Мустафо Сибоий. “Мин равоъии хазоратина”).

Абу Шома “Равзатайн” китобида Мақлад Давлаъийдан ривоят қилади: “Ҳофиз Муродий вафот этганда биз фақиҳлар араблар ва курдлардан иборат икки жамоа эдик. Биздан мазҳабга мойиллар бўлиб, мусулдан шайх Шарафиддин ибн Абу Асравонни, фалсафага мойил томон эса Қутб Нийсобурийни чақириш тарафдори эди. Байтул Мақдисдан вазирлар келган эди, улар кетгач, орамизда низо чиқди. Султон Нуриддин жанжални эшитиб, ҳаммани Ҳалабдаги қалъага чақиртирди. Қалъада султоннинг номидан Маждуддин ибн Доя чиқиб шундай деди: “Мадраса қуришдан мақсад – илм тарқатиш, динни ёйиш, бидъатларни йўқ қилиш. Бу сизларнинг орангизда бўлиб ўтган воқеа яхши иш эмас, сизларга ярашмайди. Султон икки тоифани ҳам рози қиламиз, икки шайхни ҳам олиб келамиз, деяптилар”. Сўнгра икки шайх ҳам олиб келинди. Шайх Шарафиддин султон исми билан аталган мадрасага, шайх Қутбиддин эса “Нафарий” мадрасасига мудир этиб тайинланди”.

Халифа Мансур (тўлиқ исми Ёқуб ибн Юсуф ибн Абдулмўмин) иқтидорли талабалар учун “Талабалар уйи” очиб, унга шахсан бошчилик қилган. Ҳатто баъзи сарой аъёнлари бу хос талабаларга хасад қилган. Чунки халифа талабалар билан бирга ўтирар, сирлашарди. Сарой аъёнларининг ҳасади халифага етиб боргач, уларни тўплаб шундай деди: “Эй сарой ходимлари, ҳаммангизнинг ўз қабилангиз, уруғ-аймоғингиз бор. Бошингизга бирор ташвиш тушса, қабилангиздан ёрдам сўрайсиз. Бу талабаларнинг мендан бошқа паноҳи йўқ. Уларнинг бошига ташвиш тушса, мен уларнинг паноҳи ва эгасиман” (Марокаший. “Мўжиб фи талхиси ахбари мағриб”).

Абу Убайд Қосим билан Абдуллоҳ ибн Тоҳир ўртасида бўлиб ўтган воқеа ҳам подшоҳлар аҳли илмларни қандай эъзозлаганини кўрсатади. Абу Убайд Қосим “Ғариб-ул хадис” китобини ёзиб бўлиб, Абдуллоҳ ибн Тоҳирга кўрсатади. У китобни мақтаб, бундай китоб ёзган одам тиркчилик ҳақида ўйламаслиги керак, деб унга ўн минг дирҳам маош тайинлайди (Хатиб Бағдодий. “Тарихул Бағдод”).

Уламоларни тақдирлаш, уларни рағбатлантириб бориш илм-фан ривожига сабаб бўлади. Аҳли илмларга эътибор халифа-ю амирларнинг одати эди.

Муҳаммад Фотиҳ венгриялик Урубон номли насроний муҳандис билан хат ёзишиб турган. Муҳандис келганида яхши кутиб олган, уни иззат-икром қилиб меҳмон қилган. Насроний олим бир қанча ихтиролар қилди. Жумладан, султонга замбараклар ясаб берди (Абдулазиз Амрий. “Ал-Футухул исламия абрал усур”).

Бахтияшуълар оиласи халифа Мансур давридан то халифа Мўтамад давригача – етмиш йил – табиблик қилди. Шаҳзодалар шу оила назоратида ўсиб-улғайди. Жаброил ибн Бахтияшуъ Хорун Ар-Рашиднинг хос табиби бўлиб, у халифага шу қадар яқин эдики, унга иши тушган одамлар табиби орқали мурожаат қилишарди (Аълом).

Ибн Маймун андалуслик яҳудий бўлиб, Салоҳиддин Аюбийнинг хос табиби эди. Султон унга алоҳида эътибор берар, икром қиларди.

Амирлар ва ҳокимлар уламоларнинг китобларини нашр қилишга кўмаклашарди. Андалуснинг умавий халифаси Ҳакам “Ағоний” асари ёзилганини эшитиб, муаллиф Абул Фараж Асбаҳонийга минг динор жўнатиб, ундан бир нусха жўнатишини илтимос қилади. Муаллиф халифанинг илтимосини қабул қилиб, унга бир нусха бериб юборади. Шундай қилиб, асар ҳам муаллифнинг юрти Ироқда ўқилмасдан туриб, Андалусда мутолаа қилинади.

Ҳозирги кунда уламоларга эътибор бераётган ташкилотлардан бири “Файсал” хайрия муасссасасидир. Бу муассаса ҳар йили олимларга мукофотлар ажратади. Ташкилот умрини илмга бағишлаган аҳли илмларни тақдирлайди. Инсониятга манфаат келтирган илмий иш эгаларини қўллаб-қувватлайди.

Аҳли илмлар учун кўмаклашувчи яна бир ташкилот Дубай ҳокими, БАА вице-президенти ва бош вазири Муҳаммад ибн Рошид Оли Мактумга қарашли хайрия жамғармасидир. Жамғарма соҳиби айтади: “Бу мукофотни таъсис қилишдан мақсад араб диёрларида илм-фанни ривожлантириш, араб халқига хизмат қилмоқчи бўлган иқтидорлиларни қўллаб-қувватлаш, уммат азизлиги учун фаолият кўрсатишдир (ташкилот электрон манзили: www.arabmanagementaward.com).

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, уламо етиштиришда давлат катта рол ўйнайди. Буюк давлат бўлишга интилаётган ҳар бир ҳукумат илм ва уламо масаласига жиддий қараши лозим. Ҳукумат мактаб ва коллежлардаги ҳар бир иқтидорли талабани назардан қочирмаслиги даркор. Иқтидорли талабалар бюрократизм, қоғозбозлик қурбони бўлиб кетмасин! Иқтидор эгаларининг хорижга чиқиб кетишининг олди олинсин. Уларга имконият берилсин, эрки чегараланмасин!

"Ислом ва олам" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!