Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Уламолар “ишлаб чиқариш”

704

Баъзиларга бобнинг номи ғалати кўриниши мумкин. Кўплар олимлик ҳақида гап кетганида “камтарлик” қилиб “Талабаликдан ўта олмаймиз”, дейишади. Яъни, ақл-заковати “талаба”лигича қолиб кетган. Шубҳасиз, бундай кишилар ғайратсиз одамлардир. Уларда уламолар сафига қўшилиш истаги йўқ. Бундайлар мақсадини янгиласин, вақтни бой бермай амин бўлиши учун аҳд қилсин. Албатта, бу осон эмас. Бу йўл ҳамманинг йўлимас, олимлар оммадан ўзгача фикрлайди. Олимлар ҳамма еганда емайди, ҳамма ухлаганда ухламайди, ҳаммадай яшамайди, улар ўзгармайди, балки ўзгартиради. Олимлар таъсирланмайдилар, балки таъсир қиладилар. Ҳақиқатда бу ўзгача ҳаёт!

Бу ўзгача ҳаётнинг босқичлари, турлари бор. Қуйида шулар ҳақида сўз юритамиз.

Олимнинг мавқеи

Нарсалар қийматига қараб баҳоланади. Шундай бўлмаса, яхши-ёмон, оқ-қора ажралмайди, ҳаётнинг маъноси қолмайди. Ўтган бобда илмнинг қиймати ва аҳамияти билан танишдик. Билдикки, илм билан инсоният ҳаёти тўғри бўлади. Пайғамбарларнинг энг улуғ сифати ҳам илмдир.

Пайғамбарлардан кейин Аллоҳнинг фазл-у марҳамати билан илм йўқолиб кетмади. Аллоҳнинг элчилари вафотларидан олдин маълум бир тоифага ўз илмларини қолдирдилар. Уларга бу илмни бошқаларга тарқатишни буюрдилар. Мана шу тоифа кишилари олимлардир.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннатга олиб борадиган йўл қилиб қўяди. Фаришталар қанотларини илм толиби учун бажонидил ёзадилар, олимлар учун Еру осмондаги барча нарса, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан афзаллиги ойнинг юлдузлардан афзаллигидекдир, олимлар пайғамбарлар меросхўрларидир. Улар тилла-кумуш қолдирмадилар, илм қолдирдилар, ким уни олса, улкан насибага эришибди” (Термизий, Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (фойдали илм) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар” (Бақара сураси 269-оят).

Илмнинг фазилати нақадар юксак экани фаришталарнинг илм йўлига чиққанларга қанотларини ёзишидан билсак бўлади. Бу каромат улуғлик, шараф эмасми?!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам олимларга фазилат ваъда қилдилар. Еру осмондаги мавжудотлар,  ҳатто, сувдаги балиқлар ҳам олим учун истиғфор сўрайди!

Абу Умама Боҳилийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши ҳақида гапирилди: бири олим, иккинчиси обид эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Олимнинг обиддан афзаллиги менинг сизлардан афзаллигимдек, Аллоҳ таоло, фаришталар, осмон ва ер аҳли, инидаги чумоли ва сувдаги балиқ ҳам инсонларга яхшилик ўргатувчига дуо қилиб туради” (Термизий ривояти).

Айрим кишиларга олимнинг ҳурмат-эътибори ошириб юборилгандек туюлиши мумкин. Бироқ, тафаккур қилган одам олимларнинг афзаллигини англайди. Илмсиз обид ўзи ҳам адашади, ўзгаларни ҳам адаштиради. Макка мушриклари “биз ҳам Аллоҳга ибодат қиламиз” дерди-ю, ибодат қилиш илми йўқ эди. Ўзлари Аллоҳга кофир бўлиб, Унинг йўлидан адашиб кетганларини анг­лашмасди. Аллоҳ улар ҳақида шундай дейди: “(Эй инсонлар,) огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир. Ундан ўзга “дўстлар”ни (“илоҳ”) қилиб олган кимсалар: “Биз фақат уларга бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз” (дерлар)” (Зумар сураси 3-оят).

Агар обиднинг эътиқоди ёмон бўлса, ибодати қабул бўлмайди, у зиён кўрувчилардан бўлади. Аллоҳ айтади: “Раббингиз ҳақида ўйлаган мана шу гумонларингиз сизларни ҳалок қилди. Бас, сизлар зиён кўрувчиларга айланиб қолдингизлар” (Фуссилат сураси 23-оят).

Имом Доримий ривоят қилишича, Умар ибн Абдулазиз Мадина аҳлига ёзган мактубида шундай дейилган: “Илмсиз ибодат қилган одамнинг фойдасидан зарари кўпроқ бўлади” (Имом Заҳабий. “Тазкиратул хуффаз”).

Олимлар даражасини фақиҳлар ва мужоҳидлардан ҳам баланд қўювчилар бор. Энг буюк саҳобий олимлардан бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлганлар ҳам ўзларини олим қилиб тирилтиришини хоҳлайдилар, чунки улар олимларнинг кароматини  кўрадилар” (Абу Хомид Ғаззолий. “Иҳёу улумид-дин”).

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Олимлар сиёҳи шаҳидлар қони билан тарозига қўйилади, олимлар сиёҳи оғир келади” (Абу Хомид Ғаззолий. “Иҳёу улумид-дин”).
Айримлар буни ғалати ҳисоблашса ҳам бу гаплар кучли ҳужжатларга асосланган. Жиҳоднинг фазли ҳам бошқа амаллар каби илм билан билинади. Ахир мужоҳид жиҳод фазлини олимлардан ўрганмаганми?! Фарзи айн билан фарзи кифояни ажратиш учун ҳам илм керак. Гоҳида обид фарзни тарк қилиб, нафлларни бажариб юради, бу тўғри эмас. Илмсиз мужоҳид фитнани жиҳод деб, ноҳақ одам ўлдириши мумкин.

Жиҳод қилиш қай вазиятда тўғри-нотўғрлигини илм аниқлайди. Шуни унутмаслик керакки, ҳақиқий олимларсиз ҳақиқий мужоҳидлар бўлмайди. Мусулмон киши гоҳида жиҳод деб фитнага аралашиб қолиши мумкин. Хаворижлар фитнаси бунга ёрқин мисол эмасми?!

Хаворижлар ҳам намоз ўқирди, рўза тутарди, ўзларича жиҳод қиляпмиз деб ўйларди, лекин илмсиз бўлгани учун адашишди. Ўзларини ҳаммадан устун ҳисоблашиб, тўғри йўлдан тойишди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу улардан бирини ўлдирмоқчи бўлганларида, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам унга шундай деган эдилар: “Уни тек қўй, унинг шундай шериклари борки, уларнинг намози олдида сизнинг намозингиз оз кўринади, уларнинг рўзаси олдида сизнинг рўзангиз оз кўринади, ўқиган Қуръонлари бўғизларидан ўтмайди, ўқ камондан чиққандай диндан тез чиқадилар” (Бухорий, Муслим ривояти).

Хаворижларнинг энг катта фожиаси илмсизлик билан “ижтиҳод” қилиши эди. Шу сабабли кўп ноҳақ қон тўкилди, уларнинг етакчиси бўлган Абдурраҳмон ибн Мулжим мўминлар амирини ўлдириб савоб оламан, деб ишонарди. Ахир у тўртинчи рошид халифа, Пайғамбар куёви, бир неча бор жаннат башорати берилган саҳобий Али ибн Абу Толиб эди. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳу ҳақида Ҳайбар куни шундай деганлар: “Эртага байроқни бир кишига бераман, у Аллоҳ ва Расулини яхши кўради, Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўради” (Бухорий, Муслим ривояти).

Қотил Абдурраҳмон ибн Мулжим илмсизлик касофатидан шу ҳолга тушди. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад,) айтинг: “Сизларга қилмишларидан энг кўп зиён кўрувчиларнинг хабарини берайликми?! Улар қилган саъй (ҳаракат)лари дунё ҳаётидаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо ўзларини ишни чиройли қилаётган ҳисоблайдилар” (Каҳф сураси 103–104-оятлар).

Ислом уммати жиҳодга интиқ бўлган қизиққон диндорлари сабаб анча-мунча озор чекди. Илмсизлик орқасидан хато фатволар, нотўғри ҳукмлар чиқарилди. Натижада, мусулмон жамияти кофирга чиқарилиб, бегуноҳ одамларнинг қони ҳалол саналди. Жиҳод сабаб ҳурматлар поймол қилинди, қотиллик, зулм, зўравонлик авж олди. Аммо, Исломнинг буларга зиғирча алоқаси йўқ.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Кимки илм учун жидду жаҳд қилиш жиҳод эмас деб ўйласа, унинг ақлида ва фикрида нуқсони бордир”.
Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ айтади: “Илм талаб қилган одам Аллоҳга байъат қилгандир”.

Аллоҳ таоло олимларнинг қадрини улуғлаб айтади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси 11-оят).

 

Таржимон: Бекмуҳаммад Алибоев

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “тиланчи” шогирди

528 21:00 15.04.2021

Олимларнинг илмга чанқоқлиги шундай эди...

558 21:20 14.04.2021

Олимнинг мавқеи

388 21:00 08.04.2021

“Математика ривожи Қуръондан бошланган...”

643 22:00 02.04.2021

Шарқшунослар Ислом ҳазораси ҳақида

339 21:00 01.04.2021
« Орқага