Уламолар “ишлаб чиқариш”. Олимлар жиҳоди

19:05 21.08.2019 564

Илм энг улуғ неъмат, олий мартаба, пайғамбарлар мероси, жаннатга олиб борувчи йўлдир. Шундай саодатга эришиш катта меҳнат ва қурбонлик талаб этади, албатта. Ахир, машаққат кўпригидан ўтмагунча бахтга етишилмайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам охират йўлида юриш осон эмаслигини баён қилганлар. Охират жиддий саъй-ҳаракатлар билан қўлга киритилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Огоҳ бўлинг, Аллоҳнинг нарсаси қимматбаҳодир, Аллоҳнинг нарсаси жаннатдир” (Термизий, Ҳоким ривояти).

Яҳё ибн Абу Касирдан ривоят қилинади: “Жасадни роҳатлантириб, илмга етишиб бўлмайди” (Муслим ривояти).

Имом Нававий толиби илмни қуйидагича тавсифлайди: “Толиб илм ўрганишга чанқоқ бўлсин, кечаю кундуз вақтини илмга сарфласин. Фурсатини илмдан бошқа нарса билан ўтказмасин, ейиш, ичиш, уйқуга кўп вақт сарфлаб қўймасин. Пайғамбарга меросхўр бўлиш имкониятига эга бўла туриб, уни қўлдан чиқарган одам оқил дейилмайди” (Нававий. “Тибян фий аадаби хамалатил Қуръан”).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ илм учун жидду жаҳд қилиб юрарди. Бир куни бир таниши: “Қачонгача илм ўқийсан?! Ахир, катта олим бўлдинг-ку!” – деди. Имом Аҳмад шундай жавоб берди: “Мал михбаро хаттал мақбаро (қабргача сиёҳдон билан юраман)”.

Имом Аҳмад ўз даврининг ҳадис илми султони эди. Аммо илм излашни малол қилмас, илм талабида кўп сафар қиларди. Ибн Рофеъ айтади: “Маккада Аҳмад ибн Ханбални кўриб қолдим, Ямандан қайтиб келган экан, кўп машаққат тортиб оёқлари ёрилиб кетган эди. Менга: “Эй Абдуллоҳнинг отаси, энди ҳадис излаб сафар қилишга ярамайман, шекилли”, – деди. Кейинчалик эшитишимча, ўшанда ҳам Химсга сафар қилибди” (Ибн Асокир. “Тарихи Димашқ”).

Имом Аҳмад йўлкирага пули бўлмагани учун Тарсус шаҳрига пиёда борган. У зот: “Эллик дирҳам пулим бўлганда Райга бориб, Жарир ибн Абдулҳамиддан ҳадис эшитиб келардим”, – деганди (Абул Ҳажжож Миззий. “Таҳзибул камол”).

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Талабалар илмга етишиш учун бор кучини сарфлашсин. Илм йўлида қийинчиликларга сабр қилишсин, ниятлари холис бўлсин, Аллоҳдан ёрдам сўрашга рағбат қилишсин” (Бадриддин ибн Жамоа. “Тазкиратус сомиъ вал мутакаллим”).

Наззом айтади: “Илм шундай нарсаки, борингни бермагунингча бир қисмини ҳам ололмайсан, борингни берганингдан кейин ҳам эҳтиёт бўл, ташлаб кетмасин” (Хатиб Бағдодий, “Тарихул Бағдод”).

Содиқ толиби илмлар илм олиш учун жидду жаҳд қилади. Тарих саҳифалари уларнинг фидойиликлари билан тўла. Илм мазасини тотган талабага машаққатлар билинмайди.

Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу айтади: “Мен қўшним Авс ибн Хавлий билан шаҳар ташқарисида деҳқончилик қилардик. Бир кундан навбат қилиб шаҳарга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келардик. Кун бўйи масжидда ўтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган ваҳийдан хабардор бўлиб, бир-биримизга айтиб берардик” (Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотидан кейин ансорлардан бир кишига “Эй фалончи, Расулуллоҳ саҳобалари кўп пайти улардан илм ўрганиб олайлик”, – дедим. У: “Во ажабо, шунча саҳобалар туриб, одамлар сизга муҳтож бўлармиди?!” – деди. Мен саҳобалардан сўраб илм ўргана бошладим. Қайси саҳобий бир масалани яхши билади деб эшитсам, уйининг олдига келиб ўтирсам, шамол юзимга тупроқ сепарди. Уй эгаси чиқиб: “Эй пайғамбар амакисининг ўғли, нима хизмат, чақиртирсангиз ўзим борардим”, – дерди. “Йўқ, ўзим келишим керак”, – деб саволимни сўрардим. Шу зайлда йиллар ўтди, катта саҳобалар ўтиб кетишди, одамлар менинг атрофимда илм олиш учун ўтирадиган бўлди. Мен билан илм талабига рози бўлмаган ансорий: “Бу йигит ақлли экан, мен калтафаҳм эканман”, – деб юрарди” (Доримий, Ҳоким ривояти).

Шаҳарлар фатҳ қилиниб, Ислом ҳудудлари кенгайгач, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Шом бўстонлари ва Ироқнинг унумдор ерларидан Мадинанинг жазирама иссиғини афзал кўрди. Ул зот шундай деган: “Шаҳарлар фатҳ қилингач, одамлар дунёга юзланди, мен Умар ибн Ҳаттобга юзландим” (“Муснади Баззор”).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Убай ибн Каъбнинг уйига келардим, у дам олаётган бўлса, эшиги олдида мизғиб олардим. Менинг келганимни билса, Расулуллоҳга қариндошлигим боис уйқусини бузарди, мен эса буни хоҳламас эдим”.

Имом Шаъбийдан “Шунча илмни қаердан олдинг?” – деб сўралди. “Суяниб ўтирмадим, илм учун шаҳарлар кездим, эшакдай сабр қилдим, қарғадай эрта турдим”, – деб жавоб бердилар (Заҳабий. “Тазкиратул хуффаз”).

Имом Шофеъий айтади: “Қуръонни етти ёшимда, имом Моликнинг “Муватто” китобини ўн ёшимда ёдладим” (Абул Ҳажжож Миззий. “Таҳзибул камол”).

Имом Шофеъийнинг болалиги қийинчиликда ўтган, бироқ бу Шофеъийдек аллома етишиб чиқишига ғов бўлолмади. Аллоҳ унинг илми билан умматни қадимда ҳам, ҳозир ҳам илмли қилди. Шофеъий ўн уч-ўн тўрт ёшга кирганида кўп ёзарди. Қоғоз сотиб олишга пул йўқ эди, девонга бориб “зуҳур” (бир томони ёзилган, бир томони бўш қоғоз) қоғозларини сўраб оларди, бўш томонига ёзарди” (Абул Ҳажжож Миззий. “Таҳзибул камол”).

Ибн Абу Хотим айтади: “Музаний айтишича, Шофеъийга: “Илмга хоҳишингиз қандай?” – дейилди. “Олдин эшитмаган бир сўзни эшитсам, бутун аъзоларим қулоққа айланиб, роҳатлансак дейди”, – дея жавоб берди. Унга: “Илмга чанқоқлигингиз қандай?” – дейилди. “Қизғанчиқ пулни қандай яхши кўрса, шундай”, – деб жавоб берди. Унга: “Илмни қандай талаб қиласиз?” – дейилди. “Ёлғиз боласини йўқотиб қўйган она дилбандини қандай изласа, шундай излайман”, – деб жавоб берди.

Талабаларда илмга қаттиқ рағбат бўлмаса, имом Шофеъийдек олимлар чиқмайди. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Кучли иймон ва сабр билан динда имомликка етишиш мумкин” (Ибн Таймия. “Мажмуъул фатава”).

Аллоҳ таоло бизга фойдали дуо қилишни ўргатиб айтади: “Улар: “Парвардигаро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин”, дейдиган кишилардир” (Фурқон сураси, 74-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо оят тафсирида айтади: “Бизларни яхшиликда эргашиладиган имомлар қилгин” (Ибн Касир. “Тафсирул Қуръонил Азим”). Шубҳасиз, тақводорларга имом бўлиш учун кўп машаққатлар тортиш лозим, олийлик сари интилган киши кечалари бедор бўлади.

Камбағаллик ва ночорлик имом Шофеъийнинг “Шофеъий” бўлишига тўсқинлик қила олмади. Суфён Саврийнинг фақиҳ ва муҳаддис бўлишига тўғоноқ бўла олмади (Имом Заҳабий. “Тазкиратул хуффаз”).

Суфён Саврий айтади: “Илм олишга киришганимда: “Эй Раббим, илм олимлар ўлиши билан кетиб қоляпти, илм ўқийман, ризқимни ўзинг етказгин”, – дедим. Аллоҳ таоло мени солиҳа, тақводор онам сабаби ризқлантирди. Онам: “Болам, илм олавер, ўзим сени ип йигириб боқаман”, – дедилар” (Абу Нуайм. “Хулятул авлиё”).

Онаси ип йигириб рўзғор тебратарди, ўғлига китоб-дафтарга пул бериб турар, кўп насиҳат қилиб илмга қизиқтирарди. Бир сафар ўғлига шундай деганди: “Ўғилгинам, ўнта сўз ёзсанг, ўзингни текшириб кўр: Аллоҳдан қўрқинчинг, ҳалимлигинг, виқоринг ортаяптими-йўқми? Агар илминг ортган сари тақвонг ортмаса, бу илм сенга фойда эмас, зарар беради”.

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ шундай солиҳа аёл тарбиясида улғайди. Онаси назоратида олим бўлди. Бу она тақвосининг самараси эди.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади: “Саҳобалардан бирининг бир ҳадис айтаётгани ҳақидаги хабар етди менга, туя сотиб олиб бир ойлик озуқа билан йўлга тушдим. Шомга бориб суриштирсам, у Абдуллоҳ ибн Унайс экан. Уйига бориб: “Жобир келганини хабар беринглар”, – дедим. “Жобир ибн Абдуллоҳми?” – деди. “Ҳа”, – дедим. У чиқиб мени қучоқлаб олди. “Бир ҳадис айтаётган экансан, ажал келиб қолишидан қўрқдим”, – дедим” (Бухорий. “Адаб алмуфрад”, Аҳмад “Муснад”).

Абу Аюб Ансорий розияллоҳу анҳу ҳам битта ҳадис эшитиш учун Мисрга, Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу ҳузурига боради. Туядан тушиб ҳадис эшитадию орқага қайтади (Аҳмад, Абдурраззоқ ривояти).

Асад ибн Фурот раҳимаҳуллоҳ моликий фақиҳ бўлиб, Қирвон қозиси бўлиб ишлаган эди. У талабалик даврини шундай эслайди: “Мадинага бориб имом Моликдан таълим олдим, сўнг Ироқда Муҳаммад ибн Ҳасан дарсларига қатнашдим. Дарсда минглаб талабалар қатнашарди, одам кўплигидан савол сўрай олмасдим. Бир кун шайхнинг олдига бориб: “Мен мусофирман, пулим ҳам кам, талабалар кўплигидан саволларимни бера олмаяпман, бирор чора йўқми?” – дедим. Шайх: “Кундузи вақтим йўқ, кечаси сенга вақт ажратаман”, – деди. Кечаси бир ўзимни қабул қилди, олдига бир идишда сув қўйиб олди, дарс айта бошлади, мени уйқу элитса, идишдаги сувдан юзимга сепарди. Шу аҳволда бир неча ой дарс қилдик, шайхдан кўп нарса ўргандим”.

Асад ибн Фурот раҳимаҳуллоҳ имом Молик фиқҳи билан чегараланиб қолмай, ҳанафий фиқҳини ҳам эгаллади. Чунки толиб ҳеч қачон илмга тўймайди. Тирик экан, илм ўрганаверади.

Доримий Товус ибн Кайсондан мурсал ҳадис ривоят қилади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўралди: “Эй Расулуллоҳ, қайси инсон энг олим ҳисобланади?” “Одамларнинг илмини ўз илмига қўшган – олим. Толиби илм илмга ташна бўлади, ҳеч тўймайди”, – деб жавоб бердилар”.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ кечаси туриб, чақмоқтош билан чироқни ёқиб, хаёлига келган фикрни ёзиб қўярди. Ҳамхоналари бир кечада йигирма марталаб турганини айтишган (Ибн Касир. “Бидая ван ниҳая”).

Умар ибн Хафс Ашқар айтади: “Басрада Бухорий бир неча кун дарсга келмади, уни излаб уйига борсак, кийими йўқлигидан яланғоч экан. Бир дирҳам пул йиғиб унга кийим олиб бердик, у яна дарсга бора бошлади” (Хатиб Бағдодий. “Тарихи Бағдаад”).

Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ умрида фақат икки кеча дарс қилмаган экан: биринчиси – отаси ўлган кеча, иккинчиси – уйланган кечаси.

Жоҳиз китоб мутолаасига қаттиқ берилган эди, қўлига тушган китобни ўқимай қўймасди. Илмга чанқоқлигидан котибларни китоб жавони билан ижарага олиб ўқирди (Заҳабий. “Тарихул ислам”).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: “Болалигимда ҳадис дарсида устозга яқин ўтириш учун эрта кетардим. Онам мени қучоқлаб оларди, бомдод азони айтилганидан кейингина қўйиб юборарди” (Заҳабий. “Сияру аъламил нубала”).

Ажабо, ёш бола бомдод азонидан олдин дарсга борса, онаси раҳми келиб қучоқлаб олиб ўтирса! Ўша давр талабалари илмга шўнғиб кетганларидан нарсалардан ҳам воз кечган!

Абдурраҳмон ибн Абу Хотим айтади: “Мисрда етти ой ўқидик, бирор марта шўрва ичмадик. Кун бўйи шайхлардан дарс эшитардик, кечаси ёзганларимизни солиштириб дарс қилардик. Бир куни дарсга борсак, шайхимиз касал экан, қайтишда йўлда балиқ сотиб олдик. Уйга қайтганимизда бошқа дарс вақти бўлиб қолди, балиқ пиширишга вақт бўлмай, дарсга кетдик. Уч кун ўтса ҳам балиқ пиширишга вақт бўлмади. Балиқ айниб қолмасин деб хомлигича едик. Жон роҳати билан илмга эришиб бўлмайди” (Заҳабий. “Сияру аъламил нубала”).

Бой талабалар фақир шерикларига кўп эҳсон қиларди. Яҳё ибн Маин раҳимаҳуллоҳга оталари бир миллион дирҳам мерос қолдирган эди. Ҳаммасини илм учун сарфлаб юборди, кийишга шиппаги ҳам қолмади (Миззий. “Таҳзибул камол”).

Ибн Ҳайсам раҳимаҳуллоҳ бир неча кашфиётлар эгаси бўлишига қарамай, камтарона ҳаёт кечирарди, Амирлардан бири унга кўп мол-дунё бермоқчи бўлди, аммо олим рад этди. Бир хизматчи билан бир кунлик озуқасига қаноат қиларди, холос (Заҳириддин Байҳақий. “Татиммату суванил ҳикма”).

Тусий раҳимаҳуллоҳ Аббосий халифалар ҳузурида обрўси баланд эди. Вазирлардан бири унга ҳасад қилиб, туҳмат билан қаматиб юборади. Аллома қамоқда фалакиёт ва математика фанларига оид шоҳ асар ёзади. Асари уни машҳур қилиб юборади.

Ибн Халдун шундай ёзади: “Хилватда теран фикрлар, фасоҳатли сўзлар қуйилиб келарди, уларнинг энг сараларини танлаб олдим”.

Ибн Халдун она шаҳри Андалусдан илм излаб чиқиб, йигирма беш йил ўтибгина қайтиб келади!

Ибн Байтор (646 йилда вафот этган) илм излаб бутун Ислом оламини айланиб чиққан. Юнонистон, Рим давлатларида бўлиб, илмни мусулмонлардан ҳам, ғайридинлардан ҳам ўрганган. У Юнонистонда ботаниклар билан бирга тажрибалар ўтказган, кейинчалик ўзи мустақил ботаника билан шуғулланган (Муқрий. “Нафхут тиб”).

Бақий ибн Махлад Андалусий (ҳижрий 272 йил вафот этган) раҳимаҳуллоҳ илм излаб йўлга чиқди. Бағдод олими Аҳмад ибн Ханбалдан таълим олмоқчи эди. Аллома воқеани қуйидагича ҳикоя қилади: “Бағдодга келсам, Аҳмад ибн Ханбал уй қамоғида экан. Қаттиқ қайғуга ботдим. Нарсаларимни меҳмонхонага жойлаштириб масжидга бордим, одамлар шайх ҳақида нима дейишаётганини билмоқчи эдим. Масжидда дарс ҳалқасига дуч келдим, шайх ровийлар ҳақида гапирар, баъзиларини ишончли, айримларини ишончсиз дерди. Ёнимдаги одамдан унинг кимлигини сўрадим. У Яҳё ибн Маин экан, унга яқинроқ жойга бориб ўтирдим. Сўнг: “Эй Закариёнинг отаси, мен мусофирман, баъзи саволларим бор, айбга буюрманг”, – дедим. Изн берилгач, ўзимни қизиқтирган ровийлар ҳақида сўрадим. Баъзиларини ишончли, баъзиларини ишончсиз, деди. Устозим Ҳишом ибн Аммор ҳақида сўрадим. “Абу Валид Ҳишом ибн Аммор дамашқлик тақводор, ишончли ровий, кўп фазилатларга эга”, – деб устозимни мақтади. Мен ўрнимдан туриб Аҳмад ибн Ханбал ҳақида сўрадим, у менга ажабланиб қаради, сўнгра: “Мендан Аҳмад ибн Ханбал ҳақида сўраяпсанми?! Ахир у мусулмонлар имоми, энг яхшиси ва энг фазилатлиси-ку”, – деди.

Масжиддан чиқиб Аҳмад ибн Ханбалнинг уйига бордим, эшикни тақиллатдим. Аллома остонада мени кўрди. “Эй Абдуллоҳнинг отаси, мен мусофирман бу шаҳарга биринчи келишим, мен ҳадис ёдлайман, шаҳарга фақат сиз учун келдим”, – дедим. “Ичкарига кир, биров кўриб қолмасин”, – деди. Ичкарига кирдим.

– Қаерликсан?

– Юқори Марокашдан.

– Африкаданми?

– Африкадан ҳам узоқ.

– Узоқ юртдан келибсан, сенга ўхшаган талабаларга ёрдам беришни яхши кўрардим, лекин ҳозир бошимга нима кулфат тушганини эшитгандирсан?!

– Ҳа, эшитдим, мени бу шаҳарда ҳеч ким танимайди, ижозат берсангиз, ҳар куни тиланчи қиёфасида келаман. Тиланчилар айтадиган гапларни айтаман, лоақал битта ҳадис айтиб берсангиз ҳам розиман.

– Розиман, лекин дарс ҳалқаларига бормайсан.

– Хўп.

Шу кундан бошлаб қўлимга ҳасса тутиб, бошимга латта ўраб, қоғоз-қаламимни қўлтиқлаб шайхникига кела бошладим. “Аллоҳнинг раҳмати ёғилгурлар, ажрга шошилинглар”, – деб Бағдодча тиланчилик қилардим. Шайх чиқиб уч-тўртта ҳадис айтиб берарди. Бир мунча вақт “тиланчилик” қилиб юрдим, охири мўтазилий халифа вафот этиб, сунний халифа сайланди. Имом Аҳмад озодликка чиқиб, ҳаммага дарс бера бошлади. Талабалар карвонлар билан Бағдодга оқиб кела бошлади. Шайх дарсда мени ўзига яқин ўтирғизарди, талабаларга менинг ҳийлам ҳақида айтиб берарди, мен шайхнинг хос шогирди бўлиб қолдим, ҳадисларни ўқиб ўтказиб олардим” (Имом Заҳабий. “Сияру аъламин нубалаа”).

Бақий ибн Махлад илм йўлида чеккан заҳматлари эвазига катта аллома бўлиб етишди, Андалусни илмга тўлдирди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларидан “Муснад” ёзди. Тоҳир ибн Абдулазиз айтадилар: “Бақий ибн Махладнинг “муснад”идан бир жузъини Муҳаммад ибн Исмоилга кўрсатдим, муаллифнинг илмига тан бериб, “Бу китоб илм денгизидан олинган”, деди” (Имом Заҳабий. “Сияру аъламин нубалаа”).

Абу Муҳаммад ибн Хазм Зоҳирий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бақий ибн Махлад “муснад”ида 1103 саҳобийдан ҳадис келтирган. Ҳар бир саҳобийнинг ҳадисларини фиқҳ боблари бўйича тартибга солган, китоб ҳам “муснад”, ҳам “мусаннаф” услубида ёзилган. Ундан бошқа бирор олим шундай қилганини билмайман” (Имом Заҳабий. “Сияру аъламин нубалаа”).

Бақий ибн Махлад “муснад”и 200 қисмдан иборат бўлиб, 30969 ҳадисни ўз ичига олган, яъни устози имом Аҳмаднинг “муснад”идан 969 та ҳадис кўп жамланган. У зот ҳақида имом Заҳабий яна шундай ёзади: “Бақий ибн Махлад солиҳ, мужтаҳид, содиқ, раббоний, ихлосли, илму амалда бош эди. Иккинчи асрнинг саноқли мужтаҳидларидан эди, ҳеч кимга тақлид қилмай, далил билан фатво берардилар” (Имом Заҳабий. “Сияру аъламул нубалаа”).

Таассуфлар бўлсинки, Бақий ибн Махладнинг “муснад”и бизгача етиб келмаган, Муборакфурий “Туҳфатул ахвазий”да Германиянинг Берлин шаҳрида сақланмоқда, деб ёзган. У ё хато қилган, ёки ростдан ҳам бир қисми сақланмоқда.

Бақий ибн Махладнинг катта аҳамиятга эга бошқа китоблари ҳам бор. Ибн Хазм айтади: “Бақий ибн Махладнинг “мусаннаф” асарида саҳоба ва тобеинларнинг фатволари жамланган. У Ибн Абу Шайба, Абдурраззоқ, Саид ибн Мансурларнинг “мусаннаф”идан каттароқдир. Унинг китоблари Ислом қоидалари бўлиб қолди. Бухорий, Муслим, Насоий каби буюк муҳаддислар етишишида ҳам Бақий раҳимаҳуллоҳнинг ҳиссаси бор” (Ибн Асокир. “Тарихи Димашқ”).

Бақий ибн Махладнинг тафсири ҳақида Ибн Хазм раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бақий ибн Махладнинг тафсиридек тафсир ёзилмаган деб аниқ айта оламан, ҳатто Муҳаммад ибн Жарирнинг тафсиридан ҳам яхши ёзилган” (Хожи Халифа. “Кашфуз зунун”).

Имом Заҳабий ёзади: “Бақий ибн Махлад катта мужоҳидлардан эди, Аллоҳ йўлида етмишдан ортиқ жангда иштирок этган”. Шайхнинг солиҳ амалларини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ҳисоблай олмайди. Аллоҳ Таоло айтади: “Бас, мусобақачилар мана шу (неъмат) йўлида мусобақа қилсинлар” (Мутаффифун сураси, 26-оят).

Жуда кўп алломалар умрини илм учун фидо қилган, шулардан бири Шўба ибн Ҳажжож раҳимаҳуллоҳдир. Хатиб Бағдодий “Кифая фий маърифати усули илмир ривая” номли китобида ёзади: “Имом Шўбанинг уйи олдида бир жамоат суҳбатлашиб ўтиргандилар, улардан бири ҳадис айтди: “Бизга Исроил айтиб берди, у Абу Исҳоқдан, у Абдуллоҳ ибн Атодан, у Уқба ибн Омирдан айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида навбатма-навбат туя боқардик. Бир куни келсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга ҳадис айтиб бераётган эканлар: “Кимки таҳорат қилса, таҳоратини мукаммал қилса, сўнгра масжидга кириб, икки ракат намоз ўқиса ва Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳ уни мағфират қилади”. Мен: “Бай-бай, мунча яхши”, – дедим. Шунда орқамдан бир киши тортди, қарасам, Умар ибн Хаттоб: “Бундан олдин айтган гаплари бундан ҳам яхшироқ эди”, – деди. “Нима дегандилар?” – дедим. “Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик берса, жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киради”, – дедилар”.

Шу пайт уйдан Шўба чиқиб қолди. Жамоатга қаттиқ дашном берди, ҳадис санадидаги иллатга бепарво бўлганликлари учун койиди. Кейин шу ҳадис учун сафар қилганини ҳикоя қилиб берди. Абу Исҳоқ ушбу ҳадисни ривоят қилганида “Абдуллоҳ ибн Ато Уқбадан эшитганми?” деб сўрабди. Жавобдан қониқмагач, Абдуллоҳ ибн Атонинг ўзидан сўраш учун Маккага боришга қасд қилади. Шўба Басрадан Маккага бориб, Абдуллоҳ ибн Атодан “Ушбу ҳадисни кимдан эшитгансиз?” деб сўрайди, у Саъд ибн Иброҳимдан эшитганини айтади. Шўбанинг гумони тўғри чиқибди. Абдуллоҳ Уқбадан эмас, Саъддан эшитган экан. Саъд ибн Иброҳим Мадинада яшар эди. Шўба Мадинага йўл олади, Саъд ҳам Уқбадан эмас, бошқа бир басраликдан эшитган экан. Шўба Басрага келиб ўша ровийни излаб топади. У ҳадисни ишончсиз ровийдан эшитган экан. Шўба ҳадис саҳиҳ эмаслигига иқрор бўлиб, шундай деди: “Шу ҳадис саҳиҳ бўлиши мен учун аҳлим, молим ва бутун инсонлардан яхшироқ эди” (Хатиб Бағдодий. “Кифая фий илмир ривая”).

Эҳ олийҳиммат инсонлар, битта ҳадис саҳиҳлигини билиш учун шаҳарлар кезишган, вақтларинию пулларини сарфлашган! Рихлаларда шунча жидду жаҳд қилган содиқлар илм мажлисларида яхши жой учун ҳам заҳмат тортишарди. Жаъфар ибн Дарставайҳ айтади: “Али ибн Мадинийнинг дарси бомдоддан кейин бўларди, биз шайхга яқинроқ ўтириш учун бир кун олдин асрдан кейин жой олиб, кечаси билан шу жойда тунардик” (Абу Саъд Тамимий. “Адабул имлаа”).

Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен учун нафл намоздан илм мажлиси яхшироқ, бир нарса ўрганган одам йиллаб, балки умр бўйи шу нарсага амал қилиб юради” (Доримий. “Боб фий фазлил илми вал аалими”).

Талабалар табиати шунақа – ҳимматлари олий эди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Икки одам ҳеч тўймайди: ҳақиқий талаба – илмга, дунёга берилган бой – пулга” (Доримий. “Боб фий фазлил илми вал аалими”).

Илмга интилиш, илмга ташна бўлиш пайғамбарлардан бошланган. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мусо алайҳиссалом қавмида хутба қилиб турганида “Энг илмли инсон ким?” деб сўралди. “Мен энг илмлиман”, деб жавоб бердилар. Аллоҳ Таоло “Аллоҳ билувчи” демагани учун Мусо алайҳиссаломга танбеҳ берди. “Икки денгиз жамлашган жойда сендан олимроқ бандам бор”, деб ваҳий қилди. Мусо алайҳиссалом: “Эй, Раббим, уни қандай топаман?” деди. Аллоҳ Таоло: “Саватга балиқ олгин, уни йўқотган жойда бандамни топасан”, деди.

Мусо алайҳиссалом Юшаъ ибн Нун билан йўлга отландилар, бир катта тошга етганда дам олишга тўхтаб, ухлаб қолдилар. Балиқ саватдан тушиб: “Бас, у (балиқ) денгиз қаърига йўл олди. Бас, қачонки (у ердан) ўтишгач, (Мусо) йигитига: “Нонуштамизни келтир, ҳақиқатан, бу сафаримиздан жуда чарчадик”, деди. У (хизматкор) айтди: “Буни кўринг, биз (денгиз соҳилидаги) қояга бориб (ором олган) пайтимизда, мен балиқни унутибман. (Буни сизга) айтишни фақат шайтон ёдимдан чиқарди. У (балиқ) денгизга ажиб (йўсинда) йўл олган эди”. (Мусо) деди: “Мана шу биз истаган нарсадир”. Сўнг (Ҳизрни) қидириб, изларига қайтдилар” (Каҳф сураси, 61-64 оятлар).

Мусо алайҳиссалом балиқ йўқолганини билиб тўхташи учун Аллоҳ Таоло унга чарчаганини билдирди. Бундан олдин чарчоқ нималигини билмай кетаётган эди. Бундан Мусо алайҳиссалом илмга қанчалар муҳаббатли экани кўринади. Аллоҳ илмга ҳарис талабаларга ўзи ёрдам бериб, ишини осон қилади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Мусо алайҳиссалом қиссаларини давом эттириб айтадилар: “Иккиси ҳарсанг тошга етганида кийимига ўралиб ётган бир кишини кўрди. Мусо алайҳиссалом унга салом бериб, “Мен Мусоман”, – деди. “Баний Исроил Мусосими?” – деди. Мусо алайҳиссалом: “Ҳа, сенга билдирилган  билимдан менга ҳам таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?”  – дедилар. “У (Ҳизр) айтди: “Аниқки, сен мен билан бирга (илм муаммоларига) сабр қила олмайсан. Сенга берилмаган илм менга берилмаганидек, сенга менга берилмаган илм берилган”. Мусо дедилар: “Иншааллоҳ, сен менинг сабрли эканимни кўрурсан. Мен бирор ишда сенга итоатсизлик қилмасман”. Иккиси денгиз соҳили бўйлаб кетдилар, кема тўхтайдиган жойга бориб бир кемага чиқишди. Бир чумчуқ келиб кеманинг четига қўниб денгиз сувидан бир-икки чўқилади. Ҳизр: “Эй Мусо, сен билан менинг илмим Аллоҳнинг илмининг олдида чумчуқ денгиздан чўқилаб олган шу сув кабидир”, – деди. Сўнгра иккиси билан Аллоҳ Каҳф сурасида ҳикоя қилган воқеа бўлиб ўтди.

Муовия розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Эй, инсонлар, илм ўрганинглар, илм ўрганиш – фиқҳ таълим олиш билан бўлади, Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динни тушунувчи қилиб қўяди” (Табароний ривояти).

Илмга рағбати баланд, унинг қадрини билган халқ, шубҳасиз, ҳар соҳада пешво бўлади. Илмни беқадр санаб, олимларни ҳурмат қилмаган халқ заволга юз тутади.

"Ислом ва олам" китоби

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!