Уламолар “ишлаб чиқариш”. Уламолар вақти

19:35 23.08.2019 313

Вақт катта қийматга эга. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда вақтга кўп қасам ичган. Ғарб назарияси “вақт бу – пул”, деб ҳисоблайди. Ислом назарияси “вақтни пул билан ўлчаш унинг қадрини пастга уришдир, вақт бу – ҳаёт”, дейди.

Бир солиҳ киши чойхона ёнидан ўтиб қолди ва қаттиқ оғриқ тутгандай талвасага тушди. Сабаби сўралганда: “Аллоҳга қасамки, афсусдаман, қанийди вақт сотилса-ю бу ўтирганларнинг вақтини сотиб олсам”, – деб жавоб берди.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Шундай одамларни кўрганманки, улар вақтларини сизлар пулларингизни авайлаганларингиздек авайлардилар” (Анвар ибн Саид Байловий. “Ал-Вақт байна хирсис салаф ва тафритил халаф”).

Минг афсуски, кўпчилик бу ҳақиқатни тушуниб етмайди, вақт Аллоҳнинг энг улуғ неъмати эканини англамайди. Натижада уни қадрламай, бефойда нарсаларга совуради. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Икки неъмат бор, кўпчилик уни қадрламайди: соғлик ва бўш вақт” (Бухорий ривояти).

Мусулмон олимларнинг вазифалари жуда шарафли, шу баробарида жуда масъулиятлидир. Шунинг учун улар ҳатто нафаслари беҳуда олинмасди, натижада тарихда мисли кўрилмаган илму иззат ва шон-шарафга етдилар.

Имом Абул Вафо ибн Уқайл айтади: “Умримдан бир соатини ҳам бекор ўтказиш менга ҳаромдир. Агар тилим дарс қилишдан чарчаса, кўзим билан мутолаа қиламан, кўзим ҳам чарчаса, фикрим билан дарс қиламан, ўқиган китобим хаёлимда гавдаланади, саксон ёшимда ҳам йигирма ёшимдагидек илмга интиқман” (Абул Фазл Асқалоний. “Лисанул мийзан”).

У зот яна айтади: “Овқатланишга жуда кам вақт ажратаман. Нондан кўра сувга аралашган талқонни афзал кўраман, чунки чайнашга вақт кетмайди” (Ибн Ражаб Ханбалий. “Зайлу табоқатул ханабила”).

Мусо ибн Исмоил Табузакий айтади: “Хаммод ибн Салама ҳеч кулмаган десам, ёлғон айтмаган бўламан. У доим ҳадис, қироат, тасбеҳ, намоз билан машғул эди. Вақтларини шу ишларга тақсимлаб олганди” (Абул Ҳажжож Миззий. “Таҳзибул камол”).

Имом Сулайм ибн Айюб Розий ҳар бир нафасини ҳисобларди. Абул Фараж Ғайс ибн Али айтади: “Шайх ҳар бир нафасини фойдали ўтказарди. Ё дарс берар, ё қироат қилар, ё нусха кўчирар эди. У бир куни уйига бориб келгач: “Йўлда ҳам  вақтим бекор кетмади: бир пора Қуръон ўқидим”, – деган экан”.

Қози Иёз ёзади: “Аҳмад ибн Абдулмалик илмни яхши кўрарди, кечаю кундуз дарс билан машғул эди. Ҳайит куни бир дўсти унинг зиёратига келди. У дўстини ўтқазиб, ўзи китоб мутолаасига берилиб кетди. Дўсти уни кутавериб тоқати тоқ бўлгани эсига тушгач, ундан узр сўради. Дўсти унга: “Ҳайит – байрам бўлса, шу кунда дам олсанг, роҳатлансанг бўлмайдими?” – деганида, “Мен дарс қилиб роҳатланаман, қалбга илм ишқи тушса, ўқишдан бошқа роҳат қолмас экан”, – деб жавоб берган эди” (Қози Иёз, “Тартибул мадаарик”).

Илмга жидду жаҳд қилган инсон ҳар дақиқани ғанимат билади. Уларда “бўш вақт” деган тушунча ёт бўлган. Ейиш – ичиш каби зарур ҳолларда ҳам илм билан шуғулланишган.

Аҳмад ибн Али Раммом айтади: “Абдурраҳмондан отасининг илмини қандай олганини сўрадим. У: “Отам овқатланаётганда ҳам, юриб кетаётганда ҳам, бирор нарса учун уйга кирганида ҳам унга китоб ўқиб турардим”, – деб жавоб берди” (Абул Ҳажжож Миззий. “Таҳзибул камол”).

Абдурраҳмон раҳимаҳуллоҳнинг бу меҳнатлари зое кетмади. “Жарҳ ва таъдил” номли тўққиз жилдли, “Тафсир” номли бир неча жилдли, “Муснад” номли минг қисмли китоби дунёга келди.

Шу ўринда ўз тажрибаларим билан ўртоқлашмоқчиман. Америкада ишлаган пайтимда ишхонам уйимдан узоқроқ – анча вақт машинада юрардим. Вақтни зое қилмаслик мақсадида режа асосида кўпгина маъруза кассеталарини эшитдим, улардан кўп фойда олдим. Ахир, бу вақт бекор ўтиб кетиши мумкин эди.

Мен кассеталарни бетартиб эшитмадим, мавзулар бўйича кетма-кетлик билан эшитдим. Бу тажрибамни ҳамма биродарларга тавсия қиламан. Чунки ҳар биримиз уловимиздаги эшитиш воситаларидан унумли фойдаланишимиз даркор. Бунга озгина қунт қилсак кифоя!

Нафақат уловда, балки бирор кишини кутиш жараёнида ҳам қулоқчин (наушник) ёрдамида кўп маълумотга эга бўлишимиз мумкин. Китоб ёки Қуръон олиб юриб, вақтимиз фойдали ўтказишимиз мақсадга мувофиқ, бу илмимиз зиёда бўлишига хизмат қилади.

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳимаҳуллоҳ кечаси ухламас эди. Олдига сув қўйиб олар, уйқу келганда, сув билан уйқусини қочирар эди. “Уйқу иссиқлик сабаб келади, уни совуқ сув билан даф қилиш керак”, – дерди (Тошкабрий. “Мифтахус саадаҳ ва мисбаҳус сияда”).

Ибн Лубод айтади: “Муҳаммад ибн Абдус ўттиз йил бомдодни хуфтоннинг таҳорати билан ўқиди: ўн беш йил дарс, ўн беш йил ибодат сабабли” (Қози Иёз. “Ал-Илмаъ ила маърифати усулир ривая ва тақйидис симаъ”).

Имом Нававий айтади: “Ҳар бир дарсни пухта ўзлаштириб, луғати ва чигал жойларига таълиқ қилардим, Аллоҳ вақтимга барака берди, менга ёрдам берди”.

Имом Заҳабий Исмоил ибн Аҳмад Хайрийнинг таржимаи ҳолида ёзади: “Хатиб Бағдодий ундан Маккада “Саҳиҳи Бухорий”ни уч мажлисда эшитган: икки мажлис шомдан бомдодгача, учинчиси чошгоҳдан бомдодгача бўлган”. Заҳабий айтади: “Бизнинг давримизда бу иш ҳеч кимнинг қўлидан келмаса керак” (Саховий. “Фатхул муғис”).

Ҳофиз Саховий устози Ибн Ҳажар ҳақида айтади: “Устозим “Саҳиҳи Бухорий”ни қирқ қум соатида ўқиб чиққан, “Саҳиҳи Муслим” ва “Сунани Ибн Можа”ни тўрт мажлисда, “Сунани Насоий”ни ўн мажлисда тугатган. Ҳар бир мажлис тўрт соат давом этарди. Ибн Ҳажарнинг бу мажлисда энг тез ўқиган китоби Табаронийнинг “Мўжамул Кабир”идир. Бу китоб бир минг беш юз ҳадисни ўз ичига олган бўлиб, уни пешиндан асргача бўлган вақт оралиғида ўқиб чиққанди” (Саййид Аффоний. “Салохул умма фий улуввил ҳимма”).

“Табақотил атиббо” китобида Ибн Сино нақл қилади: “Ўн ёшимда Қуръон ва одоб ўқитувчисига борардим. Абу Абдуллоҳ Ноилий исмли файласуф бизнинг уйимизга кўчиб келди, ундан фалсафани ўргана бошладим. Бундан олдин Исмоил Зоҳиддан фиқҳни ҳам ўрганган эдим. Фалсафага қизиқишим ортиб борди, кўп китоблар мутолаа қилдим, Евклиднинг китобини ҳам ўқидим, кейин “Алмагест” китобига ўтдим. Муқаддимасини тугатганимда Ноилий давомини ўзим ўқийверишимни айтди. Китобни ўқиб, у тушунмаган жойларни ҳам тушунадиган бўлдим.

Устоз Ноилий Урганчга кўчиб кетди. Табиат ва илоҳиёт фанларни ўқий бошладим, илм эшиклари менга очилди. Сўнгра тиббиётга қизиқишим ортиб, соҳага оид китобларни ўқий бошладим. Тиббиёт фани қийинлик қилмади, уни дарров эгаллаб олдим. Бора-бора энг зўр табиблар мендан дарс ола бошлади. Касалларни даволаб, кўп тажрибалар ўтказдим. Фақиҳлар билан мунозара ҳам ўтказиб турардим, ўша пайтларда ўн олти ёшда эдим. Бир ярим йил фалсафа китоблари мутолааси  билан машғул бўлдим. Кечалари кам ухлардим, бир масалани тушунмасам масжидга бориб, Яратувчига илтижо қилардим, шунда қийин масалалар менга осон бўларди. Кечаси уйга қайтиб, яна ўқиш ва ёзишга киришардим. Уйқум келса, совуқ сувга юз-қўлимни ювиб яна ўқирдим. Ухлаб қолсам, ўқиётган китобим тушимга кирарди, шу сабабли кўп масалалар тушимда ечилган. Шундай қилиб, барча фанларни эгаллаб бордим. Мантиқ, табиат, риёзат фанларини пухта эгаллаб, илоҳиёт фанига ўтдим. Арастунинг “Метафизика” асарини ўқиб тушунмадим. Қирқ марта ўқиб, ёд қилиб юборсам ҳам, муаллифнинг мақсадини англолмадим. Бу китобни тушуниш имкони йўқ деган хулосага келдим.

Кунларнинг бирида бозорга чиқдим. Китобфуруш бир китобни менга тавсия қилди, умидсиз ҳолда рад этдим: “Китоб эгаси пулга муҳтож, уч дирҳамга ол”, – деди у. Китобни олиб қарасам, Абу Наср Форобийнинг “Арастунинг “Метафизика” асарига шарҳ” экан. Уни ўқиб, тушуна бошладим. Шодлигимдан фақирларга кўп садақа қилдим” (Ибн Абу Усайба. “Уйунул анба фий табақотил атибба”).

Имом Рабеъ айтади: “Имом Шофеъий Мисрда тўрт йил яшади. Тўрт йилда айтиб ёздирган маърузалари бир минг беш юз варақ бўлди, у киши касал эди (бавосир касаллиги), гоҳида уловда кетаётганларида қон кетиб, маҳсилари ва шалворлари қонга беланарди” (Байҳақий. “Маноқиб”).

Амр ибн Савод айтади: “Менга Шофеъий ўзи айтиб берди: “Асқалонда туғилдим, икки ёшимда онам билан Маккага кўчиб кетдик. Икки нарсага қизиқардим: камонбозлик ва илмга. Мерганликда шу даражага етдимки, ўнта ўқнинг ҳаммасини нишонга тўғри урардим”. Имом илм ҳақида индамади. Мен: “Аллоҳга қасам, илмда мерганликдан ҳам устароқсиз”, – дедим” (Абу Нуайм. “Хулятул авлиё”).

Уламолар ўлим тўшагида ҳам вақтларини ғанимат биларди. Муофий ибн Закариё айтади: “Абу Жаъфар Табарий вафот этаётгани пайт ёнларида эдим. Ҳозир бўлганлардан бири Жаъфар ибн Муҳаммаддан бир дуони зикр қилди. Табарий тезда қоғоз-қалам олиб келишни буюриб дуони ёзиб олди. “Шу ҳолатда ҳам шартмиди?” – дейишди унга. “Киши ўлгунича илмдан баҳраманд бўлиши керак”, – деди у ва бироздан сўнг вафот этди” (Ибн Асокир. “Тарихи Димашқ”).

Басра масжиди имоми Фарқад айтади: “Суфён Саврий ўлим тўшагида ётганида унинг ёнига кирдик. Бир киши бир ҳадис айтди, ҳадис шайхга ёқиб қолди ва кўрпаси орасидан лавҳ чиқариб ҳадисни ёзиб олди. “Шу холда ҳам шартмиди?” – дейишди. Шайх: “Бу – гўзал ҳадис, тирик қолсам, гўзал сўзни эшитган бўламан. Ўлсам, гўзал сўз ёзиб ўлган бўламан”, – деб жавоб берди” (Абу Нуайм. “Хулятул авлиё”).

Имом Абу Юсуф Ёқуб ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ-чи? У киши Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирди, ҳанафий мазҳабини тарқатган олим эди. Маҳдий, Ҳодий, Рашид номли уч халифага қозилик қилган, “Қозил қузат” (қозилар қозиси) лақабини олган. Ҳижрий 182 йилда вафот этади. Иброҳим ибн Жарроҳ айтади: “Абу Юсуф касал пайти зиёратига кирдим, у беҳуш эди. Ўзига келиб менга:

–  Масала ечамиз, – деди.

–  Шу аҳволда-я? – дедим.

–  Ҳечқиси йўқ, дарс қилаверайлик, балки нажот топармиз, – деди у.

–  Эй, Иброҳим, ҳажда пиёда тош отган яхшими ёки уловдами? – деди сўнгра.

–  Уловда отган яхши, –дедим.

–  Хато айтдинг, – деди.

–  Пиёда отган яхши, – дедим.

–  Яна хато айтдинг, – дедилар.

–  Аллоҳ сиздан рози бўлсин, ўзингиз айтинг, – дедим.

– Тўхтаб дуо қиладиган киши пиёда отгани яхши, тўхтамайдиган киши уловда отгани яхши, – дедилар. Мен у кишининг ҳузуридан чиқдим. Ҳовлидан чиқаётганимда йиғи овози эшитилди. У вафот этганди” (Ибн Муаззамшоҳ Кашмирий. “Арфуш шазий лил Кашмирий”).

Фақиҳ Абул Ҳасан Али ибн Ийсо раҳимаҳуллоҳ айтади: “Абу Райҳон Беруний ўлим тўшагида ётганида ҳузурига кирдим. У хириллаб ётарди, менга: “Она томондан бувилар меросда қанча олади?”, – деди. Мен унга раҳмим келиб: “Шу пайтда шартми?” – дедим. “Дунёдан шу масалани билиб ўтганим билмай ўтганимдан яхшироқ эмасми?!” – деди” (Софдий. “Ал-Вофий билвафиёт”).

Бу шундай уламоларки, эккан илм дарахти меваларидан ҳамон баҳраманд бўлмоқдамиз. Шубҳасиз, уларнинг савоби ва шон-шуҳрати қиёматга қадар давом этади.

Ибн Жарир Табарий қирқ йил кунига қирқ варақдан китоб ёзган экан, ҳаммасини ҳисобласа, ярим миллион варақдан ошади! Шубҳасиз, шунча ижод қилган одам бирор дақиқасини зое қилмайди. Имом Табарий битта фанда ижод қилмаган. Тафсир, тарих, фиқҳ каби бир неча илм турлари билан шуғуллангани маълум.

Абул Вафо ибн Ақийл вақтини жуда қадрларди, натижада саксон жилдли “Фунун” номли китоб ёзди. Ҳофиз ибн Ражаб олимнинг таржимаи ҳолида ёзади: “Унинг энг катта китоби “Фунун”дир. Китоб катта ҳажмда бўлиб, ваъз-иршод, тафсир, фиқҳ, усул, наҳв, луғат, шеър, тарих, ҳикоялар, хотиралар, аҳли илмлар орасидаги баҳс-мунозаралар каби кўп маълумотларни ўз ичига олади” (Ибн Ражаб Ханбалий. “Зайлу табақотил ханобила”).

Ҳофиз Заҳабий айтади: “Уламолардан ҳеч ким у зотдай кўп китоб ёзмаган. Ҳар бир фан бўйича алоҳида китоби бор. Баъзиси йигирма жилд, баъзиси кичкина рисоладан иборат” (Заҳабий. “Тарихил ислам”).

Бу улкан муваффақиятларнинг асоси вақтни зое ўтказмасликдир. Муваффақ ибн Абдуллатиф айтади: “Ҳеч бир вақтини зое ўтказмас эди” (Заҳабий. “Тазкиратул хуффаз”).

Имом Тож Субкий ўз замонаси тиббиётининг раиси Ибн Нафис раҳимаҳуллоҳ ҳақида шундай ёзади: “Ер юзида унингдек табиб йўқ эди, даволашда Ибн Синодан ҳам устун эди. Тиббиётда “Шомил” номли китоб ёзди. Китобни уч юз жилд қилмоқчи эди, лекин саксон жилди тўлиқ бўлган-у қолгани ёзилмай қолган. Зеҳнидан тўғри ёзиб кетавергач, қандай ҳам тўлиқ бўлсин?!” (Қанужий. “Абжадул улум”).

Ибн Нафис раҳимаҳуллоҳ ёзмоқчи бўлса, олдига учи чиқарилган бир неча қалам қўйиларди. У юзини деворга ўгириб ёддан ёзаверарди, қалам ёзмай қолса, бошқаси билан ёзар, ҳатто қалам учлашга вақтини қизғанарди.

Бир куни у ҳаммомга кирди. Чала ювиниб кийиниш хонасига чиқди, қоғоз-қалам чақириб, юрак уриши ҳақида ёза бошлади. Ёзишни тугатгандан кейингина ғуслни охирига етказиб қўяди (Умар Форуқ. “Ибн Нафис фий тарихит тиб”).

Юқорида зикр қилган уламолар ҳаётига назар солиш кишига ҳиммат бағишлайди. Баъзиларга уларнинг одатлари ошиқча такаллуф туюлади. Кўпчилик вақт иши осон, ҳаётда ҳалол қилинган неъматлар кўп, улардан баҳраманд бўлиш учун анча вақт керак, деб ўйлайди. Ҳақиқий уламолар умр қисқалиги, охират ҳақ эканини яхши англагани боис соатларини эмас, нафасларини ҳисоблаб юрарди. Ҳасан Басрий қандай ажиб гапирган: “Эй, Одам боласи, сен кунлар йиғиндисисан. Бир кунинг кетса – бир бўлагинг кетади, бўлаги кетган нарсанинг яқинда ҳаммаси кетади” (Ибн Ражаб Ханбалий. “Жомеъул улум вал ҳикам").

Эй, Аллоҳнинг бандаси, сиз бир неча лаҳзаларсиз, ё ўзингизга ва башариятга фойда келтирасиз, ё бекор яшаб ҳалок бўласиз-у зарар кўрасиз!

“Оқил улким, нафсини паст олиб, охират учун амал қилгай, ожиз улким, нафсига эргашиб, Аллоҳдан хомхаёлларча орзу қилгай” (Термизий, Ибн Можа ривояти).

Аллоҳдан Ислом ва мусулмонларни азиз қилишини сўрайман.

"Ислом ва олам" китоби

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!