Аҳли ирфон

Шайх Муҳаммад Аввома билан суҳбат – уламоларга кўра Кавсарий... (1 қисм)

916

– Устоз, рухсат берсангиз, сиз билан марҳум Имом Зоҳид Кавсарий ҳазратлари ҳақида суҳбат қилсак дегандим.

– Албатта, марҳамат.

– Уламолар наздида Имом Кавсарийнинг ҳадис ва фиқҳдаги ўринлари қандай?

– Бироз кутиб турсангиз, бунга алоқадор бир ҳужжат олиб келаман (устоз ёнларидаги ишхонага кириб, Амин Сарач ҳазратлари ҳадя қилган ва Кавсарий ҳақида баён этилган саҳифа билан келдилар). Азҳар университетининг замондош олимларидан бири билан Мисрда учрашган эдим. Исми Шайх Абдулваҳҳоб Абдуллатиф, бу кишини танийсизми?

– Ҳа, адашмасам, у киши муҳаддис.

– Шайх бир қатор асарларни, хусусан, Суютийнинг “Тадрибур равий”сини тадқиқ қилганлар. Ундан ташқари, бошқа тадқиқотларга ҳам ёрдам берганлар. Шайхнинг бугунги кунда Азҳарнинг ҳадис бўлими магистратурасида таълим олаётган талабаларга ўқитаётган дарс китоблари ҳам бор. Шулардан бири – “Ал-мухтасар фий илмир-рижалил асар”. Айни пайтда Кавсарийнинг замондоши бўлмиш Шайх Абдулваҳҳоб Абдуллатиф “Ал-мухтасар фий илмир-рижалил асар” номли асарини нашр қилдиргач, ундан бир нусхани Кавсарийга тақдим қиладилар. Унинг биринчи саҳифасида шундай ёзилган бўлади: “Қориларнинг имоми, ҳадисда мўминларнинг амири, ҳужжатул Ислом, дунёнинг буюк олими, тадқиқотчи, ишончли, тақводор, зоҳид, буюк устоз, устозларимиз устози, Шайх Муҳаммад Зоҳид ал-Кавсарий ҳазратларига... Аллоҳ умрини узоқ, Исломга бўлган хизматларини бардавом айласин”. Муаллиф Абдулваҳҳоб.

– Ҳақиқатан, ортиқча сўзга ҳожат йўқ экан. 

– Шундай... (Устоз Аввома Шайхнинг марҳум Кавсарий ҳақида айтганларини аҳамиятига кўра иккинчи маротаба ўқидилар). Ҳа, кўриб турганингиздек, мисрлик, Азҳардаги бир муҳаддис олим марҳум Кавсарий ҳақида шуларни айтганлар. Ҳадис илми билан машғул бўлган инсон у зотни шундай сифатлар билан сифатлаяптилар. Биз мисрликларни таниймиз. Шимолий африкаликлар унча-бунчага бундай мадҳ этувчи сўзларни ишлатмайдилар. Лекин бу урфга қарамасдан, Шайх Абдулваҳҳоб шундай деганлар. Мана, кўриб турганингиздек, бу ёзув айнан муқаддимада битилган. Кавсарий ҳазратлари ҳам китобни талабаси бўлмиш Муҳаммад Амин Сарочга ҳадя қилганлар. Мана бу ерда эса Муҳаммад Амин Сарочнинг битиклари бор.

– Устоз, марҳум Кавсарий ҳазратларини замондош олимларга ва муҳаққиқ олимларга нисбатан ажратиб турган хислатлар нималар эди?

– Замондош деб айнан кимларни назарда тутяпсиз? Туркиядагиларми ёки бутун дунёдаги замондошлариними?

– Умумий маънода сўраяпман. Масалан, Истанбулда улар билан бирга ўқиган жуда кўп дўстлари бор эди. Лекин Мустафо Сабри домла у киши ҳақида “Кавсарий, Фотиҳ мадрасасининг ифтихоридир!” деганлар. У зот фақиҳ ва муҳаддис сифатида бутун дунёдаги олимларнинг муаммоларини ҳал қилиб, шуҳрат қозондилар. Бунга қайси омиллар сабаб бўлган?

– Марҳум Кавсарий ҳазратларининг шуҳрат қозонишлари ва бу қадар забардаст олим бўлиб етишишларининг бир қанча сабаблари бор. Менимча, энг асосийси у кишининг қобилиятлари ва вояга етиш муҳитларидир. Амин Сарочдан эшитишимча, Кавсарий 20 ёшларида қўлёзма асарлар борасида машҳур бўлган. Ёшлигининг илк чоғлариданоқ олимлар у кишига мурожаат қилган. Бундан ташқари, хотираси кучли, зеҳни ҳам ўткир бўлган. Бу ерда (Мадинаи Мунавварада) яшайдиган турк олимларидан Шайх Мустафо Нажотуддин исмли бир қўшнимиз бўлар эди. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин. У кишининг менга айтиб беришича, Туркияда Кавсарийнинг Шайх Ҳамди Кичик исмли бир олим дўсти бўлган. Шайх Ҳамди ўзининг тингловчиларига Кавсарийнинг илми ва хотирасининг қанчалик кучли эканлигини мана шундай ўхшатиш орқали айтиб берар экан: “Бирор киши сандиққа бир нарсасани қўйиб, уни қулфласа, ўша нарса сандиқдан йўқолиши мумкинми?” Тингловчилар “Йўқ!” дейишгач, у киши шундай давом этар эканлар: “Кучли хотирага эга инсон ҳам бирор китобни ўқиганида, ўша китоб унинг бошида ўрнашиб қолади. Яъни ҳеч нарсасини унутиб юбормайди”. Кавсарийнинг шогирдлари ва асарлари мазкур ўхшатиш ҳеч қандай муболаға эмаслигини кўрсатмоқда. Кавсарий айнан мана шундай хотирага эга эдилар.

Марҳум Кавсарийнинг ақл-заковот ва қобилиятига келсак, устозимиз Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудданинг (роҳимаҳуллоҳ) бизга айтиб беришларича, Суриянинг эски Адлия вазирларидан Нуҳад ал-Қосим Кавсарий билан учрашганида ҳайратланиб, шундай деган: “Умрим бино бўлиб, бундай кучли зеҳнга эга олимни кўрмаганман”.

Яна устозимиз Абдулфаттоҳ ва устози Мустафо Зарқо (роҳимаҳуллоҳ) – Зарқо барчамизнинг устозимиздир – орасида марҳум Кавсарийнинг илмий ҳолатлари ҳақида шундай суҳбат кечади. Устозимиз шундай дейдилар: “Мисрга борган йилимнинг охирида Сурияга қайтганимда, устозим Зарқо мендан у ерда қайси уламолар билан учрашганимни сўрадилар. Мен Кавсарийни айтиб бердим. У кишининг илмлари бепоёнлигини айтиб бердим. Орадан маълум бир вақт ўтди. Кейин Мустафо Зарқо Мисрга боришга қарор қилдилар ва мендан Кавсарийнинг манзилларини сўрадилар, мен бердим. Устоз Зарқо Қоҳирада маълум вақт бўлиб, Сурияга қайтганларидан кейин учрашганимда менга шундай дедилар: “Ҳаётда афсус қилган бир нарсам бор, у ҳам бўлса устоз Кавсарийдан 6 йил фиқҳдан таълим ололмаганимдир”. Бу гапларни ким айтган? Зарқо ҳазратларининг шахсан ўзлари. Ўзлари фақиҳ бўлиши билан бир қаторда отаси ҳам, бобоси ҳам фақиҳда ҳужжат бўлганлар. Уларнинг оиласи фақиҳ ҳисобланган. Мана шундай уламо Кавсарийни шундай таърифлаган.

Унинг бошқа олимлардан кўра қадрли бўлишининг сабабларидан бири умрининг катта қисмини Қоҳирадек кўплаб уламолар яшайдиган шаҳарда ўтказганидир. Қоҳира Азҳарнинг юртидир. Азҳар эса илм борасида Ислом оламининг қибласи саналади. Дунёнинг турли ҳудудларидан келган олимлар ўша ерга боришарди. Қолаверса, Миср китоблар нашр қилинган жойдир. У ҳам муҳим сабабларидан.

Бундан ташқари, Кавсарий аҳли суннани ва ашъарийларни ҳимоя қилиши, фақиҳларни, хусусан, Абу Ҳанифани ҳимоя қилишлари бу борадаги асарларни тадқиқий ва танқидий ҳолда нашр қилдириши, таълиф қилишлари уни янада шуҳрат қозонишига сабаб бўлган омилдир. Ҳатто бугунгача у кишига қарши тоифалар на эътиқодий, на фиқҳий соҳада ундан ўза билдилар. Унга раддия ёзишга журъат қилолмаганлар фақатгина Яманийнинг орқасига беркиниб бир нарсалар дея олмоқдалар. Лекин аҳли илм шуни биладики, Абдурраҳмон ибн Яҳё ал-Муаллимий ал-Яманий ҳам бу китобни ўз ихтиёри билан ёзмаган. Аксинча, ёзишга мажбурлашган.

Иҳсан Шеножакнинг Муҳаммад Аввома билан суҳбати
Абдуллоҳ РАҲИМБОЕВ таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Улуғларнинг ҳоли...

137 00:00 25.02.2020

Олимларнинг илмга чанқоқлиги

566 00:12 19.02.2020

Наманган уламолари шундай эдилар...

4102 11:00 14.02.2020

Улуғларнинг жавоби жавобларнинг улуғи

1806 08:00 10.02.2020

Жумҳур  уламолар...  кимлар?

1160 08:40 06.02.2020

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ташқи кўриниши ўхшайдиган саҳобаларни биласизми?

1621 20:30 03.02.2020
« Орқага