Аҳли ирфон

Шайх Муҳаммад Аввома билан суҳбат – уламоларга кўра Кавсарий... (2 қисм)

563

1-қисм

– Муаллимийни мажбурлаганлар кимлар эди?

– Улар маълум. Уларнинг кимлигини биласиз.

– У ҳолда Яманийнинг “Ат-Танқил” асарининг ишончлилигини аниқлаштириш лозим бўлади, шундай эмасми?

– Албатта, шундай... Ал-Муаллимий қаерлик? Яманлик. Яъни шофеъий олим. Кавсарий эса ҳанафий. Устоз Кавсарий кучли олимлар орасида улғайиб, Мисрга келганларида жуда кўп баҳс-мунозараларга берилиб кетадилар. Қаламини қилич қилиб, аҳли суннанинг ҳимоясига киришадилар. Шу ерда жуда кўплаб асар ёзадилар. Муаллимий ҳам муҳаққиқ шофеъий олимларидан. Аслида иккиси ҳам бир ғояни кўзлайдилар. Лекин Муаллимийнинг шофеъий эканлигидан фойдаланиб қолишни кўзлаган Кавсарийга қарши тоифалар бўш турмайдилар. Маълумки, одатда шофеийлар ҳанафийларга раддия ёзишлари билан машҳур. Лекин бу нарса илмга асосланмайди. “Ат-Танқил” ҳам худди шундай тоифалар воситасида ёзилган.

Асарнинг ишончлилиги борасида шуни айтиб ўтмасам бўлмайди: ҳижрий 1400 йилда, Мадинаи Мунавварага кўчиб келганимдан 2-3 ой ўтар ўтмас, умра қилиш учун Маккага бордим. У ерда Ҳарамнинг кутубхонасига кириб, қўлёзма асарлар қисмида айланиб юрганимда Муаллимийнинг Кавсарийга ёзган раддиясини кўриб, қизиқиб сўраб олдим. Муаллимийнинг қўлёзма китоби мактабдаги ўқувчиларнинг қоралама дафтарига ўхшаш кичкинагина эди. Ичида ҳам Кавсарийнинг “Таънибул Хотиб” асарида ёзган фиқҳий мавзуларигина раддияга учраган эди.

– Яъни бугунги кундагидек эътиқодий масалалар бўлмаган, шундайми?

– Ҳа. Зеро, китобнинг номи ҳам “Таъниб”даги фиқҳий масалаларга раддия” эди. Кавсарий раддия ёзган Хотиб ал-Бағдодий ҳам шофеъий уламоларидан эди. Ал-Муаллимий Кавсарийга қарши уни ҳимоя қилган. Буни кўриб, мен 2 йил олдинги воқеани эсладим. Исми нима эди? Ҳиндистонлик олим Ҳабибурраҳмон ал-Азамийнинг Ҳалабга келиши...

– Муҳаддис Ҳабибурраҳмон ал-Азамийми?

– Ҳа, асли ҳиндистонлик буюк муҳаддислардан. Ҳалабда бир-икки ой яшади. Мен бир муддат у кишининг хизматларини қилиш шарафига ноил бўлдим ва у зотдан бир қанча саволларимга жавоб олдим. Муаллимийни танийсизми, деб сўрадим. Ҳа, дедилар. Қандай инсон деганимда менга шундай дегандилар: “У шофеъийлардан”. Мен ҳам унга бўлган ҳурматимдан бошқа нарса сўрамадим. Зеро, “У шофеъийлардан” деган гапдан Муаллимийнинг қайси тоифалар таъсирида қолиб “Ат-Танқил” асарини ёзганини пайқаш мумкин.

Боя айтганим Ҳарам кутубхонасидаги ўша дафтарни кўриб, Шайх айтган гаплар ёдимга тушди: “Муаллимий шофеъийдир. Шофеъийлар ҳанафийларга раддия ёзишлари мумкин”. Кейин эса бу ердаги замондош уламолар унинг бу жасоратини кўришгач, яъни Кавсарийга жавоб ёза оладиган даражада илмга эгалигини кўришгач, буни фурсат билиб, унга “Таъниб”га тамоман раддия ёзишга тайинладилар. Шундай қилиб, у “Танқил”ни ёзди. Унинг муқаддимаси Кавсарий тириклигида ёзила бошланган. Кавсарий ҳам уни кўриб, ўқиган. Кейин эса унга раддия ўлароқ “Ат-Таҳриб би нақдит Таъниб” асарини ёзди. “Ат-Таҳриб” ҳам тириклигида босилган. Муаллимий Кавсарийдан 15 йилдан кейин вафот этган. Муаллимий бундан хабар топгач, Ҳарам кутубхонасида маъмур бўлиб ишловчи, айни пайтда Муаллимийнинг хизматида ишлаган африкалик Муҳаммад ибн Усмон ал-Канавийга шундай деган: “Бўлди. Бу инсон буюк олим. Иккинчи марта унга раддия ёзилмайди!”

Муаллимийга оид шу ибораларни ҳам Канавийнинг ривояти тўғрилаяпти. Муаллимий “Ат-Таҳриб”дан кейин Ибн Абу Хотим ар-Розийнинг “Ал-Жарҳ ват Таъдил” асарини тадқиқ қилиб чиқади. Асар Ҳиндистонда нашр қилинади. Муаллимий асарнинг кириш сўзида шундай дейдилар: “Буюк олим, устоз Муҳаммад Зоҳид ал-Кавсарий – Аллоҳ умрларини зиёда қилсин – Истанбулдаги Мурод Мулла кутубхонасида “Тақдимату жарҳ ват Таъдил”нинг бир нусхаси сақланаётганини айтмоқда. Аллоҳ ундан рози бўлсин. Аллоҳ унинг илмга хизмат қилишни ва унинг ёйилишини муваффақ айласин”.

Энди ўз-ўзидан бир савол пайдо бўлади: ким “Танқил”ни ўқиса, Кавсарийни куфурга кетган, имондан чиққан деб ўйлаши мумкин. Китобда ўқиганимизга қарасак, шундай тасвирланган Кавсарий. Энди қандай қилиб шундай тавсифлаган Муаллимий Кавсарийга “Буюк олим”, “Аллоҳ ундан рози бўлсин”, “Аллоҳ умрини зиёда айласин” дейиши мумкин? Мисол учун, сиз Тоҳа Ҳусайнга Аллоҳ умрига барака берсин, дейсизми?

– Йўқ, албатта.

– У ҳолда нега Муаллимий Кавсарийга “Аллоҳ умрини зиёда айласин” деган? Яъни бу ерда ғалатилик йўқми? Бир одамга эътиқодинг бузуқ деб, кейин “Аллоҳ умрини зиёда айласин” десанг. Буни ақл қабул қилмайди. Устига-устак, буни Муаллимий айтяпти. Муаллимий бу эътирофини Кавсарийнинг вафотидан 26 кун олдин, 1371 йил, шаввол ойининг 23-куни ёзган. Яъни Кавсарий ҳали тирик. Шуни ёзяптики, китоб нашр қилиниб, дарҳол Мисрга етиб борсин. “Танқил” асарида Кавсарий ҳақида ёзганлари учун узр сўрашни истайди: лекин аксига олиб, китоб Мисрга бормасидан Кавсарий оламдан ўтади.

– Устоз! Албонийнинг “Танқил”га ёзган муқаддимасида Кавсарийни ерга урган гаплар бор. Шу даражадаки, исмини ёзишга ҳазар қиладигандек ёзилган... У ҳақда ёза туриб “одам” деб кетган. Сатр ораларида куфрга иймондан кўра яқин деб билинган ва ерга урилган Кавсарий тасвирланган гўё. Албонийнинг бу тарзда ёзишига алоқадор нималар дейсиз?

– Албоний, “Танқил”нинг муқаддимасида Муаллимийдан шуни нақл қилиб келтиради: “Агарда кимда ким китобни ўқиб, қайд ёзмоқчи бўлса, қайдини қизил қаламда ёзсин. Қайдининг остига имзосини (исмини) ёзсин”. Муаллимий нега бундай талаб қўйган? Чунки “Танқил”ни Маккада яшовчи, асли мисрлик бир киши томонидан жуда хунук ифодалар ишлатиб Мисрда нашр қилинган. Жумладан, Кавсарий, Муаллимийнинг “Талиаътут Танқил”га раддия ўлароқ ёзган “Таҳриб”да “Мен шу, шу ва шу жумлаларни мадҳ деб кўрмоқдаман” деган. Лекин мазкур мисрлик шахс Кавсарий ёзган сўзларни топиб, китобдан чиқариб ташлаган. Яманликларни яхши биламан: улар ўйлаб гапирадилар. “Танқил”дагига ўхшаб, ёмон сўзларни ишлатишмайди. Лекин китоб кимнинг номидан чиқарилса, у китоб учун ўша шахс масъул бўлади. Мана шунинг учун ҳам Муаллимий “Танқил”ни турли ҳужумлардан ҳимоя қилиш учун: “Агар ким китобни ўқиб, қайд ёзмоқчи бўлса, қайдини қизил қаламда ёзсин. Қайдининг остига имзосини (исмини) ёзсин”, дейишга эҳтиёж сезган. Лекин Албоний муқаддимасида буни нақл қилган бўлса-да, бунга риоя қилмай, ҳақиқатни беркитган. Ҳа, майли.

Иҳсан Шеножакнинг Муҳаммад Аввома билан суҳбати
Абдуллоҳ РАҲИМБОЕВ таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Улуғларнинг ҳоли...

138 00:00 25.02.2020

Олимларнинг илмга чанқоқлиги

566 00:12 19.02.2020

Наманган уламолари шундай эдилар...

4102 11:00 14.02.2020

Улуғларнинг жавоби жавобларнинг улуғи

1806 08:00 10.02.2020

Жумҳур  уламолар...  кимлар?

1160 08:40 06.02.2020

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ташқи кўриниши ўхшайдиган саҳобаларни биласизми?

1621 20:30 03.02.2020
« Орқага