Илм

Уламони шер қафасига ташлади...

3598

Росих олимлар ҳамма вақт ва ҳамма ҳолатларда бирон бир масала тафаккури, ечими билан машғул бўлишади. Ҳаттоки ўлим онлари,  вафот чоғларида ҳам шундай бўлишади. 

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳимаҳуллоҳ вафотидан сўнг у зотни тушда кўриб, сўралди:

- Жон бериш онида қандай ҳолатда бўлдингиз?

У зот жавоб берди:

- Ўлим онларимда шаръий бир масала ечими билан ўй фикрим тўлиқ банд эди, руҳим чиққанини ҳам сезмай қолдим.
"Нофиъи кабир". 41-бет.

Халифа Мўътасим, Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳни мажлисига жазолаш учун ҳозир қилди. У ерда қози-ю қуззоти Ибн Абу Довуд ўз яқинлари билан ўтирар, улар орасида эса имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ шогирди бўлмиш Абу Абдураҳмон ҳам бор эди. Мажлисда  баъзилар жазоланаётган, баъзилар қатл қилинаётган эди. Икки кимса қатл қилиниб, қўрқинчли ҳолат воқеъ бўлган эди.

Аҳмад Ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ айтади: Абу Абдураҳмон Шофеъийдан:

- Масҳ ҳақида имом Шофеъийдан бирон масала айтиб бермайсанми?, дея сўрадим.Шунда Ибн Абу Довуд (фитнабоши):

- Мана бу кимсага қаранглар. Ўзи  ўлдирилишига яқин бўлиб турибди-ю, фиқҳдан масала сўраяпти-я, деди.
"Тарих даъват ва азимат". 1/97.  Шайх Абул Ҳасан Надвий.

Бунон ибн Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ Ҳаммол исми ила машҳур алломадир.  
Бир кун Бунон, Миср ҳокими ибн Тулунга насиҳат қилди. Ибн Тулун эса бундан жудаям ғазабланиб, алломани йиртқич шер олдига ташлашни буюрди. Шернинг қафасига алломани киргазишди. Шер аста секин яқинлашиб, уни ҳидлади. Бир икки ҳидлагач, аста узоқлашди. 

Алломани шер қафасидан чиқаришгач: 

- Шер сизни ҳидлаётганида қалбингиздан нелар ўтди? дея сўрашди. 

У зот: 

- Шер мени ҳидлаётганида уламоларнинг йиртқичлар қолдиғи ва сўлаги нажасми ёки покми экани ҳақидаги ихтилофларини ўйлаётган эдим,  деб жавоб берди. 


Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳимаҳуллоҳ  "Рисолатул-мусташидин" таълиқи, 98-бетда келтирган. 

"Ал-фатҳур-раббоний". Муҳаммад Ҳорун ибн Муҳиббур Раҳмон. 

Аллоҳ таоло аҳли илмларимизга росих уламолар изидан юришни  насиб қилсин. 


Суннатуллоҳ  АБДУЛБОСИТ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шерда бор виждон сенда борми?!

1358 18:06 18.01.2020

Хўроз уриштириш мумкинми?

1495 12:00 13.01.2020

Австралияда қарийб 500 миллион ҳайвон қирилиб кетди

664 17:00 04.01.2020

Ҳайвонни бичиш ва куйдириш ("Замонавий масалаларнинг шаръий ҳукмлари")

1945 20:00 24.07.2019
« Орқага