Таҳлил

Улар нега Кашмир масаласида Ҳиндистонни қўллаб-қувватламоқда?

668

Ўтган ҳафта Европарламент делегацияси Кашмирга олдиндан келишилган ҳамда барча харажатлар Ҳиндистон ҳукумати томонидан қоплаб берилган сафарни амалга оширди. Улар жорий йил августидан бери мухторият ҳуқуқидан маҳрум қилинган мазкур минтақага келган илк хорижликлар бўлди.

Делегация ҳақида дастлабки хабарлар тарқалиши билан унинг таркиби жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди. Чунки қарийб ўттизга яқин депутатнинг аксарияти ўта ўнг руҳдаги, иммиграцияга қарши евросептик партия вакиллари эди.

Узоқ давом этмаган сафар чоғида делегация коммендатлик соати амал қилаётган Сринагарни айланиб чиқди, Дал кўлида кемада сайр қилишга ҳам улгурди. Ажабланарлиси, худди шу пайтда бу ҳудудда тўқнашувлар бўлиб ўтгани тўғрисида хабарлар тарқалганди.

Ҳиндистон бутун дунёни ўз ёлғонига ишонтирмоқчи

Жамму ва Кашмир штати расман иккига бўлинди

Вакиллар сафар доирасида талабалар ва савдогарлар билан суҳбатлашди. Делегациянинг Кашмирга сафари Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг терроризмга қарши кураши жуда юқори баҳоланган матбуот анжумани билан якунланди.

Ҳиндистоннинг мухолиф партиялари, Европарламентнинг қолган аъзолари ва кашмирлик фаоллар мазкур ташрифни пиар учун шунчаки томоша деб атади ҳамда кескин танқид остига олди.

Ҳиндистон мухолиф сўл қанот партиясининг аъзоси, парламент депутати Тереза Гриффин Твиттердаги саҳифасида шундай деб ёзди: «Ҳаммага мутлақо тушунарли бўлишини истардим: бу одамлар Европарламент томонидан жўнатилган расмий делегация эмас. Улар Европарламент номидан гапира олмайди».

Дарҳақиқат, ушбу гуруҳ мамлакат бош вазири Нарендра Моди билан учрашганига қарамай, Кашмирга расмий делегация мақомида келгани йўқ.

Мазкур сафар Деҳли Қўшилмаслик ҳаракати тадқиқотлари институти ва Брюсселдаги Аёллар иқтисодий ва ижтимоий таҳлил маркази томонидан ташкил этилди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Европанинг  ўта ўнг қанот гуруҳлари кўпинча авторитар етакчилар билан иттифоқ тузади. Мисол учун, Суриядаги Башар Асад ҳукумати Италия, Франция, Греция ва Польшадаги ўта ўнг қанот гуруҳлар томонидан қўллаб-қувватланган, Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайн ва унинг Баас партияси Европанинг ўта ўнг қанот намояндалари билан учрашувлар ўтказган.

«Вазият тушунарли – мазкур иттифоқ ва қўллаб-қувватлашлар орқали ўта ўнг қанот ўзи истаган нарсага эришади: яъни ташқи сиёсатга авторитар ва консерватив ёндашиш имкониятини қўлга киритади», – дейди АҚШлик маърузачи, «Фашизмга қарши кураш» китоби муаллифи Александр Рейд Росс.

Шундай экан, бу қанотнинг Кашмир масаласида Моди ҳукуматини қўллаб-қувватлагани у қадар ҳам таажжубланарли эмас. Қолаверса, уларнинг бунга қадар нодемократик авторитар режимларни қўллаб-қувватлагани ҳисобга олинса, Кашмир билан боғлиқ масала мазкур гуруҳ вакилларига анча таниш бўлиб чиқади.

Таҳлилчилар Европа ўнг қанот вакиллари Моди ва унинг ҳукуматига иттифоқчи бўлишига бир қатор сабаблар борлигини таъкидламоқда.

Осло шаҳрида жойлашган тадқиқотлар маркази вакили Лейдиж шундай дейди: «Европалик ўнг қанот экстремистлари Модининг исломофобик ва мусулмонларга қарши кайфияти билан ҳамоҳангдир. Европада бу мусулмон иммигрантларга қаши кайфият сифатида танилган, Ҳиндистонда эса ўз навбатида мусулмон кўпчилик истиқомат қилувчи Покистон ва Бангладешга нисбатан ғаразона қарашда ўз ифодасини топади. Умуман, Моди ҳукуматининг Кашмирдаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, “исломий терроризм”ни глобал таҳдид деб биладиган Европа ва Ҳиндистон ўртасидаги якдилликни яна бир бор тасдиқлайди».

Ҳиндистонда мусулмонларга қарши кайфият ислом динига эътиқод қилувчиларга қарши қаратилган жиноятларнинг кўпайгани, қотилликлар ва кенг кўламли тазйиқларда ўз аксини топган.

«Моди ҳукумат тепасига келгандан буён жиноятлар кўпайиб, институционал зулм кучайди, – деди Рейд Росс. – Бу эса ўта ўнг партияларни илҳомлантирмоқда. Ҳиндистон ҳукуматининг Кашмир аҳолисига тазйиқ ўтказишидан ташқари минтақада интернетни ўчириб қўйишини ўта ўнг кучлар мамнуният билан кутиб олгани ҳам бор гап». 

Таклиф этилган вакиллар Ҳиндистон ҳукуматининг «терроризм»га қарши курашини қўллаб-қувватлашини ва ўз хулосаларини Европарламентга тақдим этишини маълум қилди.

«Мазкур сафар Кашмирда ҳаммаси жойида эканини намойиш этиш билангина якунлангани йўқ, – дейди торонтолик таҳлилчи Чаудхурий. – Ушбу делегация Кашмирга келиш орқали ўзи тарафдор бўлган сиёсатнинг қандай тадбиқ қилинаётганини кўрди, ҳам қандай қилиб демократик нормаларни поймол қилиб туриб, ўзини демократияпарвар қилиб ҳис этиш мумкинлигига яна бир бора гувоҳ бўлди”.

Манба: Ал-Жазира

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳиндистон бутун дунёни ўз ёлғонига ишонтирмоқчи

1835 17:00 02.11.2019

Кашмирда вояга етмаганлар ҳибсга олиняпти: «Мен қамоқхонада ўлимимни кутдим»

1155 20:00 04.10.2019

Гонконг, Кашмир, Фаластин: Британиянинг собиқ мустамлакалари олов ичида

1619 22:00 02.10.2019

Бу сафарги «Мусулмонлар куни» диққат марказида Кашмир бўлди

683 12:00 30.09.2019

Кашмирда 13 минг эркак бедарак йўқолди

1638 15:27 26.09.2019
« Орқага