«Улар тўлиб-тошиб заҳрини сочиш учун ихтилофли масалалардан роҳатланади»

15:05 06.06.2019 734

Мазҳабий таассубнинг иккинчи офати - ниятнинг яхши эмаслиги. Ёки инсоний табиат ортида яширин руҳий хасталикларнинг мавжудлиги.

Инсонга гоҳида таниқли ва устун бўлиш офати ёки шафқатсизлик ва ҳукмини ўтказиш разолати ғолиб келади.

Қуръон мажлисида эдим. Қори тиловатни “Содақаллоҳул Азийм“ билан тугатди. Шунда ўтирганлардан бири худди чаён чақиб олгандек ўрнидан сакраб турди ва: “Бу бидъат“ дея ўшқирди. Унга дедим: “Сен билан унинг бидъат ёки бидъат эмаслиги ҳақида баҳслашмайман. Лекин: “Гўё бошингга тош тушиб кетгандек, бу қўрқув нечун?“ дея сўрайман. Иш бунақа ваҳима билан тўғриланмайди. Ўтир жойингга!“.

Қоҳира масжидларидан бирида ёши қайтиб қолган киши бошяланг намоз ўқиётган талабаларни ураёзганини кўрдим. Унинг қўлидан ушладим ва зўрға бош аврат эмаслигини, уларнинг намозлари саҳиҳ эканини ва услуби нотўғрилигини тушунтирдим. Гапимга қониқмаган ҳолда, лекин иложи йўқлигидан, у жойни тарк этди.

Бу тоифа одамлар рисолат соҳиби гўзалликларини том қилиш учун келган ахлоқлар билан нафсини покламаган бўлади. Уларнинг наздида ибодатнинг сурати қўпол қалб ва бепоён нафснинг ғилофидир.

Улар тўлиб-тошиб заҳрини сочиш учун ихтилофли масалалардан роҳатланади. Уларнинг иши зоҳирда дин учун ғазаб, аммо ҳақиқатда эса хаста табиат ва ноқис, балки йўқ тарбиядан нафас олишдир.

Шайх Муҳаммад Ғаззолий, “Мусулмонлар ўртасида маданий бирлик дастури“ китобидан
Мубашшир Аҳмад таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!