Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Улардан бўлишни истайман!

1395

Саҳобалар розиёллоҳу анҳум Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар-бир сўзларига интиқ бўлиб туришар, атрофларида доимо гирдикапалак эдилар.

Бир куни  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам уларга дедилар:
"Ким Аллоҳ йўлида икки бор инфоқ қилса (бирор нарса сарфласа ёки Аллоҳ йўлида икки жуфт от, туя, эшак, динор ва ҳоказо сарфласа) жаннат эшикларининг биридан чақирилади. Ким намоз аҳлидан бўлса намоз эшигидан, ким жиҳод аҳлидан бўлса жиҳод эшигидан, ким рўза аҳлидан бўлса  Райён эшигидан, ким садақа аҳлидан бўлса садақа эшигидан чақирилади". 

Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: "Эй Аллоҳнинг Расули! Ота-онам сизга фидо бўлсин, барча эшиклардан кириш фазилати ҳам бўлармикан, бирор киши барча эшиклардан ҳам чақирилиб қоладими?" деб сўрадилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Ҳа. Сени ўшалардан бўлсанг керак деб ўйлайман" , деб жавоб бердилар.

Бу ҳадиснинг шарҳи сифатида имом Молик роҳимаҳуллоҳ билан обид Абдуллоҳ Умарий ўртасида бўлган воқеани келтираман. Абдуллоҳ Умарий инсонлардан ажраб рўза, намоз, кечаси ўқиладиган таҳажжуд ва қуръон тиловатига берилди. У имом Моликни кишилардан ажралиб ибодатга берилишга, кишилар билан эмас, ўз иши билан машғул бўлишга тарғиб қилиб мактуб ёзди.

Имом Молик роҳимаҳуллоҳ унга шундай деб мактуб битдилар:
"Аллоҳ таоло ризқларни тақсим қилгани каби ишларни ҳам тақсим қилди. Баъзи кишиларга намозда очилган нарса жиҳодда очилмайди. Баъзиларга садақада очилган нарса рўзада очилмайди. Энг афзал иш илм тарқатишдир. Мен Аллоҳ менга илмда очган нарсаларига рози бўлдим. Менинг ажрим сеникидан оз деб ўйламайман. Иккимиз ҳам яхшиликдамиз деб ўйлайман!".   

Энди биз ҳам ўзимизга назар солсак, ибодатнинг барча турида эмас, маълум бир ибодатда қудратли ва фаол эканимизни кўрамиз. Шундай экан, ўша ибодатни кўпайтириш лозим. Бизнинг жаннатдаги эшигимиз ўша ибодатда бўлади. Бошқа эшикларни ҳам мутлоқ тарк қилмаймиз.
Биздан бировимиз рўза тутишда фаол, аммо садақа беришда унчалик фаол эмас. Бошқа бировимиз қуръон ўқишни яхши кўради. Ҳадисдан унга кўп нарса очилмайди. Неъмат бир майдонда ғолиб бўлганларга топширилади.

Аллоҳ сенга қайси ибодатни очган бўлса уни кўпайтир. Аммо сенга очилмаган ибодатларни ҳам мутлоқ тарк қилиб қўйма. Агар биздан ҳар-биримиз ўзимиз учун енгил қилиб қўйилган ибодатларни керагича бажарганида бугун бу уммат яхшилик устида бўлар эди.

Ҳассон ибн Собит розиёллоҳу анҳу жоҳилиятда ҳам, исломда ҳам қилич тутмади. Бирор-бир жиҳодда иштирок қилмади. Аммо у зўр шоир эди. Ўз шеърлари билан исломни ва унинг аҳлини ҳимоя қилди. У зотнинг шеърларидаги куч Холид ибн Валид розиёллоҳу анҳунинг қиличининг кучидан кам эмас. Иккиси ҳам Аллоҳ уларга очган ибодат ила исломга нусрат беришган.

Аллоҳ сенга берган истеъдодга қара. Ана шунда ислом чегараларидан бир чегара сенинг қўриқлашингни кутиб турганини ҳис қиласан. Сен ўша ерда бўл. Сенинг мақоминг Аллоҳ сени қоим қилган ўриндадир!

Абдулқодир Полвонов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннат аҳлининг кўриниши

1711 19:05 12.05.2021

“Қўлларимдан тутиб мени жаннатга етакласа...”

2189 04:00 09.05.2021

Эҳсонингиз жаннат бўлсин!

1620 18:00 25.04.2021

Арш соясига кирадиган етти киши

2166 23:00 04.04.2021

Уч тоифа инсон жаннатга кирмайди. Улар…

1612 18:00 28.03.2021

“Уни Жаннатда ҳам имом дейишар экан...”

2977 07:00 24.03.2021
« Орқага