Ўлим келишидан олдин Раббингизни танишга ҳаракат қилинг

22:00 10.09.2019 456

“Эй Аллоҳнинг бандалари! Ақлингизни ишлатинг. Ўлим келишидан олдин Раббингизни танишга ҳаракат қилинг. У зотдан кечаю кундузингиздаги барча эҳтиёжингизни сўранг. У зот берса ҳам, бермаса ҳам, Ундан сўрайвериш ибодатдир. Уни айбламанг, У зотни бахилга чиқарманг ва сўрашдан тўхтаманг. Хорлигингизни намоён қилиб сўранг. Агар дуойингиз ижобати кечикса, У зотга эътироз билдирманг. Чунки У сизларнинг манфаатингизни сиздан яхшироқ биладиган Зотдир.

Бу гапларга қулоқ тутинг, буларни фаҳмланг ва бунга амал қилинг. Бу тўғри йўл ва тажрибадан ўтган гаплардир.

Зеро, Раббингизни танимай, билмай қандай ўласиз? Ҳолингизга вой бўлсин, ўзингизни танитмаганингиз, У билан муомала қилмаганингиз, Унинг зикр-зиёфат дастурхонига ўтириб, ундан тановул қилмаганингиз ҳолда ҳузурига қандай борасиз?

У зот билан муомала қилинг, албатта, ютуққа эришасиз. Унинг ҳузурида ўз ўрнингиз бўлсин. Шунда У сизларни сийлайди ва дунёю охиратда сизга яхшилик қилади”.

(Абдулқодир Жийлоний қ.с.)

Аллоҳ таоло инсонга берган буюк неъматлардан бири ақлдир. Инсон ақлини тўғри ишлатса, ҳидоятни топа олади. Раббимиз Ўз каломининг жуда кўп оятларида ақл ва фикрлашнинг муҳимлигини айтган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўп ҳадисларда ақл ишлатишга, тафаккур қилишга чорлаганлар.

Ақлини тўғри ишлатган инсон бу дунёнинг ҳақиқатини тушуниб етади. Унинг абадий қоладиган жой эмаслигига амин бўлади. Унинг ноқис ва машаққати ҳеч тугамайдиган дунё эканини англаб, бу дунёга келишнинг ҳикмати ҳақида ўйлай бошлайди.

Нега у бошқа жонзотлардан фарқли ва улардан устун қилиб яратилгани ҳақида ўйлайди. Дунёда яшашдан мақсад еб-ичиш, бойлик орттириш, бола-чақа кўпайтириш бўлса, унинг бошқа ҳайвонлардан фарқи бўлмай қолишини фаҳмлайди. Тез-тез касалликка чалиниб туриши, озгина ачиган ёки ёқмайдиган овқат еб қўйса, ҳолсизланиб куч-қувватдан ажралиши ҳақида фикр юритса, аслида ўзининг ҳеч қандай қудрати йўқлигини, унга турли неъматлар ва куч-қувват ато қилиб турувчи Зот борлигини тушуниб етади. Ҳар кун кимларнидир дунёни тарк этиб қоронғи қабрга йўл олаётганини кўриб, ўлим муқаррарлиги ҳамда бунча нозу неъматлар Соҳибига йўлиқиш борлигини англайди. Соғлом ақл соҳиби шу жойга етиб келганда, уни йўқдан бор қилиб, уни шунча буюк неъматлар билан сийлаган Зотни – Аллоҳ таолони танишга киришади. У зот ҳақида ўқийди, ўрганади. Уни танигач эса У зотга интилади. Унинг қудратини кўриб ҳис қила олгач, бошқа ҳеч кимнинг қудрати кўзига кўринмай қолади. У зотнинг ғазабини билгач, бошқаларнинг ғазабини назарига илмайди. У зотнинг кенг раҳматини англаб етгач, кўзига бандаларнинг марҳамати кўринмайди.

Фақат Унга интилади, Ундан сўрайди. Ҳар бир ишида У зотни мулоҳаза қилади. Бутун дунё ундан рози бўлиб, Раббиси рози бўлмайдиган ишга ҳаргиз қўл урмайди. Раббиси рози бўлиб, дунё одамлари қарши турган ишни ҳеч иккиланмай бажаради. Юриш-туриши, еб-ичиши, ҳаёт-мамоти – барчаси Аллоҳ учун бўлади.

Фақат У зотдан сўрайди ва бу сўрашини ўзининг бурчи, вазифаси ҳамда ибодат деб билади. Ўзини У зотга топширади ва Унинг чизган чизиғидан оғишмай юради. Буларнинг натижасида у, албатта, Раббисининг фазлига эришади.

Аллоҳ барчамизни Ўзига, жамолига эриштирсин!

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!