Ўлимни эслатинг менга, биродар!

20:00 15.05.2019 784

Гуноҳлар қалбимни айлади қора,

Тақвода юрмоққа қолмади чора.

Ухлоқи бу қалбим уйғонса зора,

Ўлимни эслатинг менга, биродар!

 

Тақводан юрибман олислаб йироқ,

Жаннатми, жаҳаннам, бормоғим сўроқ,

Майлига жаннатни эслатманг бироқ,

Ўлимни эслатинг менга, биродар!

 

Кўп дунё талашиб суришиб қолдим,

Замонам зайлига киришиб қолдим.

Бир тўда каслардек қоришиб қолдим,

Ўлимни эслатинг менга, биродар!

 

Шу дамда, мен учун бир бора куйинг,

Ҳидоят дуосин устимдан қуйинг,

Қадримга йиғлашни бир четга қўйинг,

Ўлимни эслатинг менга, биродар!

 

Эслатинг, ўлимим ёдимда турсин,

Кўзларим ҳар лаҳза қабримни кўрсин,

Дунёнинг арзимас лаззати қурсин,

Ўлимни эслатинг менга, биродар!

 

Бир умр роҳатда кўнгил тўлмади,

Дунёга ҳарисман, ҳирсим ўлмади.

Бу дунё унчалик «ширин» бўлмади,

Ўлимни эслатинг менга, биродар!

 

Кўп «осий» эканим билди бировлар,

Ҳолимга йиғлади ҳаттоки ёвлар.

Бошимда муҳаббат савдоси ғовлар,

Ўлимни эслатинг менга, биродар!

 

Бегона сезарсан ўзни уйингда,

Шайтонлар хизматда турса тўйингда.

Қўлимни орқамга боғлаб қўйингда,

Ўлимни эслатинг менга, биродар!

 

Тўймайман пойимга тўкилса зарлар,

Ҳасратим соғ туриб, тингласа карлар.

Одамлар миямни кунда заҳарлар,

Ўлимни эслатинг менга, биродар!

 

Жисмимга ўтказди иблис макрини,

Кеч бўлмай йўқ қилай дилдан кибрни,

Даҳшат қопласин мункар-накрни,

Ўлимни эслатинг менга, биродар!

 

Эй нафсим, жаннатни Роббингдан тилан,

Хорлигинг тан олиб тупроққа белан.

Ҳар куни Аллоҳни эслатиш билан,

Ўлимни эслатинг менга, биродар!

 

Азонлар янграса, мен юрсам гаранг,

Ваъз ўтар жойларда ўлтирсам аранг.

Азроил қўлида турибман қаранг,

Ўлимни эслатинг менга, биродар!

 

Қўлимдан келибдур ҳар қандай усул,

Ва лекин келмабди таҳорат- ғусл,

Умматим десинлар Муҳаммад расул,

Ўлимни эслатинг менга, биродар!

 

Якунлар шу ерда камина сўзин,

Кун келиб, жаннатга берилса изн,

Бенасиб қилмасин Аллоҳим юзин,

Ўлимни эслатинг менга, биродар!

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!