Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Улкан салтанат меъмори

1042

Маълумки, Амир Темурнинг энг катта хизматларидан бири унинг Мовароуннаҳрни бирлаштириш йўлидаги ҳаракатлари эди. Ўша пайтларда Мовароуннаҳрда амирларнинг ўзаро кураши кучайиб, фитналар натижасида Амир Қазоғон ўлдирилганди. Оқибатда, мамлакатда сиёсий парокандалик вужудга келиб, давлат бир қанча мустақил бекликларга бўлиниб кетганди. Еттисув ва Шарқий Тур- кистонда ҳукмронлик қилаётган мўғул хонлари Мовароуннаҳрдаги сиёсий вазиятдан фойдаланиб, бу ерда ўз ҳокимиятини ўрнатишга ҳаракат қила бошлашади. Жета хонларидан Туғлуқ Темур ва унинг вориси Илёсхўжа милодий 1360–1361, 1365 йилларда Мовароуннаҳрга бир неча бор бостириб киришади. Бироқ Мовароуннаҳр аҳолиси уларга қарши курашга журъат эта олмайди. Кеш вилоятининг ҳукмдори Ҳожи Барлос Хуросонга қочади.

Мана шундай оғир паллада Амир Темур кураш майдонига киради. Кучлар тенг эмаслигини ҳисобга олган Амир Темур 1360 йилнинг бошида Туғлуқ Темур томонидан Кешга юборилган беклар билан келишади. Шароит тақозоси билан хон хизматига ўтиб, унинг ёрлиғи билан ўз вилоятининг доруғаси (ҳукм юритувчиси) этиб тайинланади. Бироқ кўп ўтмай Мовароуннаҳрнинг ҳукмдори Илёсхўжа билан Амир Темур муроса қила олмай қолишлари натижасида, Темур 1361 йилнинг охирида мамлакатни тарк этиб, Хоразмга йўл олади. У ерда амир Ҳусайн билан учрашади ва душманга қарши курашда икковлон бирлашиб, куч тўплашга киришадилар. Улар дастлаб Туғлуқ Темурхоннинг фармонига биноан Амир Темурни таъқиб қилишга киришган Хива доруғаси Тўқол (Таваккал) билан жанг қилишади. Сўнг, 1362 йилнинг кузида Сейистонда вилоят ҳукмдори Малик Қутбиддиннинг тарафида туриб олиб борилган тўқнашувда Амир Темур ўнг кифти ва ўнг оёғидан жароҳатланади. Ниҳоят, 1364 йилнинг охирида Илёсхўжа бошлиқ Жета лашкарлари билан бир неча марта жанг қилиб, мўғулларни Мовароуннаҳр ҳудудидан қувиб чиқаришга муваффақ бўлади. Бироқ Илёсхўжа 1365 йилнинг баҳорида Туркистон устига қўшин тортади. Тошкент ва Чиноз ўртасида содир бўлган “Лой жанги”да амир Ҳусайннинг хиёнати оқибатида Амир Темур қўшинлари мағлубиятга учрайди. Ислом тарихчиси Маҳмуд Шокирнинг китобида зикр қилинишича, “Халқ Самарқандни ўз қўлига олган мўғулларга қарши кўтарилиб, шаҳар мудофасини эгаллаган сарбадорлар душманни мамлакатдан бутунлай ҳайдаб чиқардилар. Бундан хабар топган амир Ҳусайн томонидан сарбадорларнинг бошлиқлари қатл эттирилади. Натижада 1366 йили амир Ҳусайн Мовароуннаҳрда бутун ҳокимиятни ўз қўлига олади. Аммо орадан кўп ўтмай амир Ҳусайн ва Амир Темур ўртасидаги муносабат кескинлашиб, очиқдан-очиқ низога айланади. Улар ўртасида милодий 1366–1370 йилларда бир неча бор тўқнашувлар бўлиб ўтади. Амир Ҳусайнга қарши Балхга йўл олаётган Амир Темур Термиз яқинига келганида, маккалик аслзодалардан Саййид Барака Амир Темур фаолиятини қўллаб-қувватлаб, унга олий ҳокимият рамзи катта ноғора (табл) билан ялов (байроқ) тортиқ қилади. 1370 йили 10 апрелда Балх шаҳри Амир Темурга таслим бўлади. Амир Ҳусайн қатл этилади. Бу ғалабадан сўнг Амир Темур чингизийлардан бўлган Қозонхоннинг қизи Сароймулкхонимни ўз никоҳига олади ва “кўрагон” унвонини олишга муяссар бўлади. Гарчи салтанат тахтига, анъанага кўра номигагина Суюрғатмиш (1370–1388), унинг вафотидан кейин эса Султон Маҳмуд (1388–1402) ўтқазилган бўлса-да, амалда марказий ҳокимиятни Амир Темурнинг ўзи бошқарар, вилоятлардаги ҳокимиятни ўғиллари, набиралари ва яқин амирлари орқали идора қиларди”.

Ҳижрий 773 (милодий 1372) йили Амир Темур Хоразмга юриш қилиб, уни эгаллайди. Бироқ у ерда узоқ ҳукм сура олмайди. Маълумки, тарихий воқеалар тақозоси билан Амир Темур Хоразмга беш марта ҳарбий юриш қилади. Хоразм 1388 йилдагина узил-кесил Темур давлатига қўшилади. Соҳибқирон Мовароуннаҳр ва Хоразмда ҳокимият тарқоқлигига, ўзаро низоларга зарба бериб, Сирдарё воҳасидан то Орол денгизигача бўлган ерларда яшовчи халқларни ягона давлат тасарруфида бирлаштиради.

Мўғулларнинг доимий ҳужумини бартараф этиш учун Амир Темур йигирма йил (1371–1390) мобайнида мўғулларга қарши етти марта юриш қилди. Мўғул ҳукмдорлари Анқотўра ва Қамариддин устидан ғалаба қозонди. Шу зайлда Амир Темур Мовароуннаҳр ва Хоразмда ҳукм сурган тарқоқлик, ўзаро низолар ва мўғуллар томонидан бўлиб турган тазйиққа чек қўйди.

Соҳибқирон бу билан қаноатланмай, қўшни давлатлар устига юриш қилиб, уларни ўзига бўйсундириш ва марказлашган буюк салтанат барпо этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди. Соҳибқирон ҳарбий юришни Хуросондан бошлайди. Милодий 1381 йили у Ҳиротни эгаллайди. Сарахс, Жом ва Қавсия шаҳарлари эса жангсиз таслим бўлади. 1381–1384 йиллар давомида Эроннинг катта қисми бўйсундирилади. Аввал Калот, Туршиз ва Сабзавор, кейин Сейистоннинг Зиреҳ, Зова, Фараҳ ва Буст қалъалари, 1384 йилда эса Астрабод вилояти ва Озарбайжоннинг Омул, Сори, Султония ва Табриз шаҳарлари бўйсундирилади. Амир Темур Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва Шом (Сурия) устига уч марта лашкар тортиб боради. Ўттиз беш йил (1370–1405) ҳукм сурган соҳибқирон Амир Темур Марказий Осиё ҳудудларини ягона марказлашган давлатга бирлаштирди, Ҳинд ва Гангдан то Орол денгизигача, Тянь-Шандан то Босфоргача улкан салтанат барпо этди.

Бу юришлар тарихда “уч йиллик”, ”беш йиллик”, “етти йиллик уруш”лар номи билан машҳур. Уч йиллик (1386– 1388) ҳарбий юришлар оқибатида Жанубий Озарбайжон, Ироқнинг шимолий қисми, Гуржистон ва Ван кўли атрофидаги ерлар эгалланди. Амир Темур шу билан бирга шимоли-ғарбдан, яъни Олтин Ўрда томонидан бўлаётган тазйиққа барҳам бериш мақсадида Тўхтамишхонга қарши уч марта қўшин тортади. 1389 йилда Дизакнинг Аччиқ мавзеида, 1391 йили Қундузча жангида, 1395 йил Тарак дарёси бўйидаги жангларда ғалаба қозониб, душман қўшинини тор-мор этди. Амир Темурнинг Тўхтамиш устидан қозонган ғалабаси фақат Мовароуннаҳр учун эмас, балки бутун Шарқий Оврупа, шунингдек, Русь князликлари учун ҳам катта аҳамият касб этган эди. Амир Темур беш йиллик (1392–1396) уруши давомида Ғарбий Эрон, Ажам Ироқи ва Кавказни эгаллайди. Амир Темурнинг Ҳиндистон устига қилган юриши 1398 йил майдан 1399 йил мартгача – қарийб ўн бир ой давом этади. Ҳиндистондан у катта ўлжа, жумладан, юзлаб жанговар филлар билан қайтади. Ўлжаларнинг бир қисми қўшинга тарқатилиб, қолгани Самарқанд ва Кеш шаҳарларидаги қурилишларга ишлатилади.

1399–1404 йиллардаги етти йиллик уруш энг шиддатли ва энг йирик жанглардан бўлиб, унинг оқибатида Шомнинг Халаб, Хумс, Баалбек, Димишқ (Дамашқ) каби йирик шаҳарлари ва Араб Ироқининг Убулистон ўлкаси билан Бағдод, шунингдек, Туркиянинг каттагина қисми фатҳ этилади.

Жаҳоннинг деярли Ярмини босиб олган Амир Темур нега ёнгинасидаги рус ерларига ҳужум қилмаган, уларни эгаллашга интилмаган, деган савол кўпчиликни қизиқтириб келади. Рус заминига юриш қилишидан олдин Амир Темур дунёнинг кўпгина мамлакатларини эгаллаган машҳур саркардага айланган эди. Сира енгилмаган Соҳибқирон ўзининг куч-қудрати, жангарилиги ва мағлублар қаршисида муросасизлиги билан ном чиқарган. Аммо шунчалик қудрат ва жасорат соҳиби бўлган Темур нега рус ерини босиб олмади, шундай улкан мамлакатни эгаллашга интилмади? Темур лашкарлари аввал Мамай ҳужуми, сўнгра Тўхтамишнинг юришлари натижасида ҳолдан тойган рус давлатини осонгина забт этишлари мумкин бўлгани ҳолда нега уни четлаб ўтиб кетишди? Бу саволлар ҳанузгача муаррихлар ва бошқа мутахассисларни ўйлантириб келяпти.

Тарихчиларнинг ёзишича, Амир Темурнинг рус ерларига юриш қилишдан асосий мақсади ҳаддидан ошган Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамишхонни таъқиб қилиш бўлган. Улар ўртасидаги ихтилоф бундан анча олдин бошланганди. Аввалида Тўхтамиш Соҳибқирон Темурнинг қўллаб-қувватлаши ва ҳимояси остида эди. Темур унга Мамайга қарши жангларда ва Ўрда ичидаги фитналарда катта ёрдам берганди. Аммо Тўхтамиш ҳокимиятини мустаҳкамлаб олганидан кейин ўз ҳимоячисиданқутилиш йўлларини излай бошлади. Милодий 1391 йили Тўхтамиш Ўрданинг бутун қўшинини тўплаб, Амир Темурга қарши чиқди. Амир Темур эса ношукр саркардага шунчалик қақшатқич зарба бердики, энг оддий аскарлар ҳам зафар ўлжасидан бебаҳра қолишмади. Уч йилдан сўнг Тўхтамиш бунинг қасдини олишга бел боғлади. Бу сафар ҳам унинг омади чопмади. Ғазабга минган Темур Ўрдани бутунлай ер билан яксон қилишга киришди: қўшин тўплаб Тўхтамишнинг саркардаларини, қўшинини бирма-бир қира бошлади. Олтин Ўрдани тор-мор қилган Темур рус сари юрди ва Елец шаҳрига етиб бориб, унча катта бўлмаган бу шаҳарни яксон қилди.

Рус тарихчиси Сергей Соловьёвнинг ёзишича, “Темурланг Елец ҳукмдорини барча боярлари билан банди қилди, сўнг Дон дарёси соҳили бўйлаб юриш қиларкан, йўлида учраган қишлоқларни шип-шийдам қилиб кетаверди”. Саркарда Москва сари йўлга чиқди, аммо уни қамал қилиб ўтирмай қўшинни қайтариб, рус сарҳадла- рини тарк этди.

Амир Темурнинг нега рус ерларини босиб олмаганига сабаб қилиб бир неча омилларни кўрсатишади. Тарихчи Сергей Соловьёв бунга “Елец ва Рязань князлигининг бошқа шаҳарларидан тушган ўлпон ўз юришларида катта ўлжаларни қўлга киритишга ўрганиб қолган Соҳибқиронни қониқтирмаган бўлса керак”, деган тахминни илгари суради. Араб манбаларида эса, аксинча, Темур Дон соҳиллари бўйлаб кетаётганида мўйна, ҳарир матолар, кумуш ва олтин ёмбиларини қўлга киритгани келтирилган. Темур юришларининг солномачиси, машҳур муаррих Шарафиддин Али Яздий жуда катта ўлжалар ҳақида ёзади-ю, аммо бирорта жанг тафсилотларини келтирмайди. Эҳтимол, Соҳибқиронга ҳадяларни ўз ерларини босқинлардан ҳимоя қилишга интилган князлар келтириб берган бўлишлари ҳам мумкин. Бунинг устига табиий шароитларни ҳам эсдан чиқармаслик керак бўлади. Куз яқинлашиб келаётгани учун рус заминида узоқ муддатли юришларга иқлим шароитлари катта тўғаноқ бўлиши мумкин эди. Темурнинг Русга юришидан асосий мақсади Олтин Ўрдани узил-кесил яксон қилиш эди, холос. Хуросон ва Форс ерларини эгаллаган саркардага рус унчалик аҳамиятли эмас эди. Унинг Елецга юриш қилишдан бирдан-бир муроди ҳам Ўрда саркардаларидан бири Бек Ёриқ Ўғлонни қўлга тушириш эди. У Днепр яқинида Темур лашкарларидан қочиб, Елецга яширинганди. Шаҳар таслим бўлганидан кейин у рус ичкарисига қочди. Солномаларнинг ёзишича, Темур Елец яқинида келгусидаги режалар ҳақида фикр юритиб, икки ҳафтача қолиб кетади. Тарихчиларга кўра, бу имиллаш қўшинга ёқмайди, аскар- лар орасида безовталик бошланади. Шунда Соҳибқирон Қрим яримороли орқали Кавказортига йўл оларкан, Ўрданинг бир неча муҳим шаҳарларини яксон қилади. Бу шаҳарлардан катта ўлжани қўлга киритиб, Самарқандга музаффарона қайтиб келади.

Маҳмуд Шокирнинг ёзишича, “Кичик Осиёдан Самарқандга қайтган Амир Темур ҳижрий 807 йилнинг жумадул-охир ойида (милодий 1404 йилнинг 27 ноябрида) икки юз мингли қўшин билан Самарқанддан Хитой сафарига чиқди. Бироқ Хитой устига юриш Амир Темурнинг тўсатдан вафот этиб қолиши (1405 йил 18 февраль) туфайли амалга ошмай қолди. Тарихий маълумотларга қараганда, Амир Темур вафот этганда, унинг хотинларидан тўрт нафари – Сароймулк хоним, Тума- ноғо хоним, Тукал хоним ва Руҳ Парвароғо хонимлар ҳали ҳаёт эдилар. Шунингдек, Амир Темур вафот қилган вақтда ундан икки ўғил, ўн тўққиз невара ва ўн беш чевара, жами ўттиз олти шаҳзода ҳаёт эди. Булардан ташқари соҳибқироннинг кичик қизи Султон Бахт бегим, катта қизи Оғо бегимдан туғилган невараси Султон Ҳусайн Мирзо номли ҳам бор эди. Тарихий маълумотларнинг далолат беришича, соҳибқирон Амир Темур жами ўн саккиз марта уйланган. Бундан ташқари, у йигирма икки нафар хос канизакларини ҳам ўз шабистонига маҳрам қилган” (Маҳмуд Шокир, “Ислом тарихи”, 5-жуз, 196-бет).Амир Темур мамлакатни ўттиз беш йил давомида бош- қарди. Кўпдан-кўп ҳарбий юришлар ва жангу жадаллар қилиб, бир қанча мамлакатларни забт этди. Натижада, Ҳиндистон ва Хитойдан Қора денгизга қадар ҳамда Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар бўлган ғоят бепоён ҳудудни қамраб олган улкан салтанатни вужудга келтирди. Бундан ташқари, Кичик Осиё, Сурия, Миср ва Қуйи Волга, Дон бўйлари, Балхаш кўли ва Ила дарёси, Шимолий Ҳиндистонгача бўлган мамлакатларни ҳам ўзига бўйсундирди. Бу мамлакатлардан Амир Темур катта ўлжалар билан қайтди. Шу билан бир қаторда, кўзга кўринган олимлар, ҳунармандлар ва моҳир усталарни Самарқанд, Шаҳрисабз ва Бухорога кўчириб олиб келди. Уларнинг куч ва иқтидори туфайли бу шаҳар-қишлоқлар обод қилинди. У нафақат Мовароуннаҳр ва Туркистонни обод қилди, балки бўйсундирилган мамлакатларнинг шаҳарларини ҳам қайта қурдирди. Бағдод, Дарбанд ва Байлакон шаҳарларини қайта тиклади. Карвон йўлларида работлар, қалъалар, кўприклар, шаҳарларда масжид ва мадрасалар ҳамда боғу бўстонлар барпо этди. Энг муҳими, Эрон, Озарбайжон, Ироқдаги тарқоқлик ва бошбошдоқликка барҳам бериб, Шарқ билан Ғарбни боғловчи қадимий карвон йўлларини тиклади. Бу билан нафақат Мовароуннаҳр, балки Узоқ ва Яқин Шарқ мамлакатларининг иқтисодий-маданий тараққиётига улкан ҳисса қўшди.

Амир Темур жаҳоннинг тўрт машҳур саркардаларидан бири, кураги ерга тегмаган буюк лашкарбоши, Аллоҳ берган салоҳиятини тўла-тўкис намоён эта олган, ўхшаши йўқ буюк армия қўмондони эди. Жанггоҳлар санъати, уруш йўллари, лашкар тутиш қоидаси, сафлар расм-русуми Соҳибқироннинг “Темур тузуклари” китобида батафсил ёритилган. Соҳибқирон дунёнинг йигирма етти мамлакатини ўзига бўйсундирди. Тахминан мингдан ортиқ жанг ўтказди, уларда зафар ҳами- ша Соҳибқирон томонида бўлди. Бу жангларнинг энг машҳурлари Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон билан олиб борилган икки жанг ва Усмонлилар султони Йилдирим Боязид устидан қозонилган зафар эди.

Соҳибқирон Амир Темур адолатли, раъиятнинг бахту саодатини ўйлайдиган, ночор ва муҳтожларнинг ҳолидан ҳамиша хабардор ҳукмдор бўлишга интилган ва шундай бўлган ҳам. У узуги кўзига “Куч – адолатда” сўзларини ўйиб ёздирган, давлати муҳрига ҳам шу сўзларни битган эди. “Тузуклар”да шундай ёзади: “Мамлакат зулмга чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди”. У тузган салтанатда адолатнинг кучи шунчалар катта эдики, агар мамлакатда бирор одам бир товоқ олтин ё кумушни бошига қўйиб, мағрибдан машриққача борса, ҳеч ким унга қўл чўзмас, олтин ё кумушдан биттаси ҳам камаймас эди. Ҳукмдор ҳар ишга, хоҳ ўзининг фарзанд- лари бўлсин, хоҳ бошқа фуқаро – барчага бирдай адолат кўзи билан қарарди. Сафарлардан қайтиб келганда шахсан ўзи бозорни текширар, агар қассобу баққол, новвойлар ва ҳоказолар фойда топаман, деб нарх-навони ошириб юборган бўлсалар, адолат бузилганини кўрса, эл олдида ўша гуноҳкорнинг жазосини берарди. Ёлғон гапни ёмон кўрарди. Адолат тамойилларини бузгани учун ўғли амирзода Мироншоҳ, набиралари амирзода Пирмуҳаммад, Султон Ҳусайн Мирзолар жазоланганлари тарих китобларидан маълум. Муаррих Низомиддин Шомий “Зафарнома”да Амир Темурнинг 1366 йилда, ҳали давлат тахтига чиқмасдан тўрт йил аввал айтган шундай сўзларини келтиради: “Қайси бир подшоҳ ўз ишини ғаддорлик ва бевафолик асосига қурса, кишиларга озор бериш ва ҳалок қилишга ошиқса, унинг давлати чайқалиб, қарорсизликка юз тутади... Биз ўз салтанатимизни одамларга эътибор бериш ва уларни ҳимоя қилиш асосига қураётганлигимиз сабабли уларни юпантириб, хотиржам қиламиз...”

Амир Темур шунчалар иқтидорли, салоҳиятли ва олижаноб ҳукмдор эдики, унинг шаън-шавкати, шуҳрати қаршисида ҳатто ажнабий тарихчилар ҳам ижобий фикрлар билдиришдан ўзларини тия олмаганлар. У ўрта асрнинг атоқли давлат ва ҳарбий арбобларидан бўлиб, Оврупа олимлари ўз асарларида унинг салбий томонлари билан бирга муҳим фазилатларини ҳам таъкидлаб ўтишган. Немис олими Ф.Шлоссер ўзининг “Жаҳон тарихи” асарида: “Бахтиёр жангчи, жаҳонгир, Узоқ Шарқда қонуншунос бўлиш билан бирга ўзида, Осиёда кам учрайдиган тактик ва стратегик билимларни ифодалади”, деб ёзса, атоқли немис олими ва тарихшуноси М.Вебер: “Темур ўз душманларига нисбатан жуда бераҳм, лекин саркардалик, давлатни бошқариш ва қонунчилик соҳасида буюк талантга эга эди”, деб таърифлайди. Амир Темур илм-фаннинг риёзиёт, ҳандаса, меъморчилик, фалакиёт, адабиёт, тарих, мусиқа каби соҳалари равнақига катта эътибор берган. Унинг олимлар ва соҳиби ҳунарлар билан қилган суҳбатлари ҳақида француз олими Лянглэ шундай ёзади: “Темур олимларга серилтифот эди. Билимдонлиги билан бир қаторда софдиллигини кўрган кишиларга ишонч билдирарди. У тарихчилар, файласуфлар, шунингдек, илм-фан, идора ва бошқа ишларда истеъдодли бўлган барча кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтдан тушиб, уларнинг ёнига келарди. Чунки Темур бу соҳаларга ғамхўрлик килишга алоҳида эътибор берарди”. Ҳатто ўн олтинчи асрда машҳур инглиз драматурги Марло томонидан “Соҳибқирон Темурланг” фожиаси ёзилиб, Лондонда ҳар йили театр мавсуми шу асар билан бошланиши одатга айланган эди.

Ғарб дунёси Темур ҳақида ижобий фикрларни билдиргани ҳолда у туғилиб-ўсган заминда Соҳибқиронни қоралаш авжига чиқди. Бошқалар уни кўкларга кўтариб мақтагани ҳолда ўзимизда ёмонлаш, унинг шаънига маломатлар ёғдириш одатга айланди (Академик Иброҳим Мўминовдек ғайратли олимнинг Амир Темурни Оврупани икки марта ҳужумдан сақлаб қолган саркарда сифа- тида таърифлаб, у ҳақида илиқ сатрларни ёзиши ҳам мустамлакачиларга ёқмади: улар ўзимиздаги югурдаклари ёрдамида олимни тазйиққа олиб, таъзирини беришди. Худди шундай муносабатни “Гулистон” журналида “Темур тузуклари” асари илк марта чоп этила бошлаганда ҳам кўриш мумкин эди. Асар таржимонига туҳматлар уюштирилди, таржимани “Гулистон” журналида чоп қилишда жонбозлик кўрсатган журнал таҳририяти ходимлари қувғин остига олинди).

Амир Темур тарихда илм-маърифатнинг мухлиси ва ҳомийси сифатида ҳам ном қолдирди. У илм-фаннинг қадрига етадиган, унинг равнақи ҳақида ҳамиша ўйлайдиган, дунёнинг энг етук олимлари, тарихчилари билан бемалол суҳбатлаша оладиган донишманд ҳукмдор эди. Илм-фанга қизиқиш Амир Темурнинг хонадонидан бошланган эди, десак тўғрироқ бўлади. Соҳибқирон хонадонида фарзандлар (шаҳзодалар, маликалар)гаилм-фаннинг турли соҳаларидан кўп сабоқлар берилар, мадрасаларда таҳсил олишлар давом эттириларди. Бу эса кейинчалик ўзининг катта самарасини берди. Масалан, Соҳибқирон даври тарихини тўлиқ ва ишонарли ёритиб берган Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асари Соҳибқироннинг набираси, Шероз ҳокими, шоир ва хаттот Иброҳим Султоннинг раҳбарлиги, фидойилиги ва ҳомийлиги остида дунёга келди. 1519 йилда Улуғбек Мирзонинг набираси Кўчкунчихон топшириғига биноан мазкур “Зафарнома” ва Рашидиддиннинг “Жомеъут-таворих” асарлари ўзбек тилига таржима қилинди. Қолаверса, шеърият мулкининг султони Алишер Навоий ижоди, Лутфий ва Ҳусайн Бойқаролар шеърияти, алломалар Қозизода Румий ва Али Қушчининг машҳур илмий ишлари, мусаввир Камолиддин Беҳзоднинг нодир расмлари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”си ва ашъорлари, илмий асарлари, муаррихлардан Ғиёсиддин Алий, Низомиддин Шомий, Ҳофизи Абрўй, Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамирларнинг солномалари – буларнинг бари Темур ва темурийлар даврининг ажойиб маҳсулларидир.

(давоми бор)

Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг "Дунёни тебратган етти буюк" китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мубашшир Аҳмад: «Ҳаж — фарзи айндир»

76 15:15 01.10.2022

«У кишининг хулқлари Қуръон эди...»

214 11:25 01.10.2022

Украинага 12 миллиард долларлик ёрдам берилади

267 10:40 01.10.2022

Қозоғистон: тунги клубда муштлашган маст россияликларни полиция қўлга олди

435 10:20 01.10.2022

Украина ҳудудларининг аннексияси: сабаблар ва оқибатлар

502 09:55 01.10.2022

Уколсиз инсулин синовдан ўтмоқда

311 09:30 01.10.2022
« Орқага