Айбсиз қурбонлар...

21:51 18.01.2018 5568

Ёхуд мардикорлар муаммосига яна бир назар

Бугун Қозоғистоннинг Оқтепасида бир автобуснинг ёниб кетгани ва ундаги элликдан ортиқ одам оловда тириклай қовирилиб, ҳалок бўлгани ҳақида ёзишди. Энг даҳшатлиси, улар орасида анчагина ўзбек мардикорлари бор бўлган. Бундан сал олдинроқ ўзбек мардикорлари тушган бир автобусни поезд уриб кетиб, ҳамюртларимиздан бир қанчаси ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Матбуот ва интернетда Россиянинг шаҳар-қишлоқларида ҳар куни, кун оша турли сабаблар билан бегона юртда жон бераётган мардикорларимизнинг фожиали қисмати ҳақидаги хабарларга кўникиб ҳам бўлган эканмиз, энди уларнинг “улгуржисига” омонатини топшираётгани қотган дийдаларимизни зирқиратиб, юракларимизни қиймалаб юборяпти, кўзларимиз ёшини қуришга қўймаяпти.

Нега айбсиз, бегуноҳ мардикорлар бунчалар кўп қурбон бўляпти? Рўзғорининг нафақаси учун ҳамма нарсадан воз кечиб, бегона юртларга иш ахтариб кетаётганларнинг бу ҳолга тушишларига ким айбдор? Уларнинг ҳаммаси ҳам “текин пул” топиш, орзу-ҳавас деб хорижга кетяптими? Бу саволлар қанчалар оғир бўлмасин, уларга бир хил жавоб бериш мушкул. Балки, улар орасида Аллоҳ берган ризққа қаноат қилмай, дабдабали тўйлар қилиш, шоҳона уйлар қуриш, янги урф бўлган уловларни сотиб олиш учунгина иш ахтариб кетганлар ҳам бордир? Аммо уларнинг аксарияти ўз шаҳар-қишлоғида иш топа олмай, ноиложликдан мусофирликнинг аччиқ нонига кўнган ёшлардир.

Мардикорлар муаммосида ҳамма нарсани сабаб қилиб кўрсатяпмиз: уларнинг ўзини ҳам, “катта пул топиш”га мажбурлаётган ота-оналарию хотинларини ҳам танқид қиляпмизу, аммо асосий сабаблар ҳақида ўйлаб кўрмаяпмиз. Бозор иқтисодига ўтилиши билан бирга “мардикор”, “мигрант” деган сўзлар ҳам урфга кириб келди. Бозор баҳонасида туппа-тузук ишлаб турган кўплаб корхоналарнинг ёпилиши, колхоз-совхозлар тугатилиб, фермер хўжаликлари пайдо бўлиши натижасида шаҳар-қишлоқларнинг минг-минглаб аҳолиси иш тополмай кўчада қолди. Ана шундан бошлаб мамлакатдаги ишга яроқли аҳолининг каттагина қисми иш излаб қўшни Қозоғистон, Русия, Жанубий Қурия, Туркия, араб мамлакатлари, ҳатто Полша, Норвегия, Италия каби Оврупа мамлакатларию олис Америкагача кета бошлади.

Бундай пайтда ҳар қандай давлат ўзини ўнглаб олганидан кейин ўша мардикорларни юртга қайтариш чора-тадбирларини излайди, ўзида кўплаб иш ўринлари яратишга интилади, ишсизларнинг молиявий ҳолатини вақтинча бўлса ҳам бироз ўнглашга ҳаракат қилади. Ёлғонлар замони авжга чиққанида иш-фаолият ўрнига “рапортвозлик” қиладиган, ёлғон ҳисоб-китоблар билан ҳаммани лақиллатадиган шоввоз акахонлар бу борада ҳам роса от чоптиришди: миллионлаб иш ўринлари яратилгани ҳақида ҳаммаёққа довруғ солишди, ёлғонлари билан ҳатто юрт раҳбарини ҳам, халқни ҳам алдашди. Арифметикани сал-пал тушунадиган мактаб боласи ҳам улар келтираётган маълумотлар ғирт ёлғонлигини тушуниб турарди. Агар улар ростданам миллионлаб иш ўрнини яратишаётган экан, унда йилига ярим миллионга кўпаяётган халқимиз аллақачон тўла иш билан таъминланиб, ҳозир қўшни юртлардан ишчи таклиф қилиб юрган бўлардик! Ўша ёлғонларнинг “миси” бугун чиқиб турибди, чиққанда ҳам ўнлаб, юзлаб миллатдошларимизнинг жони ва қони эвазига чиқяпти. Хорижий юртларда хорланаётган, қийналаётган, бировларнинг қўлига қараб, шаъни ва номуси чирқираётган бухорийлар, термизийлар, фарғонийлар, самарқандийлар, шошийларнинг қисмати, диёнати, ҳамияти, фароғати бугун ўша акахонларнинг ёлғонлари туфайли абгор ва ночор ҳолатга келиб қолди. Улар шунчалар хорликка рози бўлиб қолишдики, бир вақтлар боболари мардикорликка олинганда бу ҳақоратга чидай олмай қўзғолон кўтарган (Жиззах, Наманган, Қўқон қўзғолонларини эсланг) халқнинг фарзандлари бугун мардикорликдан орланмайдиган ҳам ҳолга келишган. Уларнинг бир қисми тирикчилигини ўтказа олмай иложсизликдан кетаётган эса-да, мардикорларнинг аксарияти “фалончидан ортда қолмаслик”, “катта тўйлар қилиш”, “бошқаларга ўхшатиб шоҳона уйлар қуриш”, “одамларга ўхшаб яшаш” каби ғирт орзу-ҳавас кўйида, нафс илинжида кетишяпти. Нима бўлганда ҳам, мардикорлик нонини еб кўришга ишқибозларнинг кўплиги кундай равшан. Яқинда ўтказилган сўров натижаларига кўра, мамлакат аҳолисининг салкам ўттиз фоизи “чет элга бориб пул ишлаб келиш ниятида эканини” айтган.

Бунча одамнинг чет элдан пул топиб келишини айблаш ноўрин. Бозор иқтисодига ўтишнинг оғир йилларида мардикорлар топиб келган маблағ ҳаммага асқотди. Кўплар иқтисодий ҳаётини ва турмушини ўнглади, уй, машина, тўй қилиш, фарзандини ўқитиш каби муаммоларини ҳал этиб олди. Республика матбуотида келтирилган хабарга кўра, чет элларда ишлаётган ўзбеклардан тўрт-беш миллиард АҚШ доллари миқдорида пул жўнатмаси келган, бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг анчагина фоизига тенг. “Чўнтакда олиб кирилган” пуллар бу ҳисобга кирмайди. Мутахассислар кейинги йилларда бу рақамнинг янада кўпайгани ҳақида ёзишяпти. Бу ёш республика иқтисоди учун катта ёрдам саналади.

Ўзбеклар чет элларда ҳам ўзларининг меҳнатсеварликлари, ҳалолликлари, ақл-заковатларининг ўткирлиги, ҳар қандай оғир ишдан бўйин товламасликларини намойиш қилишмоқда. Ватандошларимизнинг “3D” таснифига кирувчи, яъни оғир, хавфли, ифлос ишларни ҳам индамай бажараверишлари хорижий иш берувчиларга роса маъқул келиб қолгани ҳам аниқ. Ўзбеклар чет элларда ватанимизнинг муносиб сиймоси бўлиб танилишмоқда. Буни Русия сайтларидан бири ўтказган форумда Санёк исмли рус йигитининг сўзлари тўла исботлаб турибди: “Ўзбеклар билан бирга немис пухталиги ва аниқлиги, япон меҳнатсеварлиги, америка прагматизми (уддабурролиги) кириб келди. Ўзбеклар бизнинг келажагимиз. Афтидан, Петр Биринчи Оврупага дарча очиб адашган, шекилли”.

Минглаб ватандошларимизнинг киндик қони тўкилган юртларини ташлаб, олис ва нотаниш ўлкаларга иш ишлаб боришларининг асл сабаблари, у ерларда ўзбеклар дуч келаётган муаммо ва қийинчиликлар, хўрлик ва камситишлар ҳақида ёзиш ниятимиз йўқ. Чунки бу ҳақда Ўзбекистон вақтли матбуотида ҳам, хориждаги оммавий ахборот воситаларида ҳам керагича кўп ва хўп ёзилди. Бизни “мардикорлик” масаласининг маънавий-ахлоқий томонлари кўпроқ қизиқтиради.

Бу борадаги энг оғир йўқотиш йигитларимизнинг иймон-эътиқоди билан боғлиқ масалаларда содир бўляпти. Бошқа эътиқод, бошқа менталитет вакиллари орасига тушиб қолган мардикорларимиз тезда ўз руҳий асосларидан узилиб, ўзгаларнинг руҳий-маънавий таъсирига тушиб қолишяпти. Ҳали иймон-эътиқоди унча шаклланиб улгурмаган мусулмон йигитлари иш жойларида изғиб юрган турли миссионерлар, ўзга дин ва мазҳаб вакиллари тузоғига осонгина илинишмоқда. Жанубий Қурияда ишлаб келган йигитлар ҳикоясига қараганда, айрим ватандошларимиз у ерда насронийликнинг протестантлик, Иеҳова шоҳидлари каби мазҳабларига ўтишган. Бунда диний эътиқод эмас, кўпроқ берилаётган пул ва яратилган шароитлар асосий омил бўлгани аниқ. Мусулмон ватандошлари томонидан билдирилган эътирозларга улар: “Худо битта бўлганидан кейин насроний бўлдинг нимаю, мусулмон бўлдинг нима, фарқи йўқ-ку!” дея қўл силтаб қўяқолишган. Қозоғистон, Русияда ишлаётганлар орасидаги намозхонлар эса шароит йўқлигини, қаттиқ чарчаётганларини баҳона қилиб, ибодатларини тўхтатиб қўйишган. У ерларда ҳам ватандошларимиздан насронийликка, турли оқим ва мазҳабларга эргашиб кетаётганлар топилади.

Ватандош мардикорлар орасида оила ва никоҳ муносабатлари ҳам издан чиқмоқда. Улар оиладан уч-тўрт йилга, баъзан бундан ҳам кўпроқ муддатга узилишмоқда. Ҳар қандай шаҳватини тия олган одам ҳам бунча узоқ муҳлатга хотинсиз юра олмайди. Улар борган жойларида дарров бунинг “чораси”ни топишга интилишади. Агар бу нарса қонуний никоҳ йўли билан ҳал қилинганида бу ҳақда ёзиб ҳам ўтирмас эдик. Аммо Русияда ишлаб келган йигитлар ҳикоясига қараганда, ўзбек йигитларининг аксарияти рус аёлларига ҳеч қандай никоҳсиз, гувоҳларсиз, маҳрини ҳам бермай “уйланиб” олишяптийкан. Ҳатто хотинини эргаштириб ишга борган бир-икки мардикораларни “Тулага нега ўз самоваринг билан келдинг” дея “аския” ҳам қилишармиш. Энг ачинарлиси, мардикор йигитларнинг кўпи бу ишлари зинодан бошқа нарса эмаслигини тушунмас ҳам эмиш.

Яна бир муаммо шуки, бундай ватандошлар орасида ватанга, оилага қайтишни бутунлай “унутиб” юборгани ҳам талайгина. “Тўй қиламиз, уй қурамиз, машина оламиз” деган баланд орзулар билан эрларининг иссиқ ўрнини совутиб, чет элга ишга жўнатган ўзбек аёллари беш-олти йиллардан буён оиласига оз-моз пул жўнатиш билангина ўзининг борлигини “эслатиб” турган эрлари бошқа аёллар билан тўшакни баҳам кўраётгани ҳақида ўйлашармикин? Уларнинг ўзлари не аҳволга тушишяпти? “Эрларимиз уйга қайтишни ўйламаяпти, бу ёқда болалар тарбиясиз бўлиб кетяпти, жўнатган пули ҳам керак эмас, тезроқ уйга қайтариб беринглар” дея масжидларга, маҳалла фуқаролар йиғинига, ҳуқуқ органларига шикоят қилиб юрган аёллар орзу-ҳавасларининг нечоғли қимматга тушиши ҳақида бошда нега ўйлашмадийкин? Ахир улар ҳам тирик жон, Аллоҳ яратган фитрати билан эрларини соғинади, болаларининг “дадамиз қачон келадилар” деган саволига жавоб тополмай қийналади. Водий қишлоқларидан бирида яшайдиган танишимизнинг: “Қишлоқда йигитлардан мену бир неча қартайган чолларгина қолганмиз, кўчадан ўтгани юрагим безиллайди, эрларини соғинган аёлларнинг кўзлари баданимни тешиб юборай дейди” қабилидаги гаплари ҳам фожиани бутун бўй-басти билан ошкор қилиб турибди.

Чет элларда ишлаётган йигитлар (аёллар ҳам) ўзлари исташадими-йўқми, ўша жойдаги халқларнинг менталитетию улар турмушидаги зарарли одат ва қусурларга тақлид қилишади, эргашишади. Айниқса, Русияда мардикорлик қилаётганлар орасида ароқхўрлик, бангиворлик, қимор ўйнаш, пичоқвозлик, фоҳишабозлик каби иллатлар тобора одат тусига кириб боряпти. Бу эса яхши ахлоқ ва тарбия кўриб ўсган мусулмон йигитларининг ватанга безори, пиёниста, бузуқи ва расво бўлиб қайтишларини “кафолатлайди”. Биладиган кишиларнинг эътироф қилишича, Русияда ишлаб қайтганлар ичида хотинини қизғанмаслик, ҳар гап орасида айниб сўкиниш, бировларнинг озгина ютуғини ҳам кўролмаслик, катталарга беҳурмат бўлиш каби халқимиз менталитетига ёт қусурлар “юққан” кишилар ҳам кўп топилади.

Оғир шароитларда ишлаб саломатлигини йўқотиш, ўпка сили, сўзак, заҳм, ҳатто СПИД каби оғир касалликларни орттириш каби йўқотишларга қараганда инсоннинг маънавий-руҳий қашшоқлашуви оғир оқибатларга олиб боришини ҳеч ким инкор қилолмайди. Жисмоний касални тузатиш мумкин, аммо руҳий-маънавий хасталарни, ахлоқан тубан кетганларни тузатиш учун узоқ муддат, кўп куч-ғайрат сарфлашга тўғри келади.

Бу оғриқли сатрларни ёзаётиб, кўнгил бир нарсадан сал таскин топади. Мамлакатимизда ҳамма соҳада бошланиб кетган жиддий ислоҳотлар қатори хорижда мардикорлик қилиб юрган юртдошларимизнинг муаммосини ҳал этишга астойдил киришилди ва бу соҳада сезиларли ижобий натижалар ҳам кўзга ташланяпти. Кўплаб иш ўринлари яратилаётгани, янги корхоналар, қурилишлар, қишлоқ хўжалиги фермалари пайдо бўлаётгани, ишсизларга маълум нафақалар ажратилаётгани бу борадаги илк самаралардир. Аммо рапортбозликка, ёлғон тўқишга ишқибоз акахонлар яна эски қилиқларини бошлаб, шундоқ ҳам эзилган, хўрланган, тушкунликка тушган мардикорларни яна тешик тоғора қаршисига ўтқазиб кетишмаса бўлди!

Аҳмад МУҲАММАД
Azon.uz таҳлилчиси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!