Иймон

Умар ибн Абдулазиз даврида илмга эътибор (биринчи мақола)

819

Отаси Умарнинг тарбиясини Солиҳ ибн Кайсонга топширди. Солиҳ болани илмга ошно қилди. Ибн Касир ривоят қилади: “Умар ёшлигидан беш вақт намозни масжидда ўқир эди. Бир куни намозга кечикиб келди. Солиҳ ибн Кайсон бунинг сабабини сўради. Умар хизматчига сочини таратиб кеч қолганини айтади. Устоз: “Сочингнинг муҳаббати сени шу даражага олиб келибди”, дейди ва отасига хат ёзади. Отаси унинг сочини қириб ташлаш учун одам жўнатади” (Ибн Касир. “Бидая ван ниҳая”).

Умар ибн Абдулазиз катта шайхларни ҳурмат қилиб, уларнинг гапига қулоқ соларди. Отаси вафотидан кейин амакиси Абдулмалик ибн Марвон уни тарбиясига олди, Умар ёшлигидан тўғри ҳаёт фақат илм билан қурилишини тушуниб етди.

У ўттиздан ортиқ устозлардан таълим олди. Уларнинг саккиз нафари саҳобий, йигирма беш нафари катта тобеъинлардан эди. Бу улуғ зотларнинг илми ва одоби Умарда ўз аксини топди.

Умарнинг илмга муҳаббати

Аллоҳ Таоло Умарга илм муҳаббатини берган эди. У ёшлигидан илм халқаларида ўтирар, фиқҳ ва ҳадис дарсларига қатнарди. Айниқса, Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утбани яхши кўрарди. Саид ибн Мусаййаб ҳам уни яхши кўрар, Абдуллоҳ ибн Умарнинг ўғли Солимнинг дарсларига қатнашган эди. Имом Зуҳрий айтади: “Бир кеча Умар билан анча гаплашиб ўтирдик, турар чоғимиз у: “Бу кеча айтган ҳамма гапларингни эшитганман, фақат сен ёдлаб олгансан, биз унутиб қўйганмиз”, деди” (Ибн Саъд. “Табақотул кубро”).

Умарнинг илмига далолат қилувчи нарсалар

Исломий илмларда Умар ибн Абдулазизнинг муҳим ўрни бор, қанчадан қанча масалаларда унинг раъйи кучли бўлган. Имом Лайс ибн Саъд имом Моликка юборган машҳур рисоласида бир неча ўринларда Умарнинг сўзлари ҳужжат қилган.

Тўрт мазҳаб фақиҳлари ҳам Умар ибн Абдулазиз фиқҳини ҳурмат қилади. Имом Молик “Муватто”нинг йигирмадан ортиқ ўринда унинг сўзларини зикр қилади. Ханафийлар уни “Кичик Умар” деб Умар ибн Хаттобдан ажратганди. Имом Аҳмад: “Тобеъинлардан фақатгина Умар ибн Абдулазизнинг сўзларини ҳужжат қиламан”, деган (Ибн Касир. “Бидая ван ниҳая”).

Умар ибн Абдулазиз қадарийларга раддия сифатида катта рисола ёзди. Рисола жуда олий савияда бўлиб, шунингдек, унда хаворижларга кучли ҳужжатлар билан курашиб, уларнинг заиф фикрларини нотўғрилигини исбот қилган (“Хулятул авлиё”).

Унинг илми ҳақида уламолар айтганлари

Мусулмон имомлари Умар ибн Абдулазиз олим тобеъинлардан эканига иттифоқ қилган. Имом Зуҳрийдан ривоят қилинади: “Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ “Уламолар Умарнинг олдида шогирд бўлиб қолади”, деган”.

Мужоҳид айтади: “Умар ибн Абдулазизнинг олдига келдик, у бизнинг илмимизга муҳтож деб ўйлардик, унинг ҳузуридан чиққанимизда эса биз унинг илмига муҳтож эканимизни билдик” (“Бидая ван ниҳая”).

Маймун ибн Меҳрон айтади: “Умар ибн Абдулазиз олимларнинг муаллими эди”.

Уламолар саййиди Аюб Сухтиёний айтади: “Биз кўрган уламолардан ҳеч ким унингчалик пайғамбар илмини билмас эди” (“Таҳзибут таҳзиб”).

Хофиз Ибн Саъд: “Умар ибн Абдулазиз ишончли ровий, оманатдор, унда етарлича фиқҳ, илм, вараъ бор. Кўп ҳадис ривоят қилган одил амир эди, Аллоҳ рози бўлсин” (“Сияру аъламил нубала”).

Имом Заҳабий айтади: “Фақиҳ имом, суннатни яхши билган мужоҳид, шаъни улуғ ҳужжат эди” (“Тазкиратул хуффаз”).

Лайс ибн Саъд айтади: “Менга Умарнинг қўл остида ишлаган бир киши айтиб берди: “Бирор масалани билмай қолсак, Умар ибн Абдулазиздан сўрардик, у илмнинг аслини ҳам, қўшимча масалаларини ҳам яхши биларди, уламолар унга шогирд эди” (Ибн Касир. “Бидая ван ниҳая”).

Илм тарқатишга қўшган ҳиссаси

Умар ибн Абдулазиз илм халқалари, ҳадис мажлисларини яхши кўрарди. Шунинг учун фақиҳлар ва муҳаддисларни илм тарқатишга сафарбар қилди.

Аввало илмни ёзишга буйруқ берди, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадис Қуръонга аралашиб кетмаслиги учун дастлаб (ҳадисларни) ёзишдан қайтарган эдилар, кейинчалик бунга изн бергандилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг кўпчилик саҳобалар ҳадис ёзишга рухсат берилди. Лекин китоб шаклида ёзиш Умар ибн Абдулазиз даврида бошланди. Катта тобеъинлар вафоти ва тўқима ҳадислар хавфи халифанинг шундай қарор чиқаришига туртки бўлди. Имом Зуҳрий айтади: “Атрофдан келаётган ёмон ҳадислар бўлмаганда ҳадис ёзишга рухсат бермасдим” (Хатиб Бағдодий. “Тақйидул илм”).

Бухорийнинг “Саҳиҳ”ида ривоят қилинади: “Умар ибн Абдулазиз Абу Бакр ибн Хазмга шундай мактуб ёзди: “Расулуллоҳ ҳадисларига эътибор қил, уларни ёздиргин, мен уламолар вафот этгач, илм йўқолиб кетишидан қўрқаман. Уламолар илм мажлислари қуриб, илм тарқатсин, илмсизлар фош бўлсин, зеро, илм сир бўлгандан кейин зое бўлиб кетади” (“Фатхул борий”).

Ибн Абдул Барр ривоят қилади: “Ибн Шиҳоб Зуҳрий айтади: “Умар ибн Абдулазиз бизга ҳадис тўплашни буюрди. Биз ҳадисларни дафтар-дафтар қилиб ёздик, у қўл остидаги ҳар бир шаҳарга дуларни жўнатди” (“Жомеъу баёнил илм”).

Хофиз Ибн Хажар айтади: “Биринчи бўлиб ҳадис таълиф қилган имом Зуҳрийдир, кейин бу иш кўпайиб “Тасниф” даражасига айланди” (“Фатхул борий”).

Умар ибн Абдулазиз араб тилига катта эътибор берди. Фатҳ қилинган шаҳарларда араб тилини ўрганишга тарғиб қилинар, тилни яхши ўзлаштирганларга совғалар бериларди. Чунки араб тили Аллоҳнинг Китоби ва пайғамбар суннатини тушунишнинг асосий омили эди (Абдурраҳмон Шарқовий. “Умар”).

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (биринчи мақола)

461 22:30 22.10.2019

Қуръонда касодга учрамайдиган тижорат ҳақида нима дейилган?

2224 18:00 22.10.2019

Васиятнома ёзиш лозим...

429 14:15 22.10.2019

Салаф киму халаф ким?

1045 09:00 21.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (тўртинчи мақола)

325 21:00 19.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

289 21:00 18.10.2019
« Орқага