Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни йиғлатган дуо

09:05 06.08.2019 1451

Халифа Умар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бозор ёнида турган кишининг олдидан ўтаётиб унинг: “Эй Роббим мени камчилик бандаларингдан қилгин”, деяётганини эшитди.

Халифа ундан бу дуони қаердан олдинг деб сўради. У киши Аллоҳ таоло Қуръонда: “Бандаларим орасида (Аллоҳга) шукр қилувчиси оздир” (Сабаъ сураси, 13-оят), деган дея жавоб берди.

Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Эй Умар, кўл остингдагиларнинг барчаси сендан кўра фақиҳроқ”, деб йиғлаб, ҳалиги киши айтган дуони ўқидилар.

Ҳақиқатан, Қуръони карим оятларини чуқур тадаббур билан ўрганадиган бўлсак,

"اكثر الناس" – инсонларнинг кўпчилиги деган оятларнинг охири "لا يعلمون" – билишмайди, "لا يشكرون" – шукр қилишмайди, "لا يؤمنون" – имон келтиришмайди деган калималар билан тугайди.

"اكثرهم" – уларнинг кўплари деган калималари бор оятларнинг охири: "فاسقون" – фосиқлар, "يجهلون" – жоҳиллик қилишади, "معرضون" – юз ўгиришади, "لا يعقلون" – ақл юритишмайди, "لا يسمعون" – эшитишмайди, дейилиб тугалланади. Бир инсонни ёмон иш қилаётганини кўриб, ундан қайтарсанг, ҳамма қиляптику деб жавоб беради. Зеро, бир ишни ҳамма қилиши, унинг яхши эканига ҳужжат бўлмайди. Балки ўзимиз ҳам у ишдан қайтиб бошқаларга ҳам ибрат бўлишимиз лозим. Чунки Аллоҳ таоло озчилик бандалар ҳақида Қуръонда шундай марҳамат қилади: “...Бандаларим орасида (Аллоҳга) шукр қилувчиси оздир” (Сабаъ сураси, 13-оят);

(Ўзиб кетганлар) аввалги (уммат)лардан кўпчилик, кейингилар (Муҳаммад умматлари)дан эса озчилик” (Воқеа сураси, 13-14-оят);

...Ваҳоланки, у (Нуҳ) билан бирга имон келтирганлар оз эди” (Ҳуд сураси, 40-оят).

Бу оятларда зикр қилинган озчилик бандалар сафидан ўрин олишни Аллоҳ таоло барчаларимизни насиб этсин.

Раҳматуллоҳ НУРМАТОВ

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!