(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм)
Аёлларни аёллар ҳам эзади
Мутолаа
Соатлаб деразадан ташқарига қараб турган Фазилат хоним жуда чарчаган эди. Бошини тиззасига қўйиб ўйланиб қолди. Нима қилса ҳамки, ўзи билан ёлғиз қола олмас, дарддан қутулолмасди.
Қиш. Ҳамма ёқни қор босган. Боғдаги дарахтлар оқ рангга бўялгандек... Фазилат яна деразадан ташқарига термулди. Кўчалар буткул оппоқ. Қизи – эндигина етти ёшга тўлган Нур онасининг изтиробларидан бехабар ухлаб ётарди.
Кенг залда тунги чироқнинг милтиллашида аранг кўринадиган ёқимли мушук Миша ҳам диванда кулча бўлиб уйқуга кетган.
Фазилат хоним ўрнидан туриб, хонани айланиб чиққандан сўнг қизининг ҳолидан хабар олиш учун Нурнинг хонасига борди. Қизи кўрпани устидан тушириб ташлаган эди. У секин қизининг устини ёпди ва дераза олдига қайтди.
Соат тунги учга яқинлашган. У ўзига ўзи гапира бошлади: “Мен аҳмоқманми? Нега яна уни кутяпман? Бунга арзимайди-ку!”
Тўсатдан кенг кўчанинг ўртасидаги шарпани кўрди. Бошини кўтариб, яхшилаб қаради. Ҳа, бу унинг эри Али эди.
Фазилат хоним деразадан узоқлашмасдан тикилишда давом этди. У Алининг ўзини кўришини хоҳларди, лекин бу истаги ҳам ўзнинг ғазабини келтирар, у яна ўзи билан ўзи гаплашарди: “Ҳа, ҳа, мен аниқ аҳмоқ аёлман. Ҳали ҳам уни қадрлаяпман, у билан қизиқяпман...”
Али оҳиста қадамлар билан боғ эшигидан кириб, темир эшикнинг дастагини тезлик билан босганида, эшикнинг ғийқиллагани эшитилди.
Чуқур уйқуда ётган мушук бу товушни эшитиб, дарҳол кўзини очди ва ётган жойидан турди. Жонивор атрофга, Фазилат хоним эса унга қараб турарди. Ичидаги ғалаёнларни тинчлантиролмаётган аёл мушук билан гаплаша бошлади:
– Уйғониб кетдингми? Унинг эшик ёпишини яхши танийсан-а? Чунки ҳар доим бир хил ёпади. Нафрат билан келаётгани шу ҳаракатидан маълум. Лекин сен буни сезмайсан, ранжимайсан ҳам.
Ёқимтой жонивор эгасига тушунгандек қаради. Кўп ўтмай калитнинг овози эшитилди. Эшик очилди, мушук чаққон сакраб, Алибейнинг бағрига ўзини отди. Фазилат кўзини остонага тикканча қимирламай турарди. Алибей бир қўли билан эшикни ёпаркан, иккинчи қўли билан мушукни қучоқлаб, бошини силарди:
– Кичкинтойим, сен бўлмасанг, бу уйнинг ўликхонадан фарқи қолмасди.
Шундан сўнг чироқни ёқиб, совуқ нигоҳини Фазилатга қадади. Аёл ҳам унга тикилиб тураверди. Қарашларида шу қадар чуқур маъно бор эдики, Али чўчиб, кўзларини олиб қочди. Ўз айбингни яшириш учун бошқани айблаш керак, деган қоидасига кўра хотинини камситиш учун сабаб изларди. Топди ҳам. Севгидан асар бўлмаган ўткир нигоҳларини Фазилатга тикиб, қўполлик билан гап бошлади:
– Ҳатто мушукдек бўлолмайсан! Шу ҳайвоннинг садоқат билан ўз ҳолатингни солиштириб кўр! Келганимда ҳатто турган ерингдан қимирламадинг, лекин Миша-чи? Дарҳол бўйнимдан қучди.
Фазилат хоним эрига яқинлашди. Афсус ва алам билан билан сўради:
– Мени беш дақиқа тинглай оласизми?
– Сени кўп эшитганман. “Қаерда эдингиз? Ишингизни оиладан устун кўряпсиз. Бизга эътибор бермайсиз...” Бошқа нимаям дердинг?
Аёл аччиқ кулди:
– Адашяпсиз, бундай демай қўйганимга уч йил бўлди. Менга қайғурмаслигингиз ва ўзингиз ўзгартирган янги оламимни билмаганингиз учун эски Фазилатнинг гапларини айтяпсиз.
Алибей бошини қашлаб бир неча сония ўйланиб қолгач, сўради:
– Айтайлик, сен ҳақсан. Эшитайлик-чи, янги оламингда нима гап экан?
– Ўзим ҳақимда эмас, ҳайвонлар ҳақида гаплашмоқчиман.
– Ҳайвонлар ҳақида? Шу пайтда-я?
– Сизни бошқа вақтда кўрмайман-ку...
Алибей диванга ўтирди.
– Хўш, ўтир-чи, қандай сафсата сотмоқчисан? – деди мазахомуз.
Фазилат хоним эрининг рўпарасидаги курсига чўкди, бир дам ўйланиб қолди: “Али сўзимнинг қадрига етармиди?” Лекин барибир айтишни ўринли деб топди.
– Ҳозиргина ҳайвонларнинг садоқатидан гапирдингиз. Агар жониворларни яхши кўрмасангиз, шафқатсизлик қилсангиз, озор берсангиз, улар ҳам сизга меҳр қўйишмайди. На келишингиз ва на кетишингизнинг уларга аҳамияти қолмайди. Мушугимиз бўйнингиздан қучаётган бўлса, сиздан танбеҳ эшитмагани учун. Ҳатто ҳайвон ҳам меҳр бермаган кишига талпинмайди. Эсингиздами, уч йиллар олдин сизни доим эшик олдида кутиб олардим. Охирги пайтларда шу ишим учун мени ҳақоратлаб, ғуруримни оёқости қилардингиз. “Нега ухламай, қадамимни кузатиб юрибсан?” дейишингиздан безиллаб, охири кутиб олмайдиган бўлдим. Агар шундай муомалангизни мушугимиз ва кучугимизга қилганингиздайди, улар сизга қайрилиб ҳам қарамасди. Яъни садоқат ва севги ўзаро, икки томонлама бўлади. Жавобсиз муҳаббат эса фақат аҳмоқларда учрайди. Ҳатто ҳайвон ҳам ўзини севмаганни севадиган даражада аҳмоқ эмас. Сизга шуни айтмоқчийдим... Демак, мушукдан кўрган муҳаббатингиз ўзингиз кўрсатган муносабатнинг жавоби.
– Ростданми? Асаббузар аёл! Бундан яна нима кутиш мумкин? Гапни айлантириб, буриб келиб, яна ўша мавзуга тақади.
– Кўнглимни оғритаверманг, Али! Сал бўлмаса, ҳайвонга бераётган меҳрингизни менга ҳам беринг, деб юбораман. Ғуруримни топтаманг, бошқа чидолмайман...
– Хўш, чидолмасанг, нима қиласан?
– Нима қилишим керак бўлса...
Али бирдан ўрнидан туриб, бақира бошлади:
– Неча йилдан бери шу гапларни қайтарасан! Нима қилиш керак бўлса, қил! Мен ҳам чуқур нафас олайин.
Кўзлари ёшга тўлган Фазилат эрига ачиниш билан қаради:
– Тўғри айтдингиз... Ҳатто кеч қолдим.
– Қаерга ҳам кетардинг? Менинг уйимдан бошқа жойда сенга яхши ҳаёт бор эканми? Аканг ароқхўр, отанг остонадан киритмайди, уюшмадан бир тийин ҳам беришмайди. Давлат эса рўмолинг туфайли сенга ўхшаганлари ишга олмайди. Яна ўзимга ялинасан. Яхшиси, оёқларимни ювиб, сувини ич-да, жимгина юравер. Мендан бошқа ҳеч ким қорнингни тўйдирмайди!
Фазилат аламдан нима дейишини билмай, аранг сўради:
– Уйингизда қорин тўқлаш учун яшаяпманми?
– Шундай десаям бўлади. Увиллашни бас қил! Кечаси жанжал бошлама!
– Мен жанжал қилмаяпман. Аслида ҳаётимизнинг турган-битгани жанжал, бунга сиз жавобгарсиз...
– Оилавий низоларни тинчитадиган уюшмангда ҳар куни одамларга ақл ўргатасан. Агар ўз уйингда ҳам шундай оқила бўлганингда, бу аҳволга тушмасдик.
Фазилат хоним ҳайрон бўлар, қанча уринмасин, ҳамон ўзининг айбланаётганига ишонолмасди.
– Мен вазифамни ўн йил тўлиқ бажардим. Турмушимизнинг илк кунларида мени еру кўкка ишонмасдингиз, ақл ўргатишимга ҳожат йўқ эди. Жижим – асал ойида бошқа эдингиз, энди кечим – тирикчилик ойида бошқа одамга айландингиз. Энди сечим – сайлов ойида эса бутунлай ўзгари кетдингиз. Тўғри, уюшмамиз оилавий муаммоларда ёрдам беради, аммо унда сизга ўхшаганларни даволовчи дори йўқ. Уюшма яралари қорасонга айланиб кетмаган оилани сақлаб қолишни мақсад қилган... Бизникида эса... ҳаммаси тугаб бўлган. Бунинг устига, сабаби ҳам маълум эмас.
Алининг бу сафар овози жуда баланд чиқди:
– Агар тугаган бўлса, нега кетмаяпсан? Мендек анойини топа олмаслигингни биласан-да!
– Муомалангизни тўғирланг, Али. Мен кимнидир қидирмаяпман. Унутманг, одам албатта қидирганини топади. Ҳар доим ҳамма учун кимдир бор. Буларни эр сифатида айтишингиз сизнинг қадрингизни туширади. Шунчалар пастлаганингиз кифоя. Бундан ҳам пастлашингизга тоқат қилолмайман.
– Мен билан ўйнашма! Йўқса, пушаймон бўласан!
– Бақирманг, бола эшитади. Шундоғам ҳаммасини билади. Шунинг учун ҳам кўзида қувонч йўқ.
Али яна-да баландроқ бақира бошлади: – Эшитсин! Ҳамма эшитаверсин! Муштдек боладан қўрқишим кам эди!
Мушук қулоқларини динг қилиб, қўрқув билан эгасига қараркан, ўзига қаратилган қичқириққа дуч келди:
– Нимага бақраясан? Қани, жойингга бориб ёт!
Отасининг баланд овозидан уйғонган Нур хонага мўралаб, нима бўлаётганини тушунишга уринарди. Фазилат хоним овозини янаям пастлатди:
– Хўп-хўп, бўлди. Бола эшитмасин, бошқа сафар гаплашайлик. Албатта, бу ёрдам берса...
– Майли, эшитсин. Барибир ажрашамиз. Ҳозирдан билгани яхши. Кейин унинг ҳам нолишини эшитмайман.
– Бундай деманг, боланинг дунёсини барбод қиласиз. Нур учунгина уч йилдан бери ҳақоратларингизга чидаб келяпман. Дардимни ҳеч кимга айтмадим. Ёзган кундалигим уч юз саҳифадан ошди.
Ота-онасининг гапига қулоқ солар экан, Нурнинг кўзларидан мунчоқ-мунчоқ ёш оқарди. Қизалоқни пайқаган мушук миёвлаганча унга қараб югурди. Шундагина эр-хотин қизларини кўришди. Фазилат хоним маъюс ҳолда у томонга юрди.
– Уйғондингми, болам? Нега бизни тинглаяпсан?
Қизининг йиғлаётганини англаган Фазилат хоним ичидан нимадир узилгандек оғриқ ҳис қилди.
– Жоним, хафа бўлма, ота-оналар баъзан уришиб туришади.
Нур бу сафар ўксиниб йиғлашда давом этаркан:
– Сиз ажралиб кетсангиз, менинг ота-онам ким бўлади? – деди.
Онаси унинг сочларини силаб, ўпиб, кўнглини кўтармоқчи бўлди:
– Йўқ, биз ажрашмаймиз, қўрқма.
Али раҳм-шафқат туйғусидан маҳрум одамдек гапирди:
– Онанг менга ёпишиб олган, қизим. Хавотир бўлма, у мен билан ажрашмайди. Ҳамма нарсага чидайди. Чунки жудаям сабрли.
Фазилат хоним эрига нафрат билан қаради:
– Сиз билмаган бир нарса бор, жаноб Алибей. Аслида, сабрли инсондан қўрқиш керак!!!
* * *
Фазилат хоним тун бўйи ухлолмади, йиғлаб тонг оттирди. Эрталаб Ҳабиба хоним билан суҳбатлашиш учун уюшмага келганида эшикни яна Ойшагул очди:
– Воҳ! Бугун вақтли келдингиз, опа. Марҳамат... Хуш келибсиз.
Ойшагул Фазилат хонимнинг вайрон бўлган дунёсидан бехабар ҳолда гапирарди:
– Опа, биласизми, мен нимани ўйладим? Одамлар ўзга сайёраликларга шунчалик берилиб кетишдики, охири нима қилишларини билмай қолишди. Ўзлари “ўзга сайёраликлар” деб ўйлаб топган одамларига хаёлан кийдирмаган кийимлари қолмади.
Фазилат хоним Ойшагулга маъносиз тикилиб ўтирар, ҳеч нарсани эшитмасди. Қиз сўзини давом эттирди:
– Одамлар шу даражага етганки, ўзга сайёраликларнинг елкаси учли металл кўйлак кийишига ишонишганидан, куни келиб елкаси йўқ ўзга сайёраликни кўришса, ҳайратда қолишади. Уларнинг ҳолига ҳозирдан кулгим келяпти. Сизнингча ҳам кулгили эмасми?
Фазилат хоним сўради:
– Нима кулгили?
– Вой, опа! Гапларимни эшитмаётганмидингиз?
– Қулоғим эшитяпти, ақлим эмас. Ўзим шу ердаман, ақлим бошқа жойда...
– Тинчликми, опа, яна Алибей сабаблими?
– Шундай... Биз бу ишнинг охирига келдик. Бошқа чидолмайман. Ҳабибани кутяпман, балки таскин берар, бирор нарса дер. Акс ҳолда, бу нафрат мени ўлдиради. У менга жуда оғир гапларни айтди. Энди кўтаролмайман.
Ойшагул ранжиган оҳангда деди:
– Бу нимаси, опа! Бизга дардингизни айтдингиз-у, тасалли бермадикми? Ҳар қалай, биз ҳам нимадир ўқиганмиз, шундай эмасми?
Фазилат хоним ғамгин кулди:
– Айрим нарсалар борки, уларга ўқиш билан эришиб бўлмайди. Бу билимларни ҳаёт ўргатади. Ўтган йиллар ўргатади. Сен яшаган ҳаёт мени юпатиш учун етарли эмас.
– Ундай эмас... Сиз ўз ҳаётингизнигина биласиз. Менинг шундай дардларим борки, билсангиз, ҳайрон қоласиз. Аслида-ку уларни ҳеч кимга айтолмайман ҳам. Ҳаёт менга яхшигина дарс берди. Баъзан йигирма беш йил яшаган одам олтмиш ёшлилардан кўпроқ нарсани билади.
Фазилат энди жавоб бермоқчи эди, телефон жиринглаб, Фазилатни сўрашди. Ойшагул дарҳол гўшакни узатди. Телефондаги аёл эри хиёнат қилганини тушунтирди. Кейин деди:
– Мен ҳам эримга хиёнат қилиб, ундан қасос олмоқчиман. Нима қилсам ҳам, унга тушунтиролмаяпман. Илтимос, менга бирор маслаҳат беринг.
Фазилат хонимнинг жаҳли чиқди:
– Синглим, номусингиз эрингизга боғлиқми?
Агар у номуссиз бўлса, сиз ҳам шундай бўлишингиз нотўғри! Бу тушунчани ўзингизга сингдиришингиз шарт. “Оилавий хизматлар уюшмаси” сифатида сизга берадиган ёрдамимиз шу йўналишда бўлади. “Аёлларни уйғотиш уюшмаси”га борсангиз, “Шундай қилсанг, тенглик бўлади”, дейишлари мумкин. Лекин мен ўша сўзимда қатъийман: “Ҳар кимнинг номуси, ғурури ўзи учун. Ориятли одамнинг шаъни ҳеч кимга боғлиқ эмас”.
Фазилат шу тарзда бир неча дақиқа гапирди, суҳбатдошини кўндирди. Гўшакни қўйганидан кейин Ойшагулга юзланди:
– Бундай аёллар менинг асабимни бузади. Эрталабдан кечгача сериал кўришади. Кейин эса телесериалдаги ўзларига ўхшатган аёл нима қилса, шуни такрорламоқчи бўлишади. Менимча, Ҳабиба айтганидек, одамлардаги ахлоқни ўзларига билдирмаган ҳолда йўқ қилдилар.
* * *
Орадан анча вақт ўтди, Ҳабиба келмади. Фазилат қайғули ҳолатда “қабристоним” деб атайдиган уйига ўзига ўзи гапирганча йўл олди: “Нарсаларимни йиғиштириб, эрталабоқ чиқиб кетишим керак”.
Амина Шенликўғли
(давоми бор)