Умматдан энг биринчи кўтариладиган нарса

20:00 11.05.2019 2034

Абдуллоҳ ибн Шавзабдан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ваҳий қилиб: “Сени нима сабабдан рисолатим, Каломим билан одамлар орасидан танлаб олганимни биласанми?” деди. Мусо: “Йўқ, эй Раббим”, деб жавоб берди. Шунда Аллоҳ: “Мен учун бирон киши сенчалик тавозеъ қилмаган”, деб айтди .

Бу ерда “тавозеъ”дан мурод хушуъ. Зеро, хушуъ манфаатли илм саналади. Кишилар қалбидан энг аввал кўтариладиган хислат ҳам айнан хушуъдир.

عَنْ شَدَّادِ بْنِ أَوْسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَوَّلُ مَا يُرْفَعُ مِنَ النَّاسِ الْخُشُوعُ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ.

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамлардан кўтариладиган энг биринчи нарса хушуъдир”, деганлар (Табароний “Кабир”да ривоят қилган ).

Имон хушуъси фойдали илм, мўминлар нажот топиши учун асосий воситасидир. Афсуски, одамлардан энг биринчи кўтариладиган нарса ҳам хушуъ экан. Бу ихлоснинг йўқолиши, беш кунлик дунёга берилиш, шаҳватларга ўчликдан келиб чиқади. Қиёмат яқинлашгани сари кишилар дин-диёнатдан узоқлашиб, ўткинчи матоҳларга кўнгил қўйишлари айтилган. Одамларда Аллоҳдан қўрқиш, охиратга рағбат камайганидан сўнг қалб моддиятга боғланиб қолади. Шу ва бошқа сабаблар билан хушуъ, ихлос, самимийлик, холислик камёб хислатга айланади.

Хушуъ намознинг руҳидир. У бандага намозни севдиради, машаққатларини кетказади, ибодатни енгил қилади.

Хушуъсизлик эса бориб-бориб намознинг ҳам йўқолишига сабаб бўлади.

وَعَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَوَّلُ شَيْءٍ يُرْفَعُ مِنْ هَذِهِ الأُمَّةِ الْخُشُوعُ حَتَّى لاَ يُرَى فِيهَا خَاشِعاً. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي مُسْنَدِ الشَّامِيِّينَ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Бу умматдан кўтариладиган энг биринчи нарса хушуъдир, ҳатто (уммат) ичида хушуъ қилувчи кўринмайди” (Табароний “Муснадуш шомиййин”да саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

Яна бир ҳадиси шарифда: “Ҳали шундай замон келади. У вақтда одамлар намоз ўқийди, лекин (ҳақиқий маънода, хушуъ билан) ўқимайди”, дейилган .

Демак, уммати муҳаммадия орасидан энг аввал хушуъ кўтарилади. Бориб-бориб намозхонлар орасида хушуъ қиладиган одам бармоқ билан санарли даражада камайиб кетади, ҳатто топилмай ҳам қолади. Бу нарса жаҳолат, мол-дунёга ўчлик, шаҳватларга қул бўлиш, охиратни унутишдан келиб чиқади (Зиёвуддин Раҳимнинг “Намозда хушуъ” китобидан).

Зиёвуддин Раҳим телеграм канали

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!