«Уммати Исломнинг буюк денгиз саркардалари»

19:00 01.03.2019 1210

Ака-ука Барбароссалар

«Испанлар ва португалларга қарши исломий жиҳод ака-ука Ҳайриддин ва Уруж Барбароссалар келишгунча жуда бебош кечган эди. Иккаласи Жазоирдаги исломий кучларни бир бутун қилиб йиғиб, ягона мақсад – Шимолий Африка бандаргоҳлари-ю шаҳарларида кенг тарқалган Ислом душманларини даф қилишга йўналтиришга муваффақ бўлди».

Атоқли Ислом тарихшуноси Али ас-Саллобий

Тарихимизнинг эътибордан четда қолган минглаб саҳифаларини варақлаб, мазкур асар устида қанчалик кўп ишлар эканман, ўзимиз учун мажҳул қолган ўтмишимизни уммати Ислом душманлари жуда яхши билишига шунчалик қатъий ишонч ҳосил қилиб бордим. Тарихимизни пухта ўрганиб олган динимиз душманлари бизга тузоқ қўйиб чиққан, биз эса ўлжадай ўша тузоқларга илиниб бораверганмиз. Оқибатда, ўз тарихимиз ва асл қаҳрамонларимизни унутиб, табиийки, жаҳолат ва қолоқлик чангалида қолганмиз. Агар сиз ушбу хулосани фитна назариясига муккасидан кетган ёзувчининг фантазиясига ўхшатган бўлсангиз, Голливуд кино марказида тасвирга туширилган қароқчилар ҳақидаги фильмларни томоша қиладиган ҳар қандай кишидан кинофильмлар, бадиий асарлар ва ҳатто болалар учун мўлжалланган мультфильмларда учрайдиган машҳур қароқчининг исмини сўранг. Ва ўша киши узоқ ўйланиб ўтирмай, малла соқолли, бир кўзидан айрилган, бир қўли чопилган, Барбаросса исмли ёғоч оёқли қароқчи «Кариб денгизи қароқчилари» фильмининг бош қаҳрамонларидан бири эканини айтади.

Биздан сир тутишга ҳаракат қилинаётган ҳақиқат эса шундан иборатки, қўрқинчли келбатда тасвирланаётган Барбаросса аслида ор-номусли, яхши хислатларга тўлиб-тошган, етакчилик сифатлари ривожланган кучли шахс, бани башар тарихида кам учрайдиган қаҳрамонлардан биридир. У бизга кўрсатилаётгандай қонга ташна қароқчи эмас, аксинча, уммати Исломнинг Аллоҳ йўлида курашган буюк зотларидан бири, минглаб бегуноҳларнинг ҳаётини асраб қолган денгиз саркардаси бўлган.

Ака-ука Барбароссалар ҳақидаги ривоятлар «тарихга тажовуз» назариясининг маъносини тушунтириш давомида тилга олиб ўтилган ҳолатларни тасдиқлайди. Бундай назария усулларидан бири тарихда уммат қаҳрамонларининг исмларини мутлақо тилга олмай, хотирамиздан батамом ўчириб ташлашдир. Бироқ ушбу назариянинг яна бир жирканч, ифлос усули борки, унда уммати Ислом қаҳрамонлари халқаро жиноятчилар ва ақли ноқис уламоларга айлантирилади. Бундай усулдан кўзланган мақсад сиз-у бизни эргашиш учун танлаш мумкин бўлган қаҳрамонларимиздан маҳрум қилиш, орамизда уммати Ислом фақат жиноятчилар-у, ақли ноқисларни, нари борса Синдбад, Олоуддин ва ўзига тегишли бўлмаган мулкка эга чиқиб олган Али Боболарнигина тарбиялаши мумкин деган фикр қарор топишига эришишдир.

Бугунги ҳикоямиз ўзи мусулмон, асли насаби албан бўлмиш денгиз саркардасининг шуҳрати Ўрта денгиз соҳилида тарқалган даврдан  бошланади. Исро ва Меърож[1] кечасида туғилган чақалоққа отаси Уруж дея исм берган. Ушбу денгиз саркардасининг шуҳрат қозонишига Тунис соҳилидан Андалусия томон денгиз сафарига чиқиб, маҳаллий аҳолини испан инквизициясидан халос қилгани сабаб бўлди. Европа шаҳарларининг аҳолиси орасида албан миллатига мансуб бўлиб, денгизда даҳшатли шарпадай сузадиган, ҳеч ким уддалай олмаётган мусулмон денгизчи томонидан намоён этилган кўпдан-кўп жасоратлар ҳақидаги миш-миш гаплар оғиздан оғизга ўтиб тарқади. Инквизиция қийноқларидан халос бўлган андалусияликлар эса ниҳоятда ҳурмат қилишганидан унга Уруж Ота дея ном бериб, шу тарзда ўз миннатдорликларини ифода қилишди. Итальянлар Уруж Отага «малла соқол киши» маъносини англатадиган Барбаросса деган ном беришди.

Голливуд фильмларининг бош қаҳрамонларидан бири бўлмиш ўша қароқчи малла соқол бўлишининг сабаби ҳам шунда бўлса, ажаб эмас. Ўрта денгиздаги сафари давомида Уружга ҳамиша Хизир исмли акаси ҳамроҳлик қилган. Хизир эса тарихда Ҳайриддин Барбаросса номи ила танилган. Родос ороли яқинида иоанчиларнинг[2] қўлига асир тушиб қолган Уруж тутқунликдан озод бўлиб, яна акасига қўшилиб олишга муваффақ бўлади.

Иккаласи Ўрта денгизда флотилия тузиб, Шимолий Африка шаҳарларида ёвузлик қилаётган салиб юришчиларининг кемаларига ҳамла қилишади. Шундан сўнг, Андалусияда яшайдиган мусулмонлар билан яҳудийларни католиклар инквизициясидан халос қилиш мақсадида Испания қирғоғи томон йўл олишади. Ака-ука Барбароссалар яқин келаётганини эшитибоқ салиб юришчилари даҳшатдан қалтираб қолишган. Денгиз жангларида ака-укалар намоён этган жасорат намуналари ҳақидаги хабар султон Селим Биринчига ҳам етиб борди. Халифа иккаласига хайрихоҳлик билдириб, амалда қўллаб-қувватлади. Бироқ Шимолий Африкадаги ҳукмронлардан бири душманга сотилиб, Жазоирдаги Уруж яшайдиган Тлемсен шаҳрини қамал қилишда босқинчиларга ёрдам берди.

Довюрак денгиз саркардаси Уруж ҳамда унинг турклар ва жазоирликлардан иборат қўшини душманнинг таслим бўлиш таклифини рад этди. Улар Аллоҳнинг даргоҳига қочаётган ҳолатда эмас, олға интилганча боришни афзал топишди. Муқаддам ўтган Аллоҳ йўлидаги жанглардан бирида бир қўлидан айрилган Уруж бир қўллаб ғазаб-ла жанг қилди. Денгиз саркардаси Уружнинг шахсан ўзи билан жанг қилишаётганидан хабар топган испанлар уни қўлдан чиқариб юбормаслик учун ўз бўлинмаларига мадад йўллашди. Душманнинг бутун бошли бўлинмаси уни ўраб олиб, қиличлари билан роса чопишди, беҳол йиқилганидан сўнггина Урушга яқин боришга журъат этиб, танасини бурдалашди. Уммати Ислом қаҳрамони Уруж Барбаросса қўрқоқлар қўлидан қочаётган ҳолатда эмас, олға интилганча ўлим топди.

Ваҳший салиб юришчилари ушбу мужоҳидни шунчаки ўлдириш билангина чекланишмади. Унинг бошини кесиб олиб Европа шаҳарлари бўйлаб кўтариб юришди. Европа қиролларига тинчлик бермаган, уларнинг тунги даҳшатига айланиб қолган Уружнинг боши черков қўнғироқлари тантанали жаранглатилганча қарши олинди.

Қаҳрамон Уруж ҳалок бўлди... ўз саркардасини йўқотган денгизчи мусулмонлар-чи, таслим бўлишдими?

Ёдингизда бўлсинким, Ислом байроғини ким кўтариб бораётгани эмас, Ислом байроғи ҳамиша баланд кўтарилгани муҳим. Уммати Исломнинг бир қаҳрамони боқий дунёга рихлат қилса, унинг ўрнини ушбу уммат тарбиялаб ўстирган бошқа қаҳрамон эгаллайди. Уруж (р.а.)нинг акаси, денгиз саркардаси Ҳайриддин Барбаросса укаси бошлаган жиҳод йўлини давом этишга астойдил бел боғлади.

Ҳайриддин Барбаросса ўз кемаларини Тунисга йўллаб, ушбу юртни салиб юришчилари-ю, уларнинг хоин ҳукмдорлар орасидан чиққан малайларидан тозалади, бандаргоҳларда турган испан кемаларини йўқ қилди. Шундан сўнг, Усмонийлар халифалигининг қўшинлари билан бирга Жазоирни озод қилди. Бу билан чекланмай, Балеар оролларини, у ердаги испан флотини йўқ қилган тарзда эгаллади. Ислом динига эътиқод қиладиган ушбу денгиз саркардасининг кетма-кет эришган ғалабаларидан хабар топган Рим Папаси Павел Уч католик Европа бўйича умумий сафарбарлик эълон қилиб, христианларнинг қуйидаги иттифоқини шакллантирди:

- Испания қироллиги;

- Венеция Республикаси;

- Генуя Республикаси;

- Папа давлатининг ҳарбий кемалари;

- «Авлиё Иоан ордени»

Натижада ўша даврнинг энг йирик ҳарбий-денгиз флоти вужудга келиб, таркибига 600 та кема ва уларнинг бортларига жойлашган олтмиш минг жангчи кирди. Европанинг афсонавий денгиз саркардаси Андреа Дориа ушбу иттифоқ флотига қўмондон этиб тайинланди. Мусулмонларни Ўрта денгиздан батамом қувиб солиш – ушбу саркарда кўзлаган бош мақсад бўлди. Мусулмонлар халифаси босқинчиларга қарши Ҳайриддин Барбаросса қўмондонлиги остидаги 122 та кема ва уларнинг бортидаги 22 минг мужоҳидни йўллади. Иккала флот ҳижрий 945 йили Жумодул аввалнинг 4 санасида, яъни милодий 1538 йил 28 сентябрь куни Превеза шаҳри яқинидаги ҳавзада рўбару келди. Ушбу санани, яъни Ислом тарихидаги энг йирик денгиз муҳорабаси – Превеза жанги санасини эслаб қолинг.

Салиб юришчилари сон жиҳатдан анча устун келаётганига қарамай, Ҳайриддин Барбаросса талофатнинг олдини олиш мақсадида душманга қарата бир неча марта дафъатан зарба бериб, ғаним кемаларини қуршаб олишга муваффақ бўлди. Рақиб орасида даҳшатли ваҳима кўтарилиб, душман кемалари ҳар томон ёйилиб кетди. Афсонавий қўмондон Андреа Дориа деганлари эса жанг майдонини қўрқоқларча ташлаб қочди. Шу тариқа, беш соатга ҳам бормаган жанг ўтиб Ҳайриддин Барбаросса христианларнинг йирик иттифоқини янчиб ташлаб, Усмонийлар халифалигига улкан зафар келтирди.

Мусулмонларнинг бундай шавкатли ғалабасидан сўнг, жамики христиан давлатларида даҳшат ва қўрқув муҳити қарор топди. Исломий денгиз саркардаси Ҳайриддин Барбароссанинг ғалабаси ҳақидаги хабар Ислом оламида ҳам тез тарқалиб Макка, Мадина, Қуддус, Бомбей, Дамашқ, Қоҳира, Самарқанд каби кўплаб исломий шаҳарларнинг минораларида «Аллоҳу акбар» такбири янгради.

Денгиз саркардаси Ҳайриддин Барбаросса Ислом шарафи учун қозонган ушбу ғалабалари билангина чекланиб қолмади. Халифа Сулаймон Канунийнинг амрини бажо айлар экан, Андалусиядаги мусулмонлар билан яҳудийларни инквизиция қийноқларидан халос этиш учун исломий флотнинг бир нечта денгиз сафарларини амалга оширди. Андалусиялик қочқинлар, аёллар, қария ва болаларни қутқариб Ўрта денгизни кезиб юрди. Миннатдор Андалусия халқи унинг Хизир исми ўрнига Ҳайриддин дея ном қўйиб олишди. 1541 йили Гренада аҳолиси халифа Сулаймон Канунийнинг номига қуйидаги мазмунда нома йўллашди:

«Ёнгинамизда олижаноб вазир, Аллоҳ йўлидаги мужоҳид, динимиз ёрдамчиси, Исломнинг кофирлар узра кўтарилган қиличи Ҳайриддин бор эди. У бизнинг аҳволимиз ва бошимизга тушган кулфатлардан хабар топди... Биз ёрдам сўраб, уни чақирдик ва у келди. Кўпдан-кўп мусулмонларни кофирлар зулмидан халос этиб, барини султоннинг ҳимояси остидаги тинчлик ҳукм сурган ерларга элтиб қўйди».

Кўрдингизми, эътиборимиздан четда қолган қаҳрамонларимиз мана шундай бўлишган. Энди эса Аллоҳнинг амри ила улар ҳеч қачон унутилмайди. Умматимиз душманлари биз учун ёзиб берган нарсаларни ўқиб ўтирадиган даврлар ўтди кетди. Энди биз умматимизнинг асл тарихини тиклаймиз. Тарихимизга тажовуз қилаётганларнинг шу кунгача денгиз қароқчиси ҳисобланган Барбаросса исми олдидаги қўрқуви энди мени ажаблантирмайди. Зеро, ўз замонида дин душманларининг машҳур денгиз саркардаларини ушбу уммати Ислом қаҳрамонининг шунчаки тилга олиб ўтилган исмининг ўзи даҳшатга солар эди.

Ўша кундан буён исломий флотнинг Ўрта денгиздаги бандаргоҳи Жазоир бўлиб, Ҳайриддин Барбаросса ушбу юртнинг ҳукмдори бўлди. Унинг бошчилигида Усмонийлар халифалигининг исломий ҳарбий-денгиз флоти барча денгиз ва океанларда ҳукм сурган энг қудратли ҳарбий-денгиз кучларига айланди. Сиз Буюк Британия, Франция, Голландия, Дания, Сицилия, Сардиния каби йирик давлатлар Жазоирда жойлашган усмонийлар флоти томонидан тўла-тўкис назорат остига олинган Ўрта денгиздаги кемаларининг хавфсизлигини кафолатлаб, ҳимоя қилгани учун исломий халифаликка ўлпон тўлаганини билишингизнинг ўзи кифоядир.

 

Ушбу ҳолат билан Жазоирнинг босиб олиниши ўртасида қандай боғлиқлик бор? Ва нима учун Жазоир босқинчилар томонидан Янги даврда «мустамлака қилиб олинган» биринчи араб ўлкаси бўлди? Нима учун айнан Жазоир? Дунёнинг эркинлик учун курашувчиларининг тимсолига айланган жазоирлик етакчи ким экан ўзи?

 


[1]  Исро ва Меърож (араб. إسراء ومعراج ) – Аҳли сунна вал жамоа ақийдасининг муҳим қисми. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг меърожларига – уйғоқликларида жасадлари билан осмонга ва ундан Аллоҳ таоло хоҳлаган жойга чиққанларига ишонишдир. Меърож ҳижратдан бир ярим йил аввал, ражаб ойининг 27 кечаси, жума куни содир бўлган. Исро Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Меърож кечасида Маккаи Мукаррамадан Байтул Мақдисга борганидир.

[2]  Иоанчилар – «Авлиё Иоан ордени» аъзолари.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!