Умматнинг ҳолига боқинг...

19:00 02.02.2019 1786

Ҳозирги мусулмон умматининг ҳолига боқинг. Унинг дунё тараққиётидан, технологиясидан, маърифатидан ортда қолиб келаётгани етмагандай, янги мустамлакачиларнинг тўрига осонгина  илинмоқда. Дунё зўравонлари мусулмонларни алдаб-сулдаб, фитнага мубтало қилишни, бир-бири билан уриштириб, бор бойлигини охирги тўнигача шилиб кетишни қойиллатаётгани ҳам ҳақиқат. Юртида ҳеч вақо қолмаганидан кейин у тирикчилик, бола-чақа нафақаси кўйида ўша мустамлакачиларнинг юртига бориб, улар ор қиладиган қора ишларни бажаришга, бир-икки чақа топиш илинжида ҳар қандай хорликка ва хўрликка чидашга мажбур бўлаётганини ҳам инкор қилиш мушкул. Дунёни қайтадан тақсимлаб олишга уринаётганлар мусулмонларнинг ҳамма ишига аралашишга ўрганиб қолгани ҳам тўғри: улар ўзларига маъқул тушмаган мамлакат ҳукмдорини минг бир баҳона билан ағдариб ташлаб, ўзларига ёққанини тахтга ўтқазишдан ҳам уялишмайди. Мусулмоннинг қандай яшашидан тортиб қандай кийинишини, нимани ўқишидан тортиб қандай таомни ейишини, хулласи бутун ҳаёти ва турмушини ўз қолипларига солишга уринишади. Бир ёқда Пайғамбарларини ёмонотлиқ қилиб, у зотга туҳмат лойини чапласа ҳам бу уммат тишини ғижирлатганича қолаверади. Бир ёқда муқаддас Китобини ўтга қалаб, жиғига тегишса ҳам фиғони чиқиб қолаверади. Бир ёқда унинг шаънини, эътиқодини, номусини топташса ҳам индамай тураверади.

Мусулмон умматининг бошига тушган бу кўргиликлар, таназзул ва камситилишлар бежизга эмас. Ҳаммасига уларнинг ўз динлари таълимотидан аллақачон чекиниб бўлганлари, шариатни татбиқ қилишдан ниҳоятда узоқлашганлари, ахлоқсизлик чоҳига қулаб бўлганлари сабабдир. Тарихдан яхши маълумки, мусулмонлар уммати Исломдан узоқлашиб, Қуръон ва суннатни унутиб, ҳамиша мағлубиятга юз тутган, хўрланган, азоб-аламларга мубтало бўлган. Омма орасида фисқ кучайса, унинг ахлоқи бузилса, бу халқ мутеликка, ўзгага қарам бўлишга, истибдод ва зулмга дучор бўлишга маҳкумдир. Бунинг устига мусулмонлар шаънига тинмай туҳмат ва иғво тошлари отилаётганида ҳам уларнинг етарли айби бор. Олдинлари тараққиёт, илм-фан ва маданиятда илғор бўлган умматнинг бугунга келиб ўзини танбаллик ва ғафлат қучоғига отгани, асосий ғоя қолиб, майда-чуйда ички ихтилофлар билан ўралашиб қолгани, Ислом биродарлигининг тобора унутилиб бораётгани, дин қайғусининг дин ялқовлиги ва лоқайдлигига айлангани, энг даҳшатлиси, аждодлар ибрати ва меросидан воз кечилгани ана шу хатоларнинг бошидир. 

Шариатни татбиқ қилишда мана шундай оғишлар юзага келганида, мусулмонлар асл таълимотларидан чекинганларида ҳаққи бўлмаганлар ҳам сўзлашга журъатли бўлиб қолишади. Дунёнинг ҳали у еридан, ҳали бу еридан мусулмонлар шаънига, Ислом номига ўринсиз маломатлар, таънаю камситишлар тобора кўпроқ янграб қолаётир. 

Яқинда Австралиянинг собиқ бош вазираси Жулия Гиллард мусулмонларга хитоб қилиб шундай деб қолди: “Нима учун сен мутаассиблик  қиласан? Нима учун Саудия ёки Эронга бориб яшамайсан? Нима учун ўзингнинг исломий ёки араб давлатингни ташлаб, бу ерга келдинг? Сизлар нега “Аллоҳ Ислом неъмати билан барака берган” деб айтиб юрган юртингизни ташлаб, Аллоҳ куфр сабабли хор қилган давлатларга кўчиб келасизлар! Ҳуррият сабаб, адолат сабаб, фаровонлик сабаб, тиббиёт кафолатлангани сабаб, ижтимоий ҳимоя сабаб, қонун олдида ҳамма баробарлиги сабаб, адолатли иш ўринлари мавжудлиги сабаб, фарзандларингиз учун афзал келажак борлиги сабаб, фикр ҳурлиги сабаб бизларнинг юртга келасизлар. Шундай бўлганидан кейин биз билан мутаассиблик ва нафрат руҳида гаплашманглар. Сизларда мавжуд бўлмаган нарсани сизларга раво кўрганимиздан кейин ё бизни ҳурмат қилинглар ёки юртимизни бўшатиб қўйинглар!”.

Австралиянинг яна бир бош вазири Кевин Радд ҳам ҳамкасбининг гапларини қайтариб, мусулмонларга агар бу мамлакат ёқмаётган бўлса, марҳамат қилиб уни бўшатиб қўйишларини илтимос қилди. Жулия Гиллард ва Кевин Раддларнинг бу аччиқ сўзларига “раҳмат” дейишдан ўзга илож йўқ! Уларнинг ушбу гаплари Ислом шайхларидан бирининг: "Аллоҳ адолатли давлатни гарчи ундагилар кофир бўлсалар ҳам барпо қилаверади. Агар ундагилар мусулмон бўлсалар ҳам Аллоҳ золим давлатни албатта барбод қилади”,  деган фикрини баралла тасдиқлаб турибди. Ёки яна бир атоқли Ислом олими шайх Муҳаммад Ғаззолийнинг мана бу сўзлари шўрлик умматнинг кўзини очармикин: “Исломга мансуб миллатларнинг ўз истеъдодларини ўлдириб, билакларини синдираётганларини, ер юзида "шердан қолганини ғажийдиган тулки" қабилида яшаётганларини ва бировнинг қўлидагига ҳайрат-ла тикилган ёки тиланчи фақирдек мўлтираган ҳолда турганларини кўрганимда ор-номусдан ўлар бўламан”.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!