Умму Салама онамиз: «Бу дунёнинг аёллари афзалми, ҳури ийнларми?»

12:00 10.08.2018 1924

Машҳур муҳадислардан Абул Қосим ат-Табароний ривоят қилган узун Ҳадисда жумладан шундай дейилади: «Умму Салама: «Эй Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳнинг «Ъурубан атробан» деган ояти ҳақида гапириб беринг» деди.

«Улар бу дунёдан қариб, сочи оқариб, кўримсиз бўлиб кетган кампирлар бўлиб, уларни қиёматда Аллоҳ таоло тенгқур, бокира эҳтиросли маҳбуба қизлар қилиб қайта яратади», дедилар У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Умму Салама онамиз: «Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бу дунёнинг аёллари афзалми, ҳури ийнларми?» дедилар.

«Эй Умму Салама, бу дунёнинг аёллари ҳури ийнлардан афзалдир», дедилар.

Умму салама онамиз: «Нималари билан?» деб сўрадилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Намозлари, рўзалари, Аллоҳга ибодатлари билан. Аллоҳ уларнинг юзларига нур, жасадларига ипак кийгазган. Ранглари оппоқ, кийимлари яшил, зебу зийнатлари сариқ, тароқлари тиллодан. Мангумиз, ўлмаймиз, зор бўлмаймиз, бир жойда яшаймиз, кўчмаймиз, розимиз, аччиғланмаймиз; биз кимники бўлсак, ким бизники бўлса, яшасин дейдилар», дедилар.

Умму Салама онамиз: «Эй Расуллулоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бу ерда баъзи аёллар икки, уч, тўрт эрга тегадилар, у дунёда ҳаммалари жаннатга кирсалар, аёл қайси эр билан бўлади?» дедилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Эй Умму Салама, у аёлнинг ихтиёрига қўйилади. Эрларнинг ичида энг хулқи яхшисини танлайди. Эй Парвардигоро, мана бу менга яхши хулқли бўлган эди, мени шунга бергин, дейди. Эй Умму Салама, яхши хулқ икки дунёнинг яхшилигига эриштиради», дедилар»

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!