Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Умра зиёрати квотаси кўпаяди ва сифати ошади

1455

Бугун Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциациясининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. 

Ҳар биримизнинг мусулмон сифатида энг катта орзуларимиздан бири Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этиб, савобга эришиш бўлса керак. Шунингдек, Пағамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган, юрган ва зиёрат қилган муборак жойларни кўриб, ибодат қилишга ошиқамиз. Бир сўз билан айтганда Аллоҳнинг меҳмони бўлишни дил-дилдан истаймиз.

Шу пайтгача Умра зиёрати сайёҳлик агентликлари томонидан амалга оширилиши бўйича бир қатор муаммолар бўлган. Зиёратчиларнинг эҳтиёжлари сайёҳлик агентликлари томонидан бажарилмай қолиб кетган ҳолатлар ҳам учраган. Энди битта ассоциацияга бирлашган агентликлар талаб ва таклифларни, эҳтиёжларни ўрганиб, зиёратчиларимизнинг хотиржам бориб-келишларини таъминлайдилар.  

Тадбирда Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциацияси раиси Шерзод Сами, мазкур уюшма ижрочи директори Мансуржон Расулжонов мамлакатимизда муқаддас ислом динини ўрганиш, унинг арконларини эмин-эркин адо этиш, аждодларимизнинг бой маданий-маънавий меросини тадқиқ этиш учун кенг имкониятлар яратилганини таъкидлади.

– Ассоциацияни ташкил этишдан мақсад, аввало халқимизнинг оғирини енгил қилиш, зиёратга боришдаги қийинчиликларни бартараф этиш, бирлашиб, бир маслак билан иш юритишдан иборат. Сайёҳлик агентликлари Умра зиёратини ташкил этар экан, ассоциацияга келсин, аъзо бўлсин. Аввало Умра қандай зиёрат билсин, Саудия Арабистонида юртдошларимиз учун жой ва овқатланиш масалаларини ҳал этиб, кейин одамларни олиб боришга киришгани маъқул, – деди Мансуржон Расулжонов 

Шунингдек, Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари устоз Абдуқаҳҳор домла Юнусов сайёҳлик агентликларига юртдошларимизга зиёратгача ва зиёратдан кейин риё амалларга берилиб кетмасликларини, Умра суннат амал эканини чуқур уқтиришни таклиф қилди. Шундан сўнг Исҳоқжон домла Бегматов, Раҳимберди домла Раҳмонов сўзга чиқиб, халқимизнинг узоқ йиллардан бери кутган тарихий кун билан табриклади. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳининг таклифига биноан жорий йилнинг 17-18 август кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди ҳамда мазкур ташриф доирасида Умра зиёратини амалга оширди.

Икки давлат раҳбарларининг учрашувларидан сўнг жорий йилнинг 27 сентябрь куни Саудиянинг Ҳаж ва Умра вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегация мамлакатимизга келди. Ташриф давомида Ҳаж ва Умра сафарига борувчи зиёратчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, мамлакатда илмий марказлар билан яқин ҳамкорликни ўрнатиш каби муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик ҳаж квотасини икки баробар – 24 минг нафаргача, умра зиёратчиларини эса 100 минг нафаргача ошириш юзасидан келишувга эришилди.

Саудиялик юқори мартабали меҳмонлар Ўзбекистонда Умра зиёратларини ташкил этиб келаётган бир қатор сайёҳлик агентликлари масъул ходимлари билан ҳам учрашди. Музокаралар давомида Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциациясининг ташкил этилиши икки давлат манфаатлари учун муҳим эканлиги алоҳида таъкидланиб, Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазири томонидан маъқулланди.

Тез орада ассоциация ташкил этилди. Бир нечта авиакомпания билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Рақобатчи кўпайган сари хизмат сифати ҳам оширилади. 

Тадбир сўнгида янги ташкил этилган Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциациясига аъзо ва аъзо бўлиш истагидаги саёҳлик агентликларига маҳорат дарслари ташкил этилди. 

– Аслида Умра зиёрати бир неча соатлик амал. Сайёҳлик компаниялари 10-15 кунлик зиёрат таклиф этишади. Бу халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб белгиланади. Чунки одамлар ўша ерда кўпроқ қолиш, зиёрат ва ибодат билан машғул бўлиш иштиёқида бўлади. Мана, ишларни бошлаб олдик, насиб бўлса, қўшни давлатлар, қолаверса, бевосита Саудия Арабистони билан ҳамкорликда ассоциация ишини мустаҳкам йўлга қўйиб оламиз, – деди Шерзод Сами мухбиримиз саволларига жавобан.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Канада 10 000 мусулмон уйғурни кўчиришни таклиф қилмоқда

693 22:10 02.02.2023

Самарканд Эрон ва Мовароуннаҳрнинг форс тилли шоирлари шеърларида

318 21:35 02.02.2023

Масхаралашми ёки сўз эркинлиги?

491 21:07 02.02.2023

Юрагини бўйсундиролмаётган аёл

907 20:05 02.02.2023

Тазйиқ ва қўрқув: Моди даврида ҳиндистонлик мусулмонлар ҳаёти

665 18:45 02.02.2023

Қуръон сура ва оятларини кириллчада ёзиб ёдласа бўладими?

1459 17:20 02.02.2023
« Орқага