Иймон

Умрадаги нохуш воқеа

8059

Муқаддас шаҳарларга борган одам дунёни унутиб, ибодат денгизига шўнғиб кетмоғи лозим. Юрган йўлингизда қадрдонлар, яқинлар ва қариндошларни эслаб, уларнинг ҳақига ҳам дуо қилаверасиз экан.

Зиёрат  чоғида дилимдан шундай  ўйлар, дуолар кечди.

Эй Аллоҳим, бизнинг бахтимизга мана шундай қалби осмон қадар кенг ва имон нури тўла инсонларни ўз паноҳингда асрагин! Кеч бўлсаям сўқир кўзимни очирганингга шукр. Муборак Каъбани кўзларимга кўрсатиб, соппа-соғ оёқларим ила  тавоф эттирганингга шукр. Сафо ва Марва орасида саъй қилдирганингга шукр. Каъбатуллоҳда туриб  барча юртдошларимни, айниқса аёлларимизни бир мартагина бўлса-да бу қутлуғ маконга зиёратда бўлишларини тиладим. Зора сўқир кўзларимиз очилиб, қалбимиз имон нури билан мунавварлашса, дину диёнатни чуқурроқ англаб етсак...

Каъба тавофида эдим, кимдир нимчамдан тортди.  Орқамга қарасам, икки ёшгина қиз.

–  Опа,  ўзбекистонлигингизни билиб ушладим. Адашиб қолмайлик. Мунча одам кўп экан-ей. 

Унга бир қарадим-у ибодатимни давом эттиравердим. Тўғриси  ўша вақтда, ўша жойда бирор ортиқча саволга  ихтиёрим ҳам вақтим ҳам йўқ эди. 

Бир пайт нимчамдан тутганларнинг қаҳ-қаҳ уриб кулгани баралла эшитилди. “Мунча ғалати  ҳамма чопади-я, тавба бирам кулгули” деган овозини эшитиб, бошимга  қайноқ сув тўкилгандек  вужудим ёниб кетди. Ўзимни зўрға тутиб: 

– Астағфируллоҳ,  бу нимаси, Аллоҳнинг уйида турибсизлар, уят-ей, қаерга келганингни биласанми ўзи, – деб узоқроққа кетдим.

Менга худди атрофда ибодатга машғул турфа  миллат зиёратчиларнинг бу ҳолни кўриб, мен ва ҳалиги қизларни қўлини бигиз қилиб кўрсатаётгандек бўлиб кўринди. Кўзимдан ёш оқиб, йиғлашга тушдим. Ҳамроҳим Раҳимахон ҳам уларнинг бу орсизларча қилиғидан қўрқиб, тавба-тазурру қилиб йиғлашга тушди. 

Шу куни роса тўйиб-тўйиб йиғладим. Исмини, қаерданлигини билмайман, лекин у икки ноинсоф аёл менинг юртдошимлигидан афсусландим. Не-не уламоларимизнинг мустабид замонда бу муқаддас жойларни бир кўришга зор бўлиб ўтганлари, умр бўйи устозлик қилган раҳматли отажонимнинг “ҳажга боролмадим, каъбатуллоҳни кўролмадим, тавоф этолмадим”, деган армонлари ёдимга келади. 

Имом Бухорий, Марғилоний, Фарғонийлар авлодимиз деб кўкрак керганлар ҳаж ва умрадек умр сафарига борар экан, унинг нақадар муҳимлиги, қанчалик буюклигини билиб олишлари зарурга ўхшайди. 

Норинисо Қосимова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Умра зиёратлари 4 октябрдан бошланади

905 13:10 23.09.2020

Умра зиёратига босқичма-босқич рухсат берилади

1024 12:15 20.09.2020

"Умра + Ўзбекистон" йўналишига 3000 зиёратчи келишга қизиқиш билдирмоқда

1089 18:45 01.08.2020

Саудия Арабистони Ҳажга рўйхатдан ўтказишни бошлади

1719 18:49 11.07.2020

Саудия Арабистони умра зиёратини очишга тайёргарлик кўрмоқда

1907 23:17 02.07.2020

Ҳаж-2020: Бу йил ҳожилар сонини чекланадими?

1887 21:00 08.06.2020
« Орқага