“Умрим бино бўлиб бундай ваҳшийликларни кўрмаганман”

00:00 21.06.2018 3501

16 ёшли Марям – қочқин роҳинжалардан бири. У ҳомиладор, боланинг отаси эса Мьянманинг Ракхайн штатидаги қишлоққа ҳужум қилган кимса.

ЮНИСЕФ билан ҳамкорлик қилувчи америкалик фотосуратчи Брайан Сокол Бангладешдаги қочқинлар лагерида Марям ва унинг сингари ҳолатга тушиб қолган қизлар билан учрашди.

Марямнинг айтишича, Мьянма аскарлари уни ва қўшниси бўлган икки ёш аёлни мажбурлаб кўчага олиб чиққан. Уларнинг номусига тегишган ва аёллардан бирини бўғишлаб ташлашган. Марям иккинчи аёл билан бирга Бангладешга қочган.

“Кокс-Базардаги лагерда зўравонлардан ҳомиладор бўлиб қолган 14 нафар ёш аёл билан танишдим, – дея ёзади Брайан ўз блогида. – Низолар, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва табиий офатларни ёритиш бўйича ўн беш йиллик тажрибам давомида бу қизлар сўзлаб берган ваҳшийликларни кўрмаганман”.

Ҳомиладор аёлларнинг аксари ёлғиз яшайди, турмуш ўртоқларининг оилалари улар билан гаплашмай қўйган. Марямнинг эса омади бор экан: ўлдирилган эрининг ота-отаси унга ёрдам бериб туришибди. У ташқарига чиқмайди, боласини шу ерда, доя ёрдамида туғмоқчи. Болани катта қилиш ниятида.

“Биз Мьянма ҳарбийлар нечта аёлни зўрлаганини ва қанча аёл ҳомиладор бўлиб қолганини ҳеч қачон билолмаймиз, – дейди Сокол. – Бу ҳомиладор аёлар қочқин роҳинжалар орасида ажратиб қўйилган”.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!