Ўн минглаб мусулмон ва ҳиндларнинг қаршисида роҳибни мот қилган олим

08:00 16.05.2019 2845

1818 йилда Ҳинд диёрида Муҳаммад Раҳматуллоҳ ибнул Халил дунёга келди. Инглизлар Ҳинд диёрини эгаллашгач қўзғолонларнинг олдини олиш учун бу диёрдан Исломни йўқотмоқчи бўлишди. Чунки ҳиндуларга хилоф ўлароқ фақатгина мусулмонларгина хорликка сабр қила олмас эдилар.

Инглизлар Ҳинд диёрини насронийлаштириш учун бир қанча роҳибларни жалб қилди. Уларга Пандер исмли роҳиб бош эди. У ўзининг чуқур билими ва сўзга усталиги билан ажралиб турар эди.

Пандер ўзининг ҳамтовоқлари билан мусулмонларни динидан чиқаришни бошлади. У мусулмонлар ўртасида ҳар-хил шубҳалар ташлар, Исломни айблар, мусулмонлар эса унга қарши чиқишга ожиз эдилар.

Шу пайтда Муҳаммад Раҳматуллоҳ исломнинг ҳимоясига отланди. У Пандерни халқнинг кўз ўнгида мунозарага таклиф қилди.

Ҳинд диёри пойтахти бўлмиш Деҳлида ўн минглаб ҳиндулар ва мусулмонлар мунозарани томоша қилиш учун жамланишди. Пандер ниҳоятда шод эди. Чунки ўн минглаб ҳиндулар ва мусулмонларни насронийлаштириш имконияти пайдо бўлган эди. Аммо иш тескари бўлди.

Роҳиб гапни Исломни айблаш ва Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга таъна қилиш билан бошлади. У гапини тугатгач шайх Муҳаммад Раҳматуллоҳ унинг ботил туҳматларни бирма-бир рад қила бошлади. У гапининг охирида "муқаддас китоб"дан Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг башоратлари берилган жойларини бир неча соат мобайнида  тутилмасдан бирма-бир келтирди.

Атрофни ўн минглаб кишилар айтган такбир садолари қоплади. Юзлаб ҳиндулар Исломга кирганларини эълон қилишди. Пандер мағлуб бўлди. Бу мунозаранинг хабари бутун дунёга тарқалди.

Шундан сўнг шайх Муҳаммад Раҳматуллоҳ Маккага ҳижрат қилди. Чунки инглизлар уни тутиб келган кишига жуда катта пул ваъда қилишди. Маккадаги мусулмонлар уни ниҳоятда хурсандлик билан кутиб олишди. Уни икром қилишди.

Сўнгра  Усмоний халифа Абдулазизхон у билан учрашув ташкил қилди. Ундан “мунозара” воқеасини ўзи эшитишни хоҳлади. Эшитгач, халифа ниҳоятда хурсанд бўлди ва бу мунозарани китоб ҳолида чоп қилишни таклиф қилди ва нафақасини ўз гарданига олди.

Шайх Муҳаммад Раҳматуллоҳ бу мунозарани китоб ҳолига келтириб уни "Изҳорул ҳақ" дея номлади.

Бир ярим аср ўтиб бу китоб Ислом воизи Аҳмад Дийдотнинг қўлига тушди. Ана шу китоб сабаб бўлиб  бутун дунё насронийлари Аҳмад Дийдотнинг даъватларидан ҳайратга тушдилар.

Шайх Аҳмад Дийдотнинг сабабидан юз минглаб инсонлар исломга кирган, қанча-қанча роҳиблар мусулмон бўлган!

Иккала шайхни ҳам Роббим ўз раҳматига ноил қилсин!

Абдулқодир ПОЛВОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!