Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Видео

Ўн олти ёшли қиз Халқаро олимпиадада ғолиб бўлди

4122

Куни кеча 32-Халқаро биология олимпиадаси натижалари эълон қилинди. Ушбу олимпиада Португалия давлати томонидан ташкил этилиб, унда дунёнинг 76 давлатидан 304 нафар иқтидорли ўқувчилар иштирок этган. Шулар орасида ТПТИ академик лицейи 1- босқич ўқувчиси Азиза Абдувалиева ҳам бор. У мазкур олимпиаданинг олтин медалини қўлга киритди. 

Азизанинг бу танловга қатнашиши ва илмий салоҳияти ҳақида, уни танловга тайёрлаган устози Абдурахмонова Наргиза Хикматиллаевна шундай фикр билдирди:

«Азиза жуда қобилиятли, тиришқоқ  қиз. Билим олиш жараёнида ўз устида кўп ишлайди, ҳеч қачон бир нарса билан чегараланмайди. Яна кўпроқ қўшимча нарсаларни ўрганишга ҳаракат қилади. Тинмасдан китоб ва интернетдан биологияга оид янгиликлар билан танишишга, янги маълумотлар олишга ҳаракат қилади. Бошқа ўқувчилардан фарқи маълумотларни жуда тез қабул қилиб, таҳлил қила олади, ҳар қандай фанга оид кичик маълумот ҳам унинг учун муҳим ҳисобланади. Азизанинг дарсларда рўмол ўраши илм олиши учун ҳеч қандай тўсқинлик қилгани йўқ, чунки кийим инсонни илм ўрганиши учун мутлақо халақит бермайдиган нарсадир».

Шунингдек ҳозирда Ўзбекистонлик ўқувчиларни нуфузли халқаро олимпиадаларга тайёрлашда хориждан мутахассислар ҳам чақирилган. Жумладан, халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи терма жамоа аъзолари билан ўқув-машғулотларини олиб бориш учун Москва давлат университетидан мутахассислар жалб қилинган бўлиб, шулардан бири Николай Вислобоковдир. Бу ҳақда Азиза шундай фикрлар билдирди:

«Биология фанлари номзоди Николай Вислобоков халқаро биология олимпиадасида иштирок этувчи 4 нафар терма жамоа аъзоси билан ўсимликлар анатомияси бўйича назарий ва амалий ўқув-машғулотларини олиб борди. Шунингдек, дарсларда халқаро олимпиадаларга саралашнинг якуний босқичида иштирок этиб, терма жамоа таркибига қўшила олмаган иқтидорли ўқувчиларга ҳам дарс берди. Бу ўтилган барча дарслар видео тасвирга олиниб, Халқ таълими вазирлигининг расмий веб саҳифаси ҳамда каналига жойлаштирилиши режалаштирилган. Мен шу каби илмли устозлар қўлида биология олимпиадасига тайёрландим ва халқаро олимпиадада олтин медални қўлга киритдим», — деди Азиза Абдувалиева.

 

УЛАШИНГ:

Teglar
« Орқага