Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

"Ўн тўрт хил қироат"нинг маъноси

1159

“Қуръон дарвозаси” деган шеъримда: “Ўн тўрт хил қироат билан Ҳофиз ҳам Шерозни севдирган Соҳибқиронга”, деб ёзганман. 

Етти хил ва ўн хил қироат ҳақида далиллар бор, “ўн тўрт қироат” деган далил йўқ. Аммо бу ўринда “қироат”дан мурод “ривоят”дир. “Ғиёс ул-луғот”да айтилишича, етти нафар қироат имомларидан ҳар бирларининг икки нафардан шогирдлари бўлган ва ҳар қайсиларининг ўз ривояти (яъни, далили) бўлган (1-жилд, 255-бет), шу сабабдан илмда “ўн тўрт ривоят” деган муълама ёки муфҳам юзага келган. 

Табаррукан етти қироат имомларини эслаб ўтамиз: 

1) ҳазрати Нофиъ Маданий; 

2) ҳазрати Абдуллоҳ ибн Касир Маккий; 

3) ҳазрати Абу Амр Басрий; 

4) ҳазрати Ибн Омир Шомий; 

5) ҳазрати Осим Куфий; 

6) ҳазрати Ҳамза Куфий; 

7) ҳазрати Али Куфий – мулаққаб ба Кисоий (ҳаммаларини Аллоҳ таоло раҳмат айласин!).

Ўрни келганда, муҳаббат аҳли учун айтиб ўтмоқчиманки, Хожа Ҳофиз Шеърозий раҳматуллоҳи алайҳ “Таржумонул-асрор” (“Илоҳий сирлар таржимони”), “Лисонул-ғайб” (“Ғайб хабарларининг тили”) деган тавсифлар билан машҳур бўлганлар. У зотнинг девонида Қуръон ва қироат билан боғлиқ кўп нодир сатрлар учрайди. “Доми тазвир макун чун дигарон Қуръонро” – “Бошқаларга ўхшаб, сен ҳам Қуръонни макр-ҳийла, алдов тузоғи қилиб олмагин", “Эй чанг, фуру бурда ба хуни дили ҳофиз, Фикрат магар аз ғайрати Қуръони Худо нест?!” “Эй Ҳофизнинг қони билан нолани ичга ютувчи чанг, Ахир, фикринг Аллоҳнинг Қуръонини рашк қилса бўлмайдими?!”.

Яна бир байт: 

Ишқат расад ба фарьёд, ар худ басони Ҳофиз
Қуръон зи бар бихони дар чордаҳ ривоят.

Таржимаси:

Ишқинг фарёда етгай, гар сен Ҳофиз мисоли
Қуръонни ёд ўқурсан ўн тўрт ривоят ичра.

Хулоса, шеърдаги “ўн тўрт хил қироат”дан мурод етти қироат имомларига мансуб ўн тўрт нафар шогирднинг қироатларидир. Ассалому алайкум.

Мирзо Кенжабек

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага