Иймон

Унисига ҳам – алҳамдулиллаҳ, бунисига ҳам…

1315

Мазҳаббошимиз, буюк имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ тонгдан пешин вақтигача талабаларга масжидда дарс берардилар. 

Кунларнинг бирида одатдагидек дарс бериб турсалар, бир хабарчи саросима билан масжид эшигини олдига келиб, “Эй Абу Ҳанифа! Денгизда кемангиз чўкиб кетибди” деб хабар берди. Ул зот озгина муддатдан сўнг "Алҳамдулиллаҳ" дедилар ва дарсни давом эттирдилар. Бироз вақт ўтгач, хабарчи хурсанд ҳолда масжид олдига келиб: “Эй буюк имом! Хабар янглиш экан, чўккан сизники эмас, бошқанинг кемаси экан” деди. Мазҳаббошимиз эса яна "Алҳамдулиллаҳ" деб, дарсни давом эттирдилар. 

Дарс ниҳоясига етди. Ҳар икки хабарга ҳам Аллоҳ таолога ҳамд айтилганидан таажжубланган хабарчи: “Эй буюк имом! Ҳар икки хабарни эшитганингизда ҳам Аллоҳга ҳамд айтдингиз, бунинг ҳикмати нима?” деб сўради. 

Мазҳаббошимиз Нўъмон ибн Собит роҳимаҳуллоҳ эса унга қуйидагича жавоб бердилар: “Сен кеманг ғарқ бўлди деб хабар келтирдинг, мен қалбимга назар солдим: унда дунё молини қўлдан кетгани учун ҳеч қандай маҳзунлик топмадим, шу сабабли Аллоҳ таолога ҳамд айтдим. Қалбимни Ўзидан бошқаси учун маҳзун қилмагани учун шукр қилдим. Кейин ғарқ бўлган кема меники эмаслигини айтган вақтингда ҳам шундай қилдим. Қалбимда дунёга эга бўлганим учун хурсандчилик борми, деб назар солдим. Ҳеч қандай севинч йўқ эди. Шунда эй Роббим! қалбим Сендан бошқаси учун севинмади, Сенга ҳамдлар бўлсин деб шукр қилдим”.

Бир қалбга икки муҳаббат сиғмайди, азизлар! Қалбларимиз фоний нарса учун эмас, Боқий Аллоҳ учун севинсин ва маҳзун бўлсин.

Муҳаммад Амин Қобилжонов,
Олтинкўл тумани Миробод ҳожи масжиди имом-хатиби.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Қулга эҳтиёжим йўқ!"

1541 03:40 14.05.2020

Агар нафас олиш ўзимизга қолса... 

825 05:44 02.05.2020
« Орқага