Ўринсиз тортишув (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

00:00 14.05.2019 1078

 Бир киши тўрт нафар фақирга: “Мана бунга хоҳласангизни сотиб олинг”, деб пул берди.

 Улардан бири форс эди. Ўз тилида: “Бу пулга “ангур”* сотиб олайлик”, деди.

Иккинчиси араб эди, у: “Бунга “инаб”** оламиз, жуда егим бор”, деди.

Турк: “Мен ангур, инаб хоҳламайман. Яхшиси, узум олайлик”, деди.

Румлик эса: “Тортишишни бас қилинг, бу пулга “истафил”*** оламиз”, деди.

Бир-бирлари билан тортишиб, уришиб кетишди. Ниҳоят, турли тилларни биладиган киши келиб, уларни ажратди. Ҳар бирини тинглади. Сўнг пулга узум харид қилиб: “Сиз истаётган нарса мана шу эмасмиди?”, деб сўради.

Улар бир овозда: “Ҳа, шу-шу!”, дейишди.

Жоҳилликлари сабаб истаклари бир эканини ажрата олишмади.

Минг афсуски, бу каби ўринсиз тафриқа ва жанжаллар ҳали ҳамон барҳам топгани йўқ. То бир-биримизни англамагунимизча, ечим топмайди.

Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимаси

* Ангур – Форсча сўз бўлиб, «узум» маъносини беради. ** Инаб – Араб тилида  «узум» деганидир. *** Истафил – Юнонча бу сўз ҳам «узум» маъноси англатади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!