Тарих

Ўрис босқинчиларини қийратган пскентлик Бадавлат (2-мақола)

1794

Тошкентни ҳимоя қилиш

Худоёрхон тахтга ўтирган вақтида ҳали ёш бўлиб, давлат ишлари асосан унинг қайнотаси Мусулмонқул қипчоқнинг қўлида эди. Мусулмонқул хонликда қипчоқларининг таъсирини кучайтириб юборган. У Худоёрхонни доимо Тошкент беклигига қарши қайраб турган. Нормуҳаммад бундан қаттиқ норози бўлади. Нормуҳаммад қушбеги унвони билан Тошкентга ҳоким этиб тайинланганидан сўнг, Худоёрхонга бўйсунишдан бош тортган. Натижада, Мусулмонқул Худоёрхон билан Тошкентга қўшин тортиб борган. Лекин бу қўшин Тошкентга яқинлашганда, Андижоннинг Кетмонтепа мавзеида қароқчи тўдалар пайдо бўлганлиги ҳақида хабар келган. Мусулмонқул Худоёрхонни Тошкент яқинида қолдириб, бир қисм аскар билан Андижонга кетади. Нормуҳаммад эса Худоёрхонга қимматбаҳо совға-саломлар бериб, у билан ярашиб олади. Айни пайтда Худоёрхон Мусулмонқул таъсиридан қутилиш мақсадида қипчоқ қавмини хонликдан қувғин қилган. Шу жумладан, Мусулмонқул ҳам тутилиб, дорга осилади.

Худоёрхон Мусулмонқул назоратидан қутулгач, ўз хоҳишича иш кўра бошлайди. У давлат ишларига аҳамият бермай қўяди. Хонликнинг турли вилоятларида исён алангаси кучайди. Айниқса, 1858 йилги қозоқлар қўзғолони кенг тус олди. Хонликда ички вазият ҳам жуда кескинлашиб кетди: Қўқон–Бухоро ўртасидаги урушлар давом этди. Ана шундай сиёсий бошбошдоқлик шароитида Қўқон хонлиги тахти бир неча марта қўлдан-қўлга ўтди. Ниҳоят, Қўқон хонлигининг йирик амалдорларидан бири Алимқули мингбоши Маллахоннинг ўғли Султон Сайидни хон этиб, Қўқон тахтига ўтқазади. Ўзи эса, «Амирлашкар» унвони остида ҳаракат қилади.

Муҳаммад Ёқуббекнинг ҳарбий саркардалигини яхши билган Султон Сайид уни Бухородан чақиртириб олади. Муҳаммад Юнус Тойиб, «Тарихи Алимқули амирлашкар» асарида ёзишича, Муҳаммад Ёқуббек Алимқулининг яқин кишисига айланган ва унга яхши хизмат қилган.

Генерал Черняев Чимкентни эгаллаб, Тошкентга ҳужум бошлашни кўзлаб турган вақти эди. Айни вақтда Алимқули мингбоши Тошкент ҳокими Нормуҳаммадни олиб, ўрнига Мирза Аҳмадни ҳоким этиб тайинлаган. Черняев Тошкентни оз муддат қамал қилиб, орқага чекинади. Бу ҳарбий ҳийлани тушунмаган Тошкент ҳокими Мирза Аҳмад «руслар қочяпти», деб ўйлаб, уларнинг орқасидан қувлаб борган. Черняевнинг қўшини эса, бундан фойдаланиб, Мирза Аҳмад қўшинини қириб ташлайди. Бундан жаҳли чиққан Алимқули Муҳаммад Ёқуббекни чақириб, «Сиз Тошкентга, Мирза Аҳмад беақл қошига бориб, хабардор бўлинг, минбаъд мундоғ мажнунлик ва аҳмоқлик қилмасин. Мабодо, Русия аскари Тошкентга келса, шикаст ва хазина топиб, тўпи қўрғондан ташқарига чиқмасин. Қўрғонни сақласа кифоя, деб, кўп таъкид этиб жўнатди» (Муҳаммад Юнус Тойиб. Ўша асар. – Б. 218).

Бир неча кундан сўнг, Черняев яна Тошкентни босиб олишни кўзлаб, йўлга чиқди. Унинг йўлга чиқишининг аниқ санаси 1864 йилнинг 27 сентябрида бўлиб, 8 рота, 100 нафар казак, 12 замбарак, 1500 аскар ва 400 қозоқ милицияси билан Тошкентга жўнаган (Зиёев Ҳ. Туркистонда Россия тажовузи ва ҳукмронлигига қарши кураш.-Т., 1998. – Б.143). 1864 йилнинг 1 октябрида Черняев Тошкент шаҳрининг шарқий томонидаги Дарвишак қопқа деган жойга етиб келади. Рус ҳарбийлари бу ерда Анҳор сувидан ўтиб, Чинобод ва Ҳожа Аҳрор вақф ерлари, яъни Оққўрғон орқали шаҳарга яқинлашиб, Қўқон йўлида жойлашадилар. Душман келаётганидан бохабар шаҳар аҳолиси девор устида жангга тайёр турган эди. 1864 йилнинг 2 октябрида икки томондан тўплардан ўқ узилди. Полковник Обух 2 рота ва 4 тўпи билан шаҳар деворни тешишга муяссар бўлди. Аммо шаҳар аҳолиси тинмай жанг олиб борди. Натижада, рус аскарлари чекинишга мажбур бўлди. Генерал Черняев шаҳар атрофидаги зовур бўйида шармандаларча мағлуб бўлди. 4 октябрь куни у ўз қўшинига Чимкентга қайтишга буйруқ берди.

Амирлашкар Алимқули бу пайтда Қўқон қўшини билан Оқжар қишлоғидан ўтиб, азим Сирдарёдан кечиб, Бободархонга қўнади. Кечга яқин Тошкентдан элчи келиб, рус аскарлари енгилганини айтади. Бу ҳақда Муҳаммад Юнус Тойиб шундай дейди: «Бободархонда амирлашкар ва мен иккавлон шўрбо ичиб турган вақтда, Юсуф Қашқарий деган йигит: «Тошкентни Чернаеф жондорол (генерал демоқчи, муаллиф) Русия аскари билан келиб қамаб, қўрғонга югурди ва жаноби (Ёқуббек) Бадавлат кўп ғайрат ва шижоат кўрсатди. Русиё аскарлари шикаст топиб қайтди», деган мазмунда ариза олиб келди. Амир лашкар «Қўрғондан ҳаргиз чиқманглар, деб батаъкид иноятнома бирла бу одамни қайтариб юборди» (Муҳаммад Юнус Тойиб. Ўша асар. – Б. 218).

Шундан сўнг Алимқули ўз қўшини билан Кандир довони орқали Келов манзилига, ундан сўнг эса, Тўқайтепага ва у ердан Тошкентга кириб келди. Тошкентнинг Мингўрик мавзеида икки кун туриб, бутун Тошкент аҳлини бу ғалабаси билан қутлади.

Шарқий Туркистондан ташвишли хабар…

Хон Султон Сайидхон Тошкент ўрдасига келиб ўрнашди. Унинг олдига Муҳаммад Ёқуббек ҳам келиб, саломга кирди. Амир лашкар Алимқулга бу пайтда Шарқий Туркистоннинг Қашқар шаҳридан хат-хабар келган бўлиб, уни бу масала кўп ўйлантириб қўйган. Саркарда Қашқар ва унинг атрофи, у ерда бўлаётган воқеаларга кўпдан эътибор бериб юрган эди. Чунки, Шарқий Туркистондаги манчжурлар ҳокимиятига қарши кураш жараёни кескинлашаётган вақтлар эди. Муҳаммад Аъламнинг «Тарихи Хўтон» асарида «Абдураҳмон Хўтонни олгач, ўз укаси Иброҳимни Андижон ва Қўқонга юборган. У билан бирга 4 мусулмон, 20 та отлиқ киши, 7 та отга юкланган совға-салом ва 70 ёмбу ҳам юборган. Иброҳим олиб келган мактубда «Биз шаҳарни олдик ва ислом озод этилди. Биз сизни ҳукмдоримиз деб биламиз. Агарда душман бизга ҳужум қилиб қолгудек бўлса, сиздан мадад тилурмиз», деб битилган эди»,деб ёзган (Муҳаммад Аълам. Тарихи Хўтон // Франция Миллий кутубхонаси. № М 3348-8. – 20б варақ). У ўз шиғовули ва Шарқий Туркистонга элчи бўлиб бориб юрган Муҳаммад Тойибдан, Шарқий Туркистон ҳақида кўп нарсалар сўрайди.

Бу ҳақда Муҳаммад Юнус Тойиб шундай дейди: «Жаноби Амирлашкар Қашқар ва уни тавобати таърифини ва фуқаролари фармонбардор ва жаннати бетакаллуфлигини кўп эшитган сабабли, қилинадиган неча каррот ул вилоят авзои ва атворини сўраб, уни қўлга киргизмоқ ва тасарруф қилмоқ тавқи кўнгулларига тушган ва истило топган эди». Бу фикр билан Алимқули уч кунгача ҳеч кимни қабулига киргизмади. Фақат шиғовулгина хабар олиб турган, холос. Учинчи куни у Муҳаммад Ёқуббекни сўради.

Муҳаммад Ёқуббек етиб келгач, юқоридаги хат юзасидан узоқ фикрлашади. Шундан сўнг, уч кун ўтгач, Ўрданинг барча амалдорлари, ҳарбийлар ва бекларини йиғиб, катта мажлис ўтказади. Қашқардан хат келганини, бу хатда шарқий туркистонлик хожалардан бўлмиш Жаҳонгирхўжа ўғли Бузрукхўжани ва унга қўшиб бир қанча аскар сўраб, мурожаат қилганини айтади. Ушбу мурожаатга қандай жавоб бериш кераклиги ҳақида ўртага маслаҳат солади. Бу ҳақда яна Муҳаммад шиғовул шундай ёзади: «Бу машваратдан охирлари бу маъно қарор топдики, Жаҳонгирхон тўра ўғли Бузрукхон тўрани ҳозир қилиб дедиларки: «Сизни Қашқарга тўра ва хон қилдим, аммо юртдорлик ва олмоқу бермоқ ва урмоқ, ўлдирмоқ ва азлу касб ва мунга ўхшаш ишлар тамоман Ёқуббек Бадавлат ихтиёрида бўладур.

Анга сиз ҳаргиз даҳлу тааруз қилмай, хонлик ва тўралик отига қаноат айлаб, айшу ишратга машғул бўлиб, Бадавлат ишоратидан ҳаргиз чиқмайсиз», деб ўртага Қуръони каримни қўйиб, қасам ичдириб, аҳду паймон қилдирди»(Муҳаммад Юнус Тойиб Тошкандий. Тарихи Алимқули амирлашкар. – Тошкент: 2011.) Шундан сўнг Муҳаммад Ёқуббек ўзига минмоқ учун Муҳаммад Тойибдан бир от сўраган ва Бузрукхўжани олиб, Қашқарга жўнаган.

Шундай қилиб, Муҳаммад Ёқуббекнинг Қўқон хонлигидаги ҳаёти, сиёсий, ҳарбий ва давлат арбоби сифатидаги фаолияти мазкур воқеадан сўнг тугади. Бу воқеа 1864 йилнинг декабрь ойида юз берган бўлиб, бу пайтда у 44 ёшда эди. Тақдир тақозоси билан, Муҳаммад Ёқуббек у ердан ўз Ватанига қайтмади. Аммо Қўқон давлатчилиги анъаналарини Шарқий Туркистонда ўзи ташкил этган Еттишаҳар давлатида давом эттирган.

Шерали ҚЎЛДОШЕВ, тарих фанлари номзоди.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ, журналист.
(давоми бор)

Манба

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бошқирдистоннинг хоразмлик илк имоми

1144 18:20 02.03.2020

Чингиз афандига мактублар (47-қисм)

293 20:00 06.02.2020

Нега дарахтларга латта бойлашади?

1342 10:05 15.01.2020

Чингиз афандига мактублар (31-қисм)

481 20:00 14.01.2020

Ўрис босқинчиларини қийратган пскентлик Бадавлат (1-мақола)

1602 17:00 11.01.2020
« Орқага