“Урушларда болаларга раҳм қилинмаяпти”

17:20 16.05.2018 406

Ямандаги урушда жорий йил бошидан бери 220 нафар бола ўлдирилди, 330 нафари жароҳат олди. Болалар дунёнинг турли нуқталарида – Суриядан тортиб Жанубий Суданда, Ғазодан тортиб Мьянмада жабр кўрмоқда. Низолашаётан томонлар урушнинг энг асосий – болаларни ҳимоя қилиш қоидасини писанд қилмаяпти. ЮНЕСКО ижрочи директори Генриетта Фор тарқатган баёнотда ана шундай дейилган.

Унинг айтишича, қуролли низолар кечаётган ҳудудларда болалар зўравонликлар, жумладан, жинсий зўравонликка учрамоқда, улар қуролли отрядлар сафига тортилмоқда, мактаблар ва касалхоналарга ҳужумлар уюштирилмоқда.

Биргина Афғонистонда йил бошидан бери 150 бола ҳалок бўлди, 400 нафардан ортиғи яраланди. Ғазодаги норозилик намойишларида ҳам болалар қурбон бўлмоқда.

Яманда эса қарийб 4,3 миллион бола уруш туфайли очлик ёқасида турибди. Бу ерда ёмғирлар мавсуми бошланиши билан яна вабо ва диарея тарқалиши кутилмоқда, бу касалликлар ўтган йили 400 болани ҳаётдан олиб кетган эди.

“Уришаётган томонлар болаларга нисбатан тасаввур қилиш мумкин бўлган барча чегараларни бузиб ўтмоқда, – деди Генриетта Фор. – Мен болаларга нисбатан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирмоқдаман. Урушнинг қоидаси шундай, бу қоидани бузганлар жавобгарликка тортилиши керак”.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!