Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Урушлардаги тадбирлари

1216

Амир Темур дунё тан олган, барча жангларида деярли мағлуб бўлмаган, ҳар бир юриш олдидан машварат ва катта тайёргарликлар ўтказиб, пухта тадбирлар кўрадиган тажрибали саркарда эди. У Аллоҳ берган иқтидори, салоҳияти, жанговар руҳиятини тўла-тўкис намоён эта оладиган кучли лашкарбошилардан бўлган. Муаррихлар, ҳарбий мутахассислар унинг жанг олиб бориш санъати- ни, лашкар тутиш ва унда темир интизом ўрнатиш борасидаги тажрибаларини кенг баён этиб беришган. Унинг жанговар ишларда орттирган улкан тажрибаси, ҳарбий юришлар ва ҳаракатлар олиб боришдаги ўзига хос бўлган тадбир ва ютуқлари Соҳибқироннинг ўзи ёзган “Мен – фотиҳ Темур” ҳамда “Темур тузуклари” китобларида батафсил васф қилинган.

Милодий 1365 йили мўғуллар билан бўлган машҳур “Лой жанги”да Амир Ҳусайн бошчилигидаги Амир Темур лашкарбоши бўлган Турон лашкари ютқазади. Бу мағлубият ҳали ўттизга ҳам кирмаган Амир Темурнинг ҳаётидаги биринчи ва охирги мағлубият эди. Шундан кейин жасур ва шижоатли Амир Темур олиб борган барча жангларида бирин-кетин ғалабаларни қўлга кирита бошлади. У 1366 йили Қаршида атиги 243 киши билан ўн икки минг кишилик душманга қарши жанг қилди ва Аллоҳнинг лутфу-инояти, ўзининг саркардалик салоҳияти билан зафар қозонди. 1368 йилда Бадахшонда устунлик кўрсатган душман Соҳибқирон аскарларининг кўпини қириб ташлади ва 130 кишини асир қилди. Ёнида бор-йўғи ўн уч навкар билан қолган Амир Темур Добон тепалигига чиқиб, душманнинг йўлини мардларча тўсди ва кўп жангу-жадаллар, қонли уринишлар эвазига ўз аскарларини душмандан қутқариб олди. Кейинчалик, Амир Темур ўша жангни эслаб: “Кўп жанглар қилдим ва кўп воқеаларни бошдан кечирдим-у, аммо бу жангдан оғирини кўрмадим...” деган эди.

Унинг Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон ва турк султони Боязид билан олиб борган урушлари ўзининг кўлами, жанговар миқёси ва лашкар фидойилиги билан тарих саҳифаларига битиб қўйилди. Айниқса, 1391 йил, ёзда Самара ҳудудидаги Кандирча дарёси бўйида Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон устидан қозонилган ғалаба Амир Темурнинг шуҳратини кўтариб юборди. Жангда ҳар икки томондан икки юз мингдан ортиқ аскар иштирок этган. Бу ғалаба Турон давлати мустақиллигини янада мустаҳкамлади. 1395 йил апрелида Олтин Ўрта хони Тўхтамишхонга қарши иккинчи жанг Терек дарёси бўйида юз берди. Турон томонидан 250 минг сипоҳий қатнашди. Жанг Амир Темурнинг узил-кесил ғалабаси билан якунланди. Боязид билан олиб борилган Анқара жанги ҳақи- да келгуси бобларда батафсил сўз юритилади.

Соҳибқирон олиб борган ҳар бир жанг ўзига хос санъат, инсон тафаккурининг намойиши, ақл-заковат ва иқтидорнинг маҳсули эди. Соҳибқироннинг ўзи бу ҳақда “Мен – фотиҳ Темур” асарида кенг тўхталиб ўтган. Қуйида шу асардан Амир Темурнинг асл қиёфасини очиб беришга хизмат қилувчи Бухоро амирини қўлга олиш воқеасини эътиборингизга ҳавола этамиз: “Ҳижрий 758 йилда йигирма икки ёшда эдим. Шу вақтларда чўлда кузатувчилик қилиб юрган йигитларимдан олти нафарини Бухоро амирининг йигитлари ўлдуриб кетибдур. Мен бу ҳақда шариат қонунларига мурожаат қилиб: “Бир киши саҳван ўлдурилса, бир юз туя хун баҳоси тўламоғи буюрилса, қасддан ўлдурилган одамнинг хун баҳоси ворисларнинг талабига боғлиқдур” деган мазмунга таяниб, Бухоро амирига хат ёздим. Мактуб ўз номимдан бўлиб, тубандагилар ёзилган эди: “Воқеани ўз кўзлари билан кўрган шоҳидларнинг шаҳодатига қараганда, сизга қарашли йигитларингиздан эллик нафари иштироки билан менга қарашли йигитлардан олти нафари ўлдуриб кетилгандур. Ўлган йигитларим- нинг ҳар бир нафари учун уч минг тиллодан ҳисоблаб, хун баҳосини юборишингиз керак. Бунинг имкони бўлмаганда ўша эллик кишини менга юборурсиз. Уларни шариат амрига мувофиқ ўлдуруб, қасос олмоғим лозимдур”, дедим. Бухоро амири менга юборган номасида: “Гуноҳ сизнинг йигитларингиздадур. Бу мунозаъни қўзғамасалар ўлдурулмас эдилар”, деб жавоб берди. “Бухоро амири ўз сўзида ҳақлимикан?” деган фикр билан воқеани қайтадан текширдим. Аввалда гумон қилинган эдики, сарбозлари ўз амирига ёлғон маълумот еткарганмикин, деб. Натижада, гумоним тўғри бўлиб чиқди. Мен ўз эътиқодимда ноҳақ бўҳтонни улуғ гуноҳ деб биламан. Мен каби Ислом динига чин эътиқод билан бўйин эгиб тургувчи бир киши бировларга бўҳтон қилмоқдан чекинмоғим лозим келур эди. Бухоро амири ўз сарбозларидан ўтган гуноҳ масъулиятини тан олмай, ёлғон сўзлар билан уларни мудофаа қилмоқчи бўлди. Ҳақиқатга шариат назари билан қаралгудек бўлса, шариат ўғри, қотилни Худонинг душмани демасдан, ёлғончини Худонинг душмани, деб таъбир қилгандур. Ислом динида ёлғончиликдан улуғ гуноҳ йўқ. Шундай бўла туриб, иккинчи мактубимга жавоб ҳам бермади. Шунинг учун мен Бухорога ҳамла қилмоққа қарор бердим.

Шаввол (барот) ойининг учинчи куни 758 ҳижрийда Самарқанддан Бухорога қўшун сурдум. Аскарларнинг минган отидан бошқа ҳар бирига яна бир донадан етак от бердимки, аскарий юришда эҳтиёт шундай бўлмоғи лозим эди. Балки, бир отга бир мунча йўлни бир кунда босдуруш оғир келади, шундай вақтларда етакни ал- маштириш мумкиндур. Ўз тажрибаларимга асосан тез юрдум. Ҳеч ким хабар тополмасиданоқ Бухорога етиб боришни қасд қилдим. Бухоронинг мустаҳкам қалъаси бизнинг боришимиздан хабар топса, шаҳар дарвозасини беркитишини, йўлларда ҳам хабар олғувчи қоровуллари бўлишини билар эдим. Бинобарин, сарбозларимга кечаси Бухорога ҳужум қилиш амрини берган эдим. Кечада отларни кишнатмаслик учун “сунбулўт тоййиб” деган гиёҳдан аскарларга тарқатган эдимки, лозим вақтда отларнинг бурнига шул гиёҳдан ҳидлатиб қўйулса, от кишнамас эди. Аскар тарбиясидаги от беҳуда кишнамаса ҳам, узоғ йўлдан ободликка кирган ҳайвоннинг кишнаб юбориши Бухоро қалъасидаги посбонларнинг диққат билан ташқарига мулоҳаза қилишларига сабаб бўлур эди. Мабодо дарвозани беркитиб олсалар ҳам, қўчқорбош (қўчқорбош-қаттиқ ёғочдан ҳозирланган харилар. 40-50 киши харини шиддат билан дарвозага урса, дарвоза ағдарилиб тушади) билан уруб, дарвозани синдириб, ичкарига кириш учун аскарларда истеъдод комил эди.

Бухоро шаҳрига яқин борганимиздан ҳеч ким хабар топмади. Отлар ҳам кишнамадилар. Кечаликда шаҳар дарвозаси банд бўлгани учун дарвозани қўчқорбош билан уруб синдиришга буюрдим. Аскарларнинг бир қисми дарвозани синдиришди, яна бир қисми шотилар билан ҳисор устига чиқа бошладилар. Бизнинг Бухоро шаҳрига киришимиз шундай кутилмаган воқеа бўлдики, қаршимизда ҳеч қандай муқовамат кўрмадик. Аммо дарвозадан кирган, қалъа устида юрган сарбозларнинг ғавғоси аркда тинчгина ётган Бухоро амирини безовта қилди. У арк дарвозаларини маҳкамлашга амр берган бўлса ҳам, мен эрта кундаёқ аркни муҳосара (қамал) қилиш, атрофни жиддий муроқаба қилишни (кузатишни) сарбозларимга амр қилган эдим. Уруш ва муҳосара тўғрисида илмим етарли бўлгани учун ҳар бир ҳукумат истиқоматгоҳи аркларнинг ер остидан ташқарига очган яширин йўли ҳам бўлишини эҳтимодан узоқда тутмаган эдим. Бу ер ости йўллари орқали ташқаридан ёрдам олиб кириш, емак-ичмак ташиш ёки ичкаридан ташқарига қочиб кетиш чоралари кўрилмаган қалъалар ҳарбий нуқтаи назарда аҳамиятсиз ҳисобланади. Бухоро қалъаси аҳамиятли қалъаларнинг бири бўлиб танилгани учун шаҳар ташқарисидан ер ости йўлининг чиқиш учини топишга, ундан чиқувчини отишга буйруқ берган бўлсам ҳам, Бухоро амирини ўша кечадаёқ қочиб кетмаса керак, деб ўйлаган эдим. Чунки кечаси бўлгани учун бирор соатлик муддат ичида қўшунимнинг ҳисобини олиб бўлмас, буни таъкидламоқ учун ҳеч бўлмаганда тонгғача сабр қилмоғи лозим тутилар эди. Агар ўз қувватини ожиз кўрса, ундан кейин қочиш ҳаракатини кўрса керак, деб тахмин қилган эдим.

Эртаси кун ёришганда Бухоро амири аркнинг буржида туриб менга хитоб қилди: “Бу ерга нимага келдинг? Мендан нима тилайсан?!” Мен унга жавобан: “Сенга мактуб йўллаб, сарбозларимнинг хун баҳосини сўрадим. Сен эса унинг адосига ҳозирлигингни билдирмай, инкор қилдинг ва мени бу ерга қўшун тортиб келишга мажбур этдинг. Эмди қайтиб чиқиб кетмоғимни истасанг, беш юз минг мисқол тилло таъвиз беришинг керак ёки шу маблағ муқобилинда амлок-амволларингни ҳисоблаб бермоғинг керак”, дедим.

Бухоро амири: “Сўраган молларингни бермасам, нима қиласан?” деб сўради. Мен дарҳол жавоб бердим: “Агар шу нарсаларни топшурмасанг, сарбозларимни ўлдурган қотил, деб қасос учун ўзингни ўлдураман”. У эса: “Сарбозларингни мен ўлдурмадим”, деди.

“Сен ўз қўлинг билан сарбозларимни ўлдурмаган бўлсанг ҳам, сенинг амринг билан юрадургон аскарларинг ўлдургондур. Сен эса у қотилларга паноҳ бериш билан уларнинг жарималарига шерик бўлганинг учун ўлдурулишинг керак. Сени ўлдургандан кейин Бухоронинг ҳокими сифатим билан бутун амволларингни тасарруф қилишга комил ҳақлиқ бўламан”, дедим. Бухоро амири “Агар мени ўлдурушга қудратинг етса, ўлдуриб амволимни тасарруф қил”, деб бурждан ғойиб бўлди.

Икки соатдан кейин бир тарафдан ғавғо овози эшитилди. Сарбозларим шаҳар ташқарисидан бир мунча кишини тутуб олиб келдилар. Асирлар орасидаги Бухоро амирини танидим. Қалъа ташқарисидаги ер ости йўлини пойлаб турган аскарларимдан хабарсиз ҳолда ўз атрофидаги мансабдорлари билан ушбу нақбдан (ер ости йўлидан) қочиб қутулмоқчи экан, сарбозларимнинг қўлига тушибди. Бухоро амири ўзини асир сифатида билмай, эски ҳукмронлиги эътибори билан мен талаб қилган беш юз минг мисқол тиллонинг муқобилида ўз амвол ва амлокларидан бериш билан ўзини озод этмоғимни ва Бухоро шаҳрини бўшатиб чиқиб кетмоғимни талаб қилди. Мен унга айтдим: “Бугун эрта билан хун баҳоси ва аскарий чиқимларим эвазига беш юз минг мисқол тилло талаб қилганимда, сен Бухоронинг озод амири эдинг, ҳозир эса менга асирдурсан. Жонинг, молинг, ҳукмингнинг ҳаммаси менга тааллуқлидур. Бу ҳақда мен ўз қароримни бермакда озоддурман. Вақт ўтгандан кейинги сўзларинг ўринсиздур”. Сарбозларимга амр бердим, Бухоро амири бошлиқ мансабдорларни, ўзимга қарашли мансабдорлар мажмуаси назарида ерга ўтқиздилар. Дастлаб Бухоро амири ўлдурилди. Амирларига берилган жазодан интибоҳ олган бухороликларнинг менга итоат қилишдан бош тортмасликларини тушунар эдим. Амир жазолангач, тамом амволлари тасарруф қилинди. Нақл қилиш (кўчириш) мумкин бўлган молларни Самарқандга жўнатдим ва Бухоро шаҳри қалъасини бузуб юборишга буйруқ бердим, токи бундан кейин менинг муқобилимда ҳеч киши тараддуд қилиб қалъада банд бўла олмасун. Бу усулни сўнгги футуҳотларимда ҳам ишлатиб, қайси бир қалъани олсам, бузуб юборишни қўлладим. Бухоро ҳукуматига мансабдорларимдан бирини тайинлаб, Ислом қонунига мувофиқ идора қилишни тавсия этдим. Мабодо бирор мушкула рўй бериб, нима қилишни билмаган тақдирда мендан сўраб ҳал қилишни таъкидладим”.

Амир Темурнинг Олтин Ўрда хони Тўхтамиш қўшини билан олиб борган жанг ҳаракатлари ҳам кўлами, жанговарлиги ва ҳарбий ҳийлаларга бойлиги билан жанг манзаралари ҳақида тўла тасаввур берувчи солномаларга безак бўлғусидир. Соҳибқироннинг ўзи бу ҳақда шундай ҳикоя қилади: “Исфаҳон урушини тугатиб, Форсдаги менга носазо айтган султоннинг бурнини ерга ишқаш қасдим бор эди. Аммо Самарқанддан келган чопарнинг топширган мактубидан билдимки, менинг йўқлигимдан истифода қилиб, Тўхтамиш Мовароуннаҳрга ҳамла қилиб келиб, кўп кишиларни ўлдуриб, бир миқдор чорваларни ўзи би- лан бирга ҳайдаб кетибдур. Бу Тўхтамиш деган одам Қип- чоқ ўлкаларининг султони эди. Кўҳиқофнинг (Қафқаз) орқасида турар эди. Унинг юртига бормоқ учун Исфаҳондан Озарбайжонга, ундан Тўхтамиш ўлкасига бормоққа тўғри келар эди...

Тўхтамиш тўғрисинда тўплаган маълумотларимга қараганда, Тўхтамиш қадди-қомати менга ўхшаб тушармиш. Сарбозлари тоғ қабоилидан бўлуб, ҳаммалари Кўҳиқоф минтақасидан эмиш. Салоҳлари ўқ-ёй, “шошка” исминда ингичка, эгри қиличдан иборат эмиш, шошканинг енгил бўлиши, кескурлиги ишлаткувчига осонлик туғдирадур. Қўллар қалтираб қолмас эди. Унинг аскарлари шошкани ишлатишда хийла маҳоратли эди...

Олдиндан берилган хабарлардан аниқландики, мўғуллар менинг ўзларига яқинлашиб бораётганим- дан бутунлай хабарсиз эканлар. Улар турган ери билан Мовароуннаҳрнинг орасида узоғ фосила борлиги учун олдинга хабар олувчилар чиқармаган эканлар. Биздан душман хабардор бўлиб қолмасин, деб улар тарафга чиқадурғон йўлларни тўсуб ташладим. Олдиндаги икки даста хабарчи қисмлар бошлиқларига тайинладим: ҳар соатда олинган хабарлардан мени хабардор қилиб туриш ва тажрибакор одамлар қўшундан икки тош илгарида юришларини тафсиз қилдим (топшириқ бердим). Бу ҳолда икки номуносиб сабаб бўлмаса, душманга шабхун урмоғим лозим эди. Сабабнинг бири, бир юз йигирма минг қадар душман қўшунига кечаси ҳужум қилганимда, сарбозларимда низомсизлик рўй бериб, қоронғуда дўст-душманни фарқ эта олмай қолишлари мумкин эди. Иккинчиси эса, Бил Ургунни тирик тутуб, қайси журъат билан бизга қасд қилганлигини сўрамоқчи эдим. Душманга тўрт тошлик масофа қолганида ҳам душман биздан бехабар тургани учун ортуқча отларни айириб орқага жўнатдим. Аскарларни яхши ором олишга буюрдим. Ярим кечада йўлга тушдим. Ўртада етарли вақт бор бўлганидан секин-секин йўл олдим. Тонг отар вақтида иккови жаноҳнинг менинг икки томонимда ўз ўрунларини ишғол қилишларига буйруқ бердим.

Эй биродар, агар сен бир кун уруш бошлиғи бўлгудек бўлсанг, билгилким, аскарни майдонга лойиқ тузиш муҳим бир ишдур. Қўмондоннинг лаёқатидан ташқари, машқ ва муморасат (ҳаракат) ҳам талаб қилинади. Агар бир даста таълим кўрмаган аскарни ҳар қанча муназзам қилиб турсанг ҳам, бир кунлик урушда ўз жойларида туролмасликларининг ҳам эҳтимоли бор. Аммо таълим кўрган сарбозлар бўлса, ҳар қанча уруш жиддийлашса ҳам, қайси ерда турушлари муносиб эканлигига тушунади.

Икковига жаноҳда ўз жойларида турмоққа амр берганимдан бир соат кейин уруш тартиби тузулиб бўлган эди. Душман тараф отлиқ бўлгани учун уларнинг отларини тезроқ ишдан чиқариш қасдида, аскарларимни қилич, каманд, ўқ-ёйлар ва найза билан салоҳлантирдим.

Офтоб чиққанда биз яп-яланг бир даштга чиқиб қолғон эдик. Ўзимизни душман кўзидан ёшуриб туриш имкони ҳам йўқ эди. Мўғуллар эса ҳануз ўзларини тўплаб ололгани йўқ эди. Офтоб кўтарилса ҳам, уруш тузуми нари турсин, ўз ўрдугоҳини тўплай олмади. Бу вақт душманнинг эпсиз эканлигига воқиф бўлдим ва унинг енгилишига жазм қилдим.

Отлиқларим қўшуннинг икки қаноти ва қалбида ҳаракатга кирди. Ўзум ҳам найза, қилич, каманд, ўқ-ёй билан қуролландим, бошимда мағфар, эгнимда зирҳ бор эди. Очиқ даштда урушган аскарнинг кўзи офтоб нури билан қамашиб қолмасин, деб бир кеча аввал қўшун сайрини жанубдан шимолга қаратиб ўзгартириб олган эдим. Қирқ беш минг отлиқнинг шарқдан ғарбга ёйилиб, жанубдан шимолга қараб қўзғолишини ҳеч қандай қилиб ўқуғувчиларимга тасвирлаб беролмайман. Ҳатто Тус шоири ҳам ўз китобида бундай бир ҳолни тасвирлаб кўрсатолмаган эди. Гумонимча, бизнинг ўша ҳаракатимизни осмондан туруб офтоб бемалол томоша қила олур эди. Биз илгари бормоқда эдик. Йигирма минг отлиқ ҳам орқа тараф эҳтиёти сифати билан орқамиздан келар эди. Биз билан душман орасида чорак тош фосила қолган эди. Аскарларнинг муназзам юриши, гўзал тартиблани- ши билан руҳланганларидан ерлар ларзага келаётир, деб ҳис қилар эдим. Аскарларимга қараб қувониб, дилимга бир шавқ тушдики, ўзимни тўхтатолмай, оғзимдан узундан-узоқ бир наъра чиқди. Қалбдаги сарбозлар ҳам бирдан наъра тортиб юборишди. Ўнг ва сўлдаги жангчиларнинг ҳам наъралари қўшулгандан кейин аскарларимда улуғ руҳ уйғонди. Албатта, бу наъра қўшуннинг хурсандлиги, ютуқларига эътимод қилганларидан ҳосил бўлган эди. Қўшунда ҳам эр кишининг урушдаги маҳоратидан қимматбаҳо нарса дунёда топилмаслигини тушунганликлари маъноси чиқар эди. Менимча, бутун дунёдаги ҳурсандлик бир тарафга қўйилса, урушдаги кутулажак ғалабанинг хурсандлигига баробар келмайди. Бир эр киши ўзини бошқа хушликларга машғул қилар экан, ўз мардоналигини қўлдан бериб, хотунлар сафига қўшулуб қоладур. Чунки хотунлар ҳам ўзларини турли хурсандликларга машғул қилишлари мумкиндур.

Мўғуллар бизни кўргандан кейин ўз сафларини тузатмоқчи бўлдилар. Уларга фурсат бермасданоқ устига бостириб бориб қолдик. Икки жаноҳдаги қўмондонларга мўғулларни муҳосира қилиш амрини бердим. Бизнинг мўғул ўрдугоҳига қилган ҳужумимиз тасвирини қўйларга ҳамла қилган бўри мисолида билдирсам, балки ишонмассиз. Нима учунки, уларнинг “мўғул” номини эшитгандурсиз. Ҳар бир мўғулни Чингиз бўлиши керак, деб хаёл қилгайсиз. Бу мўғулларнинг баъзилари шу қадар нотавон эдиларки, қиличларини ғилофидан ҳам чиқаролмади. Фақат ўрдугоҳнинг баъзи жойларида бизга қарши муқовамат қилишди. Аввалги берган амримга мувофиқ Бил Ургун бир мунча мўғул аскарлари билан асирга олинди”.

(давоми бор)

Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг "Дунёни тебратган етти буюк" китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳожар онамиз чўри бўлганми ёки малика?

1662 17:35 01.06.2023

Белгород ўққа тутилди: ўн киши яраланган

1036 15:50 01.06.2023

Саудия Арабистони аҳолиси 32 миллиондан ошди

851 14:19 01.06.2023

Аср намозига 30 дақиқа қолган бўлса пешин ўқилмайдими?

2618 10:45 01.06.2023

Қозоғистон: Россия-Украина чегарасига тинчликпарвар кучларни юбориш ҳақида мудофаа вазирлиги муносабати

2495 09:25 01.06.2023

Ўшда халқаро муаззинлар танлови бўлиб ўтди

1463 08:48 01.06.2023
« Орқага