Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ўша дақиқадан олдин тавба қилишга вақт топинг!

862

Ҳаётнинг фонийлиги, ўлимнинг ҳақлиги, ўлгандан сўнг қиёматда маҳшаргоҳда тўпланишимиз, савоб ва гуноҳларнинг ҳисоб-китоби, яхшиларнинг сиротдан ўтиб, жаннатда абадий қолишлари, ёмонларнинг жаҳаннамга отилиб, ёнишини биламиз. 

Инсон буларни ўйлаганда жаннатга кирганларнинг нақадар хурсанд бўлишларини, жаҳаннамга ташланганларнинг эса ловуллаб ёнишларини, аянчли фарёд этганларини, пушаймон бўлишларини ўйлайди, кўз олдига келтиради... Ўз нафсига хитоб қилиб: «Эй нафсим, ақлингни йиғиб ол, девоналик қилма. Бу ҳаётнинг қийматини бил. Охиратда дўзахий бўлмаслик учун ҳозирдан тадбир қил. Жаннатга киришга сабаб бўладиган ишларни бажар. Дўзахга етаклайдиган ишлардан қоч! Дўзахдан ўзингни қўриқла, жаннатни қўлдан бой бермасликка ҳаракат қил. Ҳаётингнинг бир сониясини ҳам бекорга ўтказма, беҳуда сарф этма, зое қилма!» деб айтади.

Буни «Робитаи мавт» дейдилар. Бу робитанинг асли, манбаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларидир... Чунки Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлимни кўп ўйлашни, кўп эслашни буюрганлар.

Ўлим аччиқ, қўрқинчли бир нарса лекин бу нафс ўлим қўрқувидан бошқа нарса билан ислоҳ бўлмайди. Нафсни ислоҳ қилишнинг энг яхши чораси, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилганларидек, ўлимни тафаккур қилиш билангина амалга ошади.

"Ўлим келмасдан олдин тавба қилишга шошилинг" – деганга ўхшаш ҳадиси шарифлар масжидларда, уйларда осиб қўйилади. Ўлим ёшга ҳам, қарига ҳам, касал ёки соғга ҳам қарамайди. 

Мусулмон уламолари ўлим ва жон чиқиш вақтини таърифлашар экан, ўлим изтироби таърифлаб бўлмайдиган оғир азоблар билан бирга бўлишини ва буни фақат ўлаётган одам била олишини таъкидлайдилар. Биз у азобни фақат ҳаётда бошдан кечирган оғриқлар билан солиштиришимиз мумкин. Бироқ, бу иккиси бир-биридан тамоман фарқ қилади, чунки ўлим оғриғини ҳам тана, ҳам руҳ сезади. Бунда руҳ ва тананинг барча қисмлари, барча томирлар, барча нервлар, барча бўғинлар, ҳар бир соч ва бошнинг тепасидан то товонгача бўлган аъзолар азобланади.

Ўлим арафасида турган одамнинг бошига тушадиган оғриқни тасаввур қилиб бўлмайди, лекин у қилич билан чопилган ёки танасининг бир аъзоси арра ёки тиғ билан кесилган одамнинг азобидан ҳам оғирроқ экани айтилади. Бирор киши қилич билан урилганда ёки кесилганда оғриқни ҳис қилади, чунки унинг танаси руҳ билан боғланган. Хўш, ўлим фариштаси руҳни танадан юлиб оладиган ўша азоблар ҳақида нима ҳам дейиш мумкин?!

Ярадор одам ёрдам сўраб, қичқиришга қодир, чунки унинг юраги  ва тилида ҳали қувват бор. Аммо ўлаётган одам қичқиролмайди, ёрдамга ҳам чақиролмайди. Чунки куч, мадор аллақачон уни тарк этган. Унинг изтироблари чидам ва бардош чегарасидан ошиб, танасининг ҳар бир қисми, ҳар бир аъзосига ақл бовар қилмайдиган оғриқ билан таъсир қилади, уларни куч-қувватдан маҳрум қилади.

Ўлим ақлдан бегона қилади, нигоҳни заифлаштиради, нутқни фалаж қилади. Ўлаётган одам нола, йиғлаш ёки бошқа нарса билан азоб-уқубатларини енгиллаштиришни хоҳлайди, лекин уларни чиқара олмайди. Агар у бирор нарсани эшитишга қодир бўлса, у руҳи танани тарк этаётганда кўкраги ва томоғидан чиқаётган хириллаш товушини эшитади, холос. 

Ўлаётган одамнинг юзи ранги ўзгаради, оғриқ бутун танага тарқалади, қорачиқлар орқага кетади, тил қисилиб, бармоқ учлари қораяди. 

Танасидаги ҳар бир томир чўзилаётган одамнинг танасини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ниҳоят, унинг аъзолари бирин-кетин ўла бошлайди. Аввал, оёқлар, кейин тизза ва сонлари совий бошлайди. 

Ўлим унинг тана аъзоларини ёриб ўтиб, томоғига етиб боради. Айни дамда у дунёга ва унинг аҳлига охирги назарини ташлайди, унинг учун тавба эшиклари ёпилади ва уни энг катта пушаймонлик ва чексиз қайғу тутади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ банданинг тавбасини модомики у ғарғара ҳолига бориб қолмаган бўлса қабул қилади», дедилар». Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилган.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ то қуёш мағрибдан чиққунича кундузу гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кечаси қўлини ёзади ва кечаси гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кундузи қўлини ёзади», дедилар». Муслим ривояти.

Демак, қиёмат қоим бўлгунча кечасию кундузи Аллоҳ таоло бандаларнинг тавбасини қабул қилади. Банда ўзидан камчилик ўтганини сезиши билан вақтини суриштирмай тавбага шошилмоғи даркор. 

Ёқуб Умар тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украинанинг Испаниядаги элчихонасидаги портлашдан кейин посилкалардан яна бир нечта бомба топилди

249 21:04 01.12.2022

Нима учун муслима аёлларга ғайридин эркакка турмушга чиқиш тақиқланган?

718 20:00 01.12.2022

Павел Фелгенгауер: «Қозоқлар ва қирғизлар ҳеч қачон Ереван тарафида туриб Бокуга қарши жанг қилмайди»

637 19:00 01.12.2022

«Арманистон Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми деб тан олди» — Россия ТИВ вазири Лавров

538 18:10 01.12.2022

Россиянинг Украинадаги жиноятлари текшириш бўйича трибунал иш бошлайди 

254 17:28 01.12.2022

Пентагон Қатарга дронларга қарши илғор мудофа тизимини сотади

226 16:30 01.12.2022
« Орқага