Усмонхон Алимов: “Президентимиз БМТ сессиясида биринчи чиқишидаёқ шижоат билан Ислом дини ҳақида баралла гапирди”

09:30 14.02.2018 650

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 9 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари билан танишиш ҳамда халқ билан мулоқот қилиш жараёнида Шайхонтоҳур туманидаги “Сузук ота” мажмуасида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан ҳам яқиндан танишди. Ҳудудни янада ободонлаштириш, зиёратчилар учун қулайликларни ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. Шунингдек, Чилонзор туманида барпо этилаётган масжидда ҳам бўлиб, ўзининг бир қатор таклиф ва тавсияларини билдирди. “Ишонч” газетаси мухбири Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов билан суҳбатда бўлди.

“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил бўлганидан буён ҳали шу давргача Ислом тўғрисида, унинг тинчликпарвар ва инсонпарвар дин эканлиги хусусида биронта давлат раҳбари ёки бошқа мақомдаги нотиқ сўзламаган, гапирмаган. Бу – ҳақиқат! Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сессиясида биринчи чиқишидаёқ шижоат билан шу сўзларни баралла айтдилар.

Ислом дини кимлардир ўйлаётган террорчилар дини эмас, у тинчликпарвар дин. Уни ўша салбий, ножоиз муносабатлардан сақлашимиз, асрашимиз керак, деган гапни ким айта олади? Буни Аллоҳ қалбига солган одамгина айтади. Ёинки, имом Бухорий тўғрисидаги сўзларини олайлик. Имом Бухорий маркази бунёд этилаётгани, пойтахтда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилиши ҳақидаги фикрлардан бутун олам аҳли зийрак тортди. Муҳтарам Президентимиз минбардан тушаётганида президиумда ўтирганлар ҳам тушиб у кишини қутладилар. Бизнинг қардошимиз, Ўзбекистон давлатининг дўсти, Туркия мамлакатининг президенти Эрдўғон жаноблари ҳам муборакбод қилдилар. Бошқаларнинг ҳам шундай юксак эътирофлари мамлакатимизнинг нуфузи, Ислом оламида ота-боболаримизнинг тутган ўрни, улар қолдирган улкан меросга нисбатан ҳурмат ва эътибор ифодаси бўлди. Бу биз учун катта тарихий ютуқдир.

Инсон ўз халқини, ўз аждодларини чин ва самимий меҳр билан севса, ўз ватанига муҳаббати, садоқати беназир бўлсагина, шундай улуғ мартабаларга муносиб бўла олади. Бунинг учун унда жуда катта куч-ғайрат, шижоат бўлиши лозим. Муҳтарам Президентимизнинг амалга ошираётган кўп­лаб хайрли ишлари мисолида бунга амин бўлаяпмиз”.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!