Усмонхон Алимов: “Президентимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдек илм аҳли вакилларини ҳурмат қилишимиз зарурлигини алоҳида уқтирди”

18:30 13.02.2018 1122

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 9 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари билан танишиш ҳамда халқ билан мулоқот қилиш жараёнида Шайхонтоҳур туманидаги «Сузук ота» мажмуасида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан ҳам яқиндан танишди. Ҳудудни янада ободонлаштириш, зиёратчилар учун қулайликларни ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. Шунингдек, Чилонзор туманида барпо этилаётган масжидда ҳам бўлиб, ўзининг бир қатор таклиф ва тавсияларини билдирди. “Ишонч” газетаси мухбири Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов билан суҳбатда бўлди.

“Сўгалли ота деган жойда тўқсонинчи йиллар атрофида бир масжид қурилиб, биноси чала қолиб кетганди. Бу савоб ишни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари муфтийлик даврида бошлаганлар. У ерга бордик. Муҳтарам Президентимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақида сўраб, у кишининг оиласи, фарзандлари ҳақида суриштирди.

Давлатимиз раҳбари у кишининг ўғиллари Исмоил Муҳаммад Содиқни чақиртириб, суҳбатлашдилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари энг оғир даврларда Ўзбекистон халқи, унинг тинчлиги, одамларнинг диний соҳада тўғри йўлдан боришлари учун жуда катта хизмат қилганлиги, Маҳад (Имом Бухорий номидаги Ислом институти)да ўқитувчи, кейин ректор, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасида раис, муфтий бўлганини айтиб, бундай илм аҳли вакилларини ҳурмат қилишимиз зарурлигини алоҳида уқтирдилар. Аҳли илмни ҳурмат қилишлик Аллоҳнинг розилигини топишлик бўлади. Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг битта ҳадисларида олим-у уламолар тўғрисида “Уламолар пайғамбарларнинг меросхўридирлар”, дейилади. Демак, пайғамбарларнинг меросхўри бўлган уламони ҳурмат қилган пайғамбарни ҳурмат қилган бўлади. Пайғамбарни ҳурмат қилган Аллоҳнинг розилигини топади. Аллоҳ унга кўп йўлларни очиб беради. Президентимизнинг қилган бу ишлари нафақат Ўзбекистон халқи, балки бутун дунёга ёйилди. Чунки шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари бутун Ислом оламида машҳур ва манзур олим эди. У кишининг бу оламда ўз ўрни, мақоми, сўзи бор эди. Катта-катта анжуманларда сўзга чиқиб, ўз сўзини ўтказарди. Бизга ҳозир ҳам халқимиздан, бутун дунёдан эътирофлар ёғилаяпти. Давлатимиз раҳбарига Ислом оламининг намояндалари, уламолар, олимлар чексиз миннатдорлик билдирмоқдалар.

Шундай табаррук ният билан ўзимизнинг диёримиздаги мусулмонлар ўртасида ҳам “шайх ҳазратлари ўтгандилар, бу кишининг номи тилга олинмасмикин, эсланмасмикин”, дея тилга олинган ҳақли сўзларга муносиб, жуда чиройли жавоб бўлди, десак тўғри гапни айтган бўламиз, иншоаллоҳ.

Дарҳақиқат, бунёд этилаётган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид ёнида катта музей ҳам ташкил қилиняпти. Муҳтарам Президентимиз Исмоилбекка: “Онангиз, опа-сингилларингиз, қариндошларингиз билан маслаҳат қилинг, музейга нима керак бўлса, сизлар нимани хоҳласангиз, биз шуни қилиб берамиз”, деди. Бу чексиз ҳурмат ва юксак эҳтиром намойиши бўлди. Ўша жойда катта конференц-зал қурилади. Ўқув хоналари, секторларга бўлиб ўтиладиган мажлис хоналари бўлади. Қурилиш ишлари тугагач, бутун дунёдан олимлар, диний ва бошқа соҳалардаги уламоларни таклиф қилиб, катта анжуман ўтказиладиган бўлди. Юртбошимиз ушбу беназир ташаббус ва ғоялари билан бутун дунёга бизнинг қандай маънавиятли халқ эканимизни чиройли тарзда намоён қилдилар. Инсоннинг қалбига бундай покиза ниятларни фақатгина Аллоҳ солади. Бундай ишлар ўз-ўзидан бўладиган ишлар эмас… Биз бунга шукр қилишимиз керак, бизга бундай юрт раҳбарини Аллоҳ инъом этди! Бунинг қадрига етишимиз, у кишининг ёнида бирлашиб, шу азиз юртимиз тараққиёти учун ҳар биримиз ҳисса қўшишимиз лозим!”

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!