(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм 28-қисм 29-қисм 30-қисм 31-қисм 32-қисм)
Мутолаа
Аёлларни аёллар ҳам эзади
Эртаси куни уюшмага яқин жойдан уй топган Фазилат бу ҳолатдан жуда севинди ва дуо қилди: “Аллоҳим, Ўзингга шукр! Бу билан ундан қалбимни қутқаришнинг иккинчи шартини бажарган бўламан. Раббим, мени бир даҳшатдан қутқаряпсан. Қалбимни жиловлай олмаяпман, қалбим сенга омонат!..”
Уйига келганида отасига телефон орқали хабар берган Фазилат илтимос қиларди:
– Нарсаларимни кўчирайлик.
– Қизим, менинг шанбагача бўш вақтим йўқ. Ҳалиги йигит ким эди, Алининг дўсти? Ўша ёрдам берса-чи?
Фазилатнинг бирданига ранги ўзгарди:
– Йўқ, бўлмайди, ота...
Шанба куни тушдан кейин давра суҳбати бор. Эрталаб олиб келамизми?
– Бўлади, қизим. Мен юк машинаси билан эрталаб соат тўққизда бораман.
Фазилат хотиржам нафас олиб, дераза олдида ўтирарди. Ниҳоят қутулади, номус курашида ғалаба қозонади. Беихтиёр саккизинчи қаватга қараганида эски ҳолидан асар ҳам йўқлигини англади. Маликнинг балконда осилган кўк кўйлаги энди унга аввалгидек таъсир қилмади. Ўзидан фахрланиб кетди. Беихтиёр пичирлади: “Мана, аёлга зулм қилмайдиган ғурурли аёл мендек бўлади. Бу воқеа асосида, албатта, роман ёздираман. Инсон ҳолатини тушунадиган ва одамларга паст назар билан қарамайдиган ёзувчилардан бирини топиб, айтиб бераман. Бу ишлар муҳаққақ ёзилиши керак. Одамлар қалблари билан курашишни ўрганишлари зарур. “Нима қилай, бу қўлимда эмас!” дея телбаликка қарши ўзларига баҳона излашмасин. Менинг ҳаётимдан ибрат олишсин, ўзимни йўқотсам ҳам номусимдан, эътиқодимдан воз кечмаганимни кўришсин. Агар одам ўзи хоҳласа, буни қилишга кучи етишини билишсин”.
УМИД
Малик Алининг уйида эди.
– Кел, ўтир, қани гапир. Мен ҳақимда нима деяпти? – ҳануз абгор ҳолатда сўради Али.
– Нима десин? “Таклифномани олдим, муддати келса, лозим бўлган ишни қиламан”, деди. Қандай таклифнома эканини тушунмадим.
Али пешонасига шапатилаб, ўрнидан туриб у ёқдан-бу ёққа юра бошлади:
– Э-воҳ! У таклифнома эмас, чақирув қоғози! Анча олдин у билан ажрашиш учун судга даъво очгандим. Вой, Худойим! Қандай қилиб унутдим? Бориб аризамни қайтариб олмоқчийдим, кейин Фазилатнинг кўйида судни унутдим. Улар ҳам менинг ишимни шунча вақт ўтгач, кўришибди!..
– Эллик йилдан кейин кўришмагани учун шукр қил. Тизим шу қадар бузилганки, кўпчилик “барибир, йиллаб чўзилади”, дея шошилинч даъвоси бўлса ҳам судга мурожаат қилмайдиган бўлди. Хўш, энди нима бўлади?
– Бориб, даъвомдан воз кечаман.
– Лекин Фазилат янгам бошқа уйга кўчиб кетяпти. Унинг янги манзилини билмайсан.
– Нега кўчади?
– Билмайман, Али. Охирги пайтларда ҳоли ғалатироқ. Аммо негалигини тушунмаяпман ёки эътибор бермасликка ҳаракат қиляпман. Аслида, сендан жаҳлим чиқяпти.
Энди Алининг ҳам жаҳли чиқди:
– Бас қил! Бир хато қилдик, минг пушаймон бўлдик. Бунча азоб чекишим қасос олиш истагингни сўндирмаяптими? Менга раҳминг келмайдими?
Малик ўйчан жавоб берди:
– Келади, келади. Хавотир олма, сенга ҳам ачинаман... Қўлимдан келганича уриняпман. Яна нима қила оламан?
– Билмайман. У ёқтирмагани учун, мана, чекишни ташладим, энди эса чойхўрман. Мендан сигарет ҳиди келарди, “Ётоқхонамиз катта кулдондек туюлади, кўнглимни айнитяпти”, дерди, лекин парво қилмасдим. Қандай ақлсиз эканман. Тишларимни ҳам ювмасдан ётардим. Ўйлашимча, бадбўй оғзим ҳам кичкина кулдонга ўхшаб, кўнглини айнитарди.
Ошхонада чой қўяётиб дерди:
– Чекишни ташладим. Китоблардаги кўпиртириб берилган чекиш тасвирларидан сўнг дарҳол чекким келади. Фильмлар ҳам худди шундай. Тамакининг нимаси борки, киночилар қаҳрамонларининг қўлига шу заҳарни тутқазишмаса, бўлмайдигандек гўё. Унутишга ҳаракат қиляпман, лекин эслатадиган нарса кўп. Ўйлайманки, ичишни ташламоқчи бўлганлар ҳам менга ўхшайди.
Малик ошхона томонга қараганча гапирди:
– Тўғри айтдинг, сени табриклайман. Нозиктаъб ва виқорли эркаклар аёлларининг бундай истакларига ниҳоятда аҳамият берадилар. Лекин... янгам борида бу ишни қилмадинг, энди деворларни янгамнинг ўрнига қўйиб, олижаноблик қиляпсанми?
Такрор меҳмонхонага қайтган Али Маликнинг кўзларига тик қаради:
– Ўлишимга тўғри келса ҳам, охирида уни мутлақо кўндираман.
– Нариги дунёдами?
Али ҳайрон бўлди:
– Нега нариги дунёда бўларкан?
– Ўлсам ҳам деяпсан. Менимча, ўлганингдан сўнг нариги дунёга борасан. Ёки бошқа дунёга кетаман деб ўйлайсанми?
– Сен мазах қиляпсан, мен эса куйиб, кул бўлаёздим. Кеча кундалигидан яна бир кунини ўқидим. Фазилатим хазина экан, англамабман.
– Зотан, кўпчилик эркаклар хотинининг қадрини билмайди. Мумкин бўлса, менга ҳам айтиб бер.
– Яхши... Хоҳласанг ўқиб берай, менга бўлган нафратинг янада ортсин.
Малик унга шафқат билан қаради:
– Яна Алилик қилма. Жаҳлимиз чиқса ҳам, ҳар ҳолда, сен учун ҳаракат қиляпмиз. Қани, олиб кел, кундаликни ўқийлик.
– Мана, ҳоҳласанг, сен ўқи, мен эшитаман.
– Фарқи йўқ.
Малик аввал кундаликдаги сарлавҳани ўқиди:
“Аслида сабрли одамдан қўрқиш керак”. Қандай гўзал сўз, ҳам айни ҳақиқат.
– Зотан, Фазилатнинг ҳар бир сўзи ҳақиқатга асосланган. Нима қилайки, қадрини билолмадим. Майли, давом эт. Битта сарлавҳага ёпишиб олмайлик. Ичи юзлаб сарлавҳалар бўладиган чуқур маъноли жумлаларга тўла.
– Бўпти, бошлаяпман.
“Аслида ўта сабрли одамдан қўрқиш керак!
Қишнинг ўртасида паға-паға қор ёғишини кузатишни яхши кўрардим, аммо бугун оқшомги қор менга ҳеч қандай завқ бермади. Аксинча, ҳар бир қор парчаси миямга мушт сингари тушаётгандек.
Инсон руҳияти қандай ажойиб ҳодиса... Қандай ғаройиб дунё... Севадиган, завқланадиган нарсасини, агар бир муаммо ичида бўлса, умуман севмай қўйиши мумкин. Масалан, шу ондаги руҳиятим ва мен... Гўё бу манзарадан бундан аввалроқ ҳеч қачон завқ олмагандек деразага қараймиз.
Келмади, Али ҳалигача келмади. Сўнгги пайтларда доимий кеч келадиган бўлди. Ҳатто савол ҳам беролмайман. “Аёлларнинг эрини сўроққа тутишга ҳаққи йўқ!”, деган гапни ушлаб олган. На менга сўрашга рухсат беради, на ўзи айтади. Тахминларга кўра, бу эътиқод аёллар қул ҳисобланган жоҳилият давридан қолган.
Қанчалар ғалати, аёл савол беролмас эмиш. Бир умр бирга яшайдиган жуфтлардан бири портлаб кетса ҳам, савол беролмас экан. Тавба, Аллоҳим, қандай худбинона эътиқод!
Ваҳоланки, илк мактубида “Мен аёлларга зулм қиладиган эркаклардан нафратланаман”, деб ёзганди. Ростдан ҳам илк йилларда яхши одам эди. Менга дўст, сирдош, севгили ва турмуш ўртоқ эди. Энди-чи? Қўрс бўлиб қолган... худди менинг бир дўстга эҳтиёжим йўқдек муносабатда бўляпти. Бир оғиз гапирсам, “Оч қолдингми, кўчада қолдингми?” дейди. Тўйиб кетдим… Бу сўздан тўйиб кетдим… Бу сўзнинг ҳар бир бўғинидан нафратланаман. Оч қорнимни тўйғазиш ёхуд эгнимга бир жанда олдириш учун турмушга чиққанмидим?
Кун келиб жонимдан тўйиб кетиб, хотинидан жаҳли чиқиб, ҳамма аёлларга қарши бўлган эркаклар каби мен ҳам эримдан ғазабланганим учун барча эркакларга қарши бўлиб қоламан, деб қўрқаман. Йўқ, мен бундай бўлмаслигим керак. Адолат йўлидан адашсам, менинг исмим ҳам золим бўлади. Шунинг учун чегарадан чиқиб кетмаслигим керак.
Масалан, кеча тунда... Аллоҳим! Бу қандай ҳол эди? Эшик калит билан очилганини, келган Али эканини билдим. Бир муддат ўтирган курсимга боғлангандек қотиб қолдим. Қалбимга қулоқ солдим. Олдинлари Алининг калит бурашига ҳамоҳанг урадиган юрагим энди бу товушларни ҳатто эшитмасди. Демакки, юрак ҳам “севилганини англайди, шунга кўра муносабатда бўлади, севилмаганини ҳис қилганида эса сокин денгиз каби тинч туради”. Балки эндигина юрагимни кашф қилаётгандирман. Раббим, қандай сирли, ғалати махлуқот бу одамзот. Туғилган кунидан бери вужудида олиб юрган қалбини, ҳис-туйғуларини ҳамон танимайди.
Мен беихтиёр эшик томон юрдим. У ҳам ичкарига кирган эди. Нигоҳларимиз тўқнашди. Ўйладимки, “Соат уч бўлди, сени куттириб қўйдим...” деб кўзларимга хижолат билан қарайди. Аммо акси бўлди. Бирдан бақира бошлади:
– Нега ҳалигача ухламадинг? Мени соядек таъқиб этишни бас қил!
Хонадон соҳибига дўқ ураётган ўғрига қанчалар ўхшайди. Кўзларига ҳайрат билан тикилдим. У яна давом этди:
– Нимага қараяпсан? Сенга ҳисоб бераманми?
Аранг жавоб бердим:
– Ҳа, керак бўлса, берасиз!..
Меҳмонхонага кетаётиб, менга юзланди-да, оғзини қийшайтириб, тақлид қила бошлади:
– Ҳа, керак бўлса, берасиз!.. Гапига қаранг. Бу аёлнинг тили узайиб кетди. Нима бўларди эркалатиб юборганимиздан кейин? Бошидан хато қилдик. Диндор аёл оламиз, дедик, энди кўзимизни очирмайди. Диндор аёл сабрли бўларди, шекилли!
– Бу қандай кўз очирмаслик, Али? Ҳар кеча шу вақтда келасиз. Тақвомни, сабримни суистеъмол қиласиз, ўз манфаатингиз учун фойдаланасиз. Хўш, мен сизнинг нимангизни ўз фойдам учун ишлатяпман?
Тўғри сўзга мутлақо тоқати қолмаганди. Уни йўлга солиш учун нималар қилмадим! Лекин сира иложи бўлмади, асло бўлмади.
Менга тез-тез айтадиган сўзларини такрорлади:
– Нима қилай, мени мутлақо қизиқтирмайсан. Аллоҳ-Аллоҳ, ўзимни мажбурлай олмайман-ку!
Аёл учун нақадар оғир сўз эди бу!.. Кўп марта ёлвордим. “Менга бу сўзларни айтманг!” дедим. Лекин тингламади. Овозимнинг борича бақиргим келди. Лекин уят ҳисси менга қўни-қўшнини эслатди.
Унга фақатгина нафратли қараш билан кифояландим. Ёлвориш оҳангида сўзладим:
– Ўтинаман, Али, мен иффатини, номусини қаттиқ ҳимоя қиладиган аёлман. Эри учунгина номусини сақлайдиган хотинлардан эмасман. Мени ўзингиздан узоқлаштиряпсиз. Иффатсизлик қилмайман, лекин қалбимнинг номуси бузилишидан қўрқаман. Қалбим севгига муҳтож, уни забт этолмаслигим мумкин. Менга зулм қилманг. Ўзингиздан узоқлаштирманг, илтимос! Такрор менга меҳр-муҳаббат кўрсатинг. Гулнинг сувга қандай эҳтиёжи бўлса, муҳаббатингизга худди шундай эҳтиёжим бор... Мана, тўлиқ уч йил бўлди, бир бор менга кулиб боқмадингиз. Бир оғиз ширин сўзингизни эшитмадим.
Бу гапларимга жавобан айтганлари нақадар ҳақоратли эди:
– Бундан буён сенга бир оғиз ҳам ширин сўз айтилмайди. Сендан жирканаман. Мени англайдиган ғуруринг йўқ бўлгандан кейин яна нима дейишим керак!
Худди ҳозир йиқилиб тушадигандек эдим. Аллоҳим, ер юзида бундан оғирроқ сўз бормикин? Бу гапларни менга қайта-қайта айтди. Дунёнинг бор залвори шу сўзга ортилганми, ажабо? Аранг жавоб бердим:
– Ғурурим бор, Али, бор ғурурим. Айтган ҳамма гапингизни жуда яхши тушуняпман, лекин ўзимни тушунмаганга оляпман. Аниқроғи, олаётгандим. Балки хатонгизни тушунарсиз, ўзингизни тўғирларсиз, деб кутаётгандим. Бу кеча янада яхшироқ англадимки, сизни ўзимга мажбуран ёр қилишга уринаётган эканман.
Кўзларимга тикилиб жавоб берди:
– Баракалла, ниҳоят тушундинг! Шуни олдинроқ билганингда эди!
– Зотан, бундай воқеалар ҳар доим энг охирида тушунилади. Агар бошиданоқ тушунилганида эди, бундай ниҳоя топмасди. Энди боринг, яхши дам олинг. Мен бир қарорга келдим, эртага бу уйдан кетаман, сиз ҳам одам бўлсангиз, тузаласиз.
– Демак, қонингизга боғлиқ, демоқчисан.
– Йўқ. Ҳеч бир қон одамларни тузатиш хусусиятига эга эмас. Мен қон-пондан ёрдам кутмайман, шуни биласизми? Қаердан ҳам билардингиз, мени танимайсиз-ку...”
* * *
Амина Шенликўғли
(давоми бор)