Муқаддас Рамазондаги дуонинг ижобати

03:00 09.05.2019 836

Ўтган йили Рамазон ойида жазирама ёз кунлари ҳар куни қишлоқдан шаҳарга — ишга қатнашда иссиқ ва ҳолсизликдан тинкаси қурирди. Кечқурун ифторликка яқин оёқларини судраб уйга кириб борар, бир қултум сув билан оғиз очар-очмас кўзи илинарди. Яна икки маҳалла наридаги масжидга таровеҳ намозига жамоатга қўшилиш учун йўл оларди. Баъзан ибодатни тўлиқ адо этолмай ҳорғин уйга қайтаётиб юракдан Аллоҳга ёлворарди:

– Чумолининг овозини ҳам эшитган, ҳар бир яралмишининг қалбидан бохабар Роббим! Келаси Рамазонгача менга шундай имкониятлар бергинки, ибодатларда сенинг ҳузурингга тетик, қувват ва рағбат билан турай!..

Шахсий автомашинасида маҳалладошлари билан жоме масжидига таровеҳ намозини адо этиш учун бораётиб жилмайиб қўйди.

– Табассум боисини биз ҳам билсак бўладими, Бек?- олд ўриндиқда ўтирган ҳамқишлоқ  дўсти ўзига саволчан тикилиб турарди.

– Табассумнинг боиси шукроналик, оғайни,- деди мамнуният билан.-  Ўтган йиллари Рамазон ойида “Қанийди, пешин намозидан кейин бир соатгина ухлаб дам олишим учун шаҳарда уйим, намозларга ўз вақтида етиб бориш учун автомашинам бўлса эди,” дея ўксинардим. Аллоҳ ожиз бандасининг илтижосини ижобат этти, машиналик бўлдим.Мана уловим ҳозир ҳаммамизга ҳизмат қилаяпти.Рўзадорнинг дуоси қайтарилмаслигини буюриб, умматларини иймону ихлосга даъват қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга молимиз, жонимиз, бутун бору йўғимиз қурбон бўлсин!..

Дўсти елкасига қоқиб қўйди. Улар қалбида шу мунаввар кунларга шукроналик туйғуси ила Буюк Яратгувчининг ибодати сари елиб боришарди. 

Умида Адизова

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!