Ислом

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (биринчи мақола)

947

Биринчи тадқиқот: Имом Бухорий ҳаётида илмнинг ўрни.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғира ибн Бардизба ҳижрий 194 йил Бухоро шаҳрида таваллуд топади. Бобоси Муғира ибн Бардизба Бухоро ҳокими Ямон Жуъфий қўлида мусулмон бўлган эди.

Имом Бухорий болалик пайтларида отаси вафот этади, акаси билан онаси қарамоғида қолади. Онаси фарзандига гўзал тарбия бериб, уммат корига ярайдиган, пайғамбар суннатини кўтарадиган йигит қилиб улғайтирди.

Болалигида имомнинг кўзи кўрмай қолади. Солиҳа онанинг дуолари Аллоҳга етди: тушида Иброҳим алайҳиссалом ўғлининг кўзи қайтишини хабар қилади (Ибн Хажар “Фатхул борий”).

Аллоҳ Таоло имомга кўз билан бирга кучли зеҳн-у заковат ҳам ҳадя қилган эди. Эшитган дарсини ёдлаб олади, ўн ёшида ҳофизи Қуръон бўлади.

Муҳаммад ибн Абу Хотим айтади: “Абу Абдуллоҳга “Бошланғич таълим қандай бўлган?” дедим. У “Ҳадис ёдлаш менга илҳом қилинган эди”, деди, “Ёшингиз нечада эди?” дедим, “Ўн ёки ундан кичик эди, деди. Дохилий ва бошқалардан ҳадис эшита бошладим. Бир куни Дохилий “Суфён Абу Зубайрдан, у Иброҳимдан...” деб ривоят қилди, мен “Абу Зубайр Иброҳимдан ривоят қилмаган” дедим, у мени жеркиб ташлади. “Асл нусхани бир кўриб қўйсангиз”, дедим. У ичкарига кириб асл нусхани кўриб чиқди ва “Эй, йигит, ўзи қанақа бўлади?” деди, мен “Зубайр ибн Адий Иброҳимдан”, дедим. Мендан қаламимни олиб тўғрилаб қўйди ва “Тўғри гапирдинг”, деди, Бухорийга “Ўшанда ёшингиз нечада эди”, дейишганида, у “Ўн бир ёш эдим”, деди” (Хатиб Бағдодий “Тариху Бағдод”).

Бухоро ўша пайтларда илм марказларидан бири эди. Бухорий ўн олтига кирмасдан ибн Муборак ва Вакеънинг китобларини, минглаб ҳадисларни ёд олганди.

Ўн олти ёшида акаси Аҳмад  ва онаси билан хаж сафарига отланади. Режага кўра, Аҳмад  онаси билан хаж амалларини адо этгандан сўнг Бухорога қайтиши, Муҳаммад эса ўша ерда қолиб таълим олиши керак эди. Шу тариқа Бухорий Макка ва Мадинада таҳсил олди, сўнгра бошқа шаҳарларга “илм риҳлалари” қилди. Қаерда олим бўлса, Бухорий ўша ерда эди.

Бухорий замонида ҳозирги тезюрар уловлар бўлмаган, лекин илмга ташна талаба сафардан эринмади. Пиёда ёки уловда шаҳарма шаҳар юриб, ҳадис эшитди. Бағдод, Восит, Басра, Куфа, Дамашқ, Асқалон, Хуросон, Балх, Нисобур, Марв, Ҳирот, Мисрга бир неча марта бориб келди, гоҳида битта ҳадис эшитиш учун узоқ сафарларга чиқарди.

Бухорий раҳимаҳуллоҳ жуда қобилиятли эди, унинг дарс шериги Хошид ибн Исмоил айтади: “Абу Абдуллоҳ Бухорий биз билан бирга Басра шайхларининг дарсига қатнарди. Биз дарсни ёзардик, у ёзмасди. Биз ёзмаётгани учун эътироз қилдик. У бизга: “Роса жонга тегдиларинг, қани ёзганларингни кўрсатинглар-чи”, деди. Ёзганларимизга қарасак, ўн беш минг ҳадис экан. Бухорий ҳаммасини ёддан айтиб берди, ҳатто хатоларимизни тўғрилаб олдик. Сўнгра у: “Мени умрини бекорга ўтказаяпти”, деб ўйлаяпсизларми?!” деди. Шунда ҳеч кимдан ундан ўта олмаслигини билдик” (Ибн Хажар “Фатхул борий”).

Имом Бухорий айтади: “Шом, Мисрга икки марта, Басрага тўрт марта бордим, Хижозда олти йил яшадим. Куфа ва Бағдодга неча марта борганимни эслай олмайман” (Ибн Хажар, “Фатхул борий”).

Имом Бухорийнинг машҳур устозлари: Аҳмад  ибн Ханбал, Яҳё ибн Маъин, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Али ибн Мадиний, Қутайба ибн Саъид, Абу Бакр ибн Абу Шайба, Абу Хотим Розий ва бошқалар (Ибн Хажар “Фатхул борий”).

Зеҳни ўткир, хотираси кучли Бухорий минглаб шайхларнинг илмини ўзлаштирди, ровийлар аҳволини ва ҳадиснинг саҳиҳ ёки заифлигини ажрата олгани учун йигирмага кирмасдан китоб ёза бошлади. “Ал-Адаб ал-Муфрад”, ровийлар ҳақида “Тарихул кабир” ва “Тарихус сағир”, “Халқу афъалул ибад”, “Рафъул ядайни фис солаҳ”, “Ал-Куна” каби китоблар Бухорийнинг бетакрор асарлари сирасига киради.

Имом Бухорийнинг энг машҳур асари “Ал-Жомеъус саҳиҳ” дир. Уни “Саҳиҳиул Бухорий” ҳам дейишади. Муаллиф китоби ҳақида шундай дейди: “Бу китобга бирор ҳадис киритишдан олдин икки ракат намоз ўқирдим, Аллоҳга истихора қилардим, саҳиҳлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмагунча киритмасдим” (Ибн Хажар “Фатхул борий”).

Имом Бухорийдан олдин ҳеч ким фақат саҳиҳ ҳадис тўпланган китоб ёзмаган эди. Муаллиф айтади: “Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ҳузурида эдим, у киши “Фақат саҳиҳ ҳадис бўлган бир китоб таълиф қилсаларингиз-чи”, деди. Шу қалбимга ўрнашиб қолди”. Ўн олти йил энг ишончли ҳадисларни саралаб “саҳиҳ”ларини ёзди, туш кўрди, тушида қўлларида елпиғич билан расулуллоҳни елпиётган эканлар. Таъбирчилардан сўраганларида “Сиз расулуллоҳдан ёлғонни ҳайдайсиз”, деди (Суютий “Тадрибур ровий”).

Бухорий раҳимаҳуллоҳ “саҳиҳ”ларини Масжидул харомда ёзган, лекин дарҳол нашр қилмади. У киши узоқ муддат мулоҳаза қилиб юрди. Китоб 600.000 ҳадисдан танлаб олинган 7275 ҳадисни ўз ичига олади.

Имом Аҳмад  ибн Ханбал, Яҳё ибн Маъин, Али ибн Мадиний каби олимлар “Саҳиҳул Бухорий”ни гўзал санади. Ундаги ҳадислар саҳиҳлигига гувоҳлик берди. Сўнгра уммат бу китобни қабул қилди, Қуръондан кейинги энг ишончли манба деб тан олди (Ибн Хажар “Фатхул борий”).

Уламолар имом Бухорийга кўп мақтовлар айтишган, “Амирул муминин фил ҳадис” деб улуғлашган. Ибн Хузайма у зот ҳақида шундай дейди: “Осмон остида Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра ҳадис илмини яхши билувчи йўқдир”, Яҳё ибн Жаъфар айтади: “Умримдан Муҳаммад ибн Исмоилга бериш имконияти бўлганда берардим, чунки менинг ўлимим бир кишининг ўлими, унинг ўлими илмнинг кетишидир” (Абул Хажжож Миззий, “Таҳзибул камол”).

Қутайба ибн Саид айтади: “Зоҳидлар, обидлар, фақиҳлар билан бирга юрдим, лекин Муҳаммад ибн Исмоилдек одам кўрмадим. У киши ўз замонасида саҳобалар давридаги Умардек мақомдадир”.

Абу Ийсо Термизий: “Ироқда ҳам, Хуросонда ҳам тарихни ва ҳадис иллатларини, санадларини имом Бухорийдек яхши билувчи одам кўрмадим”.

Муслим ибн Хажжож устози Бухорийнинг пешонасидан ўпиб шундай деди: “Эй, устозлар устози, рухсат беринг, оёғингиздан ўпай, сиз муҳаддислар саййиди ва ҳадис иллатларининг табибисиз” (Ибн Касир “Ал-Бидая ван ниҳая”).

Имом Бухорийга ҳасад қилувчи, қалбида адоват сақловчи кишилар топилган. Нишопурга борганда Бухорийни шаҳар ҳокимига ёмонлаб, туҳматлар қилишади, натажада у ердан она юртлари Бухорога қайтишга мажбур бўлади. Бухороликлар олимни шаҳар ташқарисига чиқиб, саф тортиб катта тантана билан кутиб олди.

Бухоро амири Холид ибн Аҳмад  Бухорийдан саройига келиб дарс беришини талаб қилади. Имом хабарчига шундай дейди: “Ҳокимга айтинг, мен илмни хор қилиб султонлар эшигига бормайман, агар хоҳласа, ўзи келиб ҳадис эшитсин, агар унга ёқмаётган бўлсам, менга дарс беришни тақиқлаб қўйсин, қиёматда илмни яширмаганимга ҳужжат бўлади” (Абул Хажжож Миззий, “Таҳзибул камол”).

Эсипаст ҳоким Бухорийга тазйиқ ўтказа бошлайди. Мижғов домлаларни унга қарши гиж-гижлайди. Натижада буюк муҳаддис Бухородан чиқиб, Самарқандга боради. Самарқандга яқин Хартанг қишлоғига келганларида вафот этади. Ўшанда Ҳижрий 256, мелодий 870 йил эди.

Аллоҳ раҳматига олсин ва бу умматдан яна Бухорийлар чиқишини насиб қилсин!

«Ислом ва олам» китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

621 21:00 26.10.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (иккинчи мақола)

555 21:00 24.10.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (биринчи мақола)

1071 22:30 22.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (тўртинчи мақола)

659 21:00 19.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

634 21:00 18.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (Иккинчи мақола)

672 22:00 17.10.2019
« Орқага