Ислом

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (Иккинчи мақола)

577

Имом Табарий

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий 224 йил Табаристонда туғилган, етти ёшида Қуръонни тўлиқ ёд олган, саккиз ёшида имом бўлган, тўққиз ёшида ҳадис ёза бошлаган. Илм олиш учун Рай ва Бағддодга кўчиб борган. Басра, Куфа, Восит, Миср шаҳарларига илмий сафар қилган. Буюк аллома бўлиб етишган бу зот узоқ йиллар дарс бериш ва китоб ёзиш билан машғул бўлади.

Имом Табарийнинг Абу Бакр ибн Комил, Ҳорун ибн Абдулазиз, Ибн Башшор Ахвал, Абул Фараж Муъофо, Али Абдулазиз Дулобий, Абул Қосим ибн Аррод, Сулаймон Лахмий Шомий, Шуайб Харроний, Мухаллад ибн Жаъфар Боқирхий каби машҳур шогирдлари бор (Заҳабий, “Сияру аъламин нубалаъ”).

Имом Табарий бир фан билан чегаралиб қолмаган. Бошқа фанларни ўзлаштирган олим эди. Имом Нававий Табарийни Термизий, Насоийлар мартабаси билан бир хил деб ҳисоблайди. У зот Қуръон илмларида ҳам етук шахс, муфассирлар султони эди.

Имом Табарий мужтаҳид фақиҳ саналиб, ўзининг мустақил мазҳаби бор эди. Араб тили фанида ҳам олим эди. Хатиб Бағдодий айтишича, Табарий қирқ йил кунига қирқ варақдан китоб ёзган. Энг машҳур асарларидан “Жомеъул баён ан таъвилил Қуръон” китоби. Бу китоб “Тафсиру Табарий” номи билан машҳур.

Имом Суютий бу китоб ҳақида “Энг улуғ ва энг буюк тафсир” деган. Имом Нававий: “Уммат бунақа тафсир ёзилмаганига ижмоъ қилган”, деган. Абу Хомид Исфароиний: “Ким “Тафсиру Табарий” учун Хитойга сафар қилса зарар қилмайди”, деган (Ёқут Хамавий “Мўжамул булдон”).

Имом Табарий тафсирлари муқаддимасида ёзади: “Биз Қуръон тафсирини бошлаяпмиз. Унинг маъноларини баён қиламиз, Қуръон илмидан нимага эҳтиёж бўлса, ҳаммасини шарҳлаймиз. Уммат келишган масалаларни баён қиламиз, уммат ихтилоф қилган масалаларни ёритамиз, бизнинг наздимизда, тўғрисини қисқача тушунтирамиз” (Табарий, “Жаамеъу баяни таъвили ааййил Қуръан").

“Тарихул кабир” китобини 303 йилда ёзиб тугатди, асар тарихшунослар учун муҳим манба бўлиб қолди. Китоб жоҳилият араблари тарихидан бошланиб, форс ва Рим тарихига тўхталган, исломнинг биринчи асрини баён қилди. Сўнг, йилма-йил тарих воқеъалари ёритиб борилган, ҳадис илмидагидек санадлар келтирилган. Китоб шеър ва хутбалар билан бойитилди. Имом Табарийнинг  мазкур китоби энг муҳим тарихий манба ҳисобланади (Аҳмад  Амин “Зоҳарал ислам”).

Имом Табарийни имом Суютий, Шерозий, Ибн Обидийн каби уламолар “мутлақ мужтаҳид” даражасига кўтаради, Ибн Халликан айтади: “Табарий “мутлақ мужтаҳид”дир, ҳеч кимга тақлид қилмаган, Абул Фараж Муофо унинг мазҳабида эди” (Ибн Халликан “Вафиётул аъян”).

“Таҳзибул осор” китоби санадлар тартиби билан ёзилган. Матн фиқҳига ва ғариб луғатларига эътибор берилган. Ҳадис фаҳмида уламолар қандай ихтилофларга борганликлари баён қилинган ҳамда ихтилофлар таҳлил қилиниб, муаллифнинг ўз фикрларини келтирилган ва далиллар билан исботланган.

Имом Табарий меъроси ҳақида доктор Аҳмад  Муҳаммад Хуфий, Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Муслих, доктор Муҳаммад Зухалий, доктор Рахоб Хизр Аковий ва Мустафо Ваҳба каби олимлар илмий иш қилган. Табарий раҳимаҳуллоҳ 310 йилда 86 ёшида вафот этди (Муҳаммад Зуҳалий “Имам Табарий”).

«Ислом ва олам» китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

538 21:00 26.10.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (иккинчи мақола)

483 21:00 24.10.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (биринчи мақола)

1000 22:30 22.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (тўртинчи мақола)

567 21:00 19.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

540 21:00 18.10.2019
« Орқага