Ислом

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (тўртинчи мақола)

655

Имом Суютий ҳаётида илмнинг ўрни

Абул Фазл Абдурраҳмон ибн Абу Бакр Суютий Мисрнинг Асюти шаҳрида 849 йили зиёли хонадонда таваллуд топди. Олти ёшида отаси вафот этган. Саккиз ёшида Қуръонни тўлиқ ёдлади, сўнгра илм талабида матнларни ёдлай бошлади. Боладаги қобилиятни кўрган отасининг дўстлари унинг таълим олишига ёрдам берди. Ҳанафий фақиҳи Камолиддин ибн Ҳумом ёш Суютийга устозлик қилди. Суютий ундан кўп нарса ўрганди (Мустафо Ошур, “Суютий соҳибу улумис сабаъа”).

Имом Суютий даврида уламолар кўп эди. Манбаларда унинг олти юздан ортиқ шайхи бўлган дейилади. Ёш илмга киришган Суютий ўн етти ёшидаёқ “Шарху истиъаза вал басмала” китобини ёзди. Аламуддин Балқиний, Ибн Хажар Асқалоний, Жалолиддин Маҳаллий каби уламолар назарига тушган эди (Ияд Таббоъ “Жалолиддин Суютий”).

Имом Суютий илм талабида Миср ва Шомга, Яман, Ҳиндистон, Мағрибга сафар қилди. Ҳижозда бир йилга яқин яшади. (Мустафо Ошур “Суютий соҳибу улумис сабаъа”)

Имом Суютий қирқ ёшидан кейин ўзини китоб ёзишга батамом бағишлади. Халқдан ва султонлардан ўзини узоқ тутарди. Амалдорлар юборган ҳадяларни қайтариб юборарди, саройга таклиф қилинганида рад этарди. Йигирма икки йил таълиф билан шуғулланди. Китоблари тақсим қилинса, кунига қирқ варақдан тўғри келади. IХ аср мужаддиди бўлишни умид қилиб шундай деганди: “Аллоҳнинг фазлу марҳамати сабаб бу аср мужаддиди бўлишни умид қиламан, ҳамма фанларда чуқур илм ҳосил қилдим” (Мустафо Ошур, “Суютий соҳибу улумис сабаъа”).

Имом Суютий илмий ишларини бугун бир муассасанинг барча ходимлари бирлашиб ҳам удда қила олмайди. Демак, Аллоҳнинг тавфиқи ҳамма сабаблардан олийдир. Суютий айтади: “Етти фанда етукликка эга бўлдим, тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳу, маъоний, баён, бадиъда...”

Имом Суютий “Хуснул муҳозара фи ахбаари Миср вал Қоҳира” ва “Ат-Таҳаддус бинеъматиллаҳ” номли икки асарида жамиъ ёзган китоблари рўйхатини келтиради. Улар сони 1194 тага етади: шулардан 331 таси чоп қилинган, 431 таси қўлёзма ҳолатида, 432 таси бизгача етиб келмаган (Ияд Таббоъ “Жалолиддин Суютий”).

Тарихий асарлари: “Ҳуснул муҳозара фи ахбаари Миср вал Қоҳира”, “Туҳфатул музаакир фил мунтақо фи тарихи ибн Асокир”, “Ат-Туҳфатуз зарифа фис сийратиш шарифати”, “Тарихул хулафо”.

Олимлар табақалари ҳақида: “Айнул исоба фи маърифатис саҳоба”, “Буғятул вуот фи табақотин нухот”.

Қуръон илмларида: “Ал-Итқон фи улумил Қуръон”, “Ат-Тахбир фи улумит тафсир”, “Муташаабиҳул Қуръон”, “Ал-Иклил фи истинбатит танзил”, “Табақотул муфассирийн”, “Ал-Алфия фи қироатил ашр”, “Ан-Носих вал мансух фил Қуръон”.

Тафсир илмида: “Ад-Дуррул мансур фит тафсир билмаъсур”, “Таржуманул Қуръон”, “Тафсирул жалолайн”.

Ҳадис илмида: “Исъафул мубатто фи рижаалил муватто”, “Танвирул ҳаволик фи шарҳи муваттол имам Молик”, “Жамъул жавомеъ”, “Аддурарул мунтасара фил аходисил муштаҳара”, “Асмаул мудаллисин”, “Табақотул хуффаз”, фиқҳда “Ал-Ховий фил фатаво”, “Ал-Жаамеъ фил фароиз”.

Араб тили илмларида: “Ал-Музҳир фил луға”, “Ал-Ашбааҳ ван назоир фил луға”, “Ат-Тавших алат тавзих”, “Уқудул жамман фи илмил маъаний вал баян”.

Имом Суютий йигирма икки ёшида муфтийлик мансабида ишлаган, қозилик мансабида ҳам озроқ хизмат қилди. Ибн Хажар Асқалоний вафотидан кейин ҳадисдан дарс берди, мударрислик билан машғул бўлди. Шамсиддин Довудий, Шамсиддин ибн Тулун, Шамсиддин Шомий, Ибн Иёс каби алломаларга устозлик қилган.

Имом Суютий ҳаёти ва ижоди хусусида Абдуллоҳ Набаҳон, Муҳаммад Жалол Абул Футуҳ каби олимлар ўрганишган, доктор Муҳаммад Зухайлий, доктор Бадеъ Саййид Лаххом, Муҳаммад Юсуф Шарбажийлар докторлик иши ёқлаган.

Имом Суютий 911 йил 19 жумодул улода 62 ёшларида вафот этган.

Аллоҳ раҳматига олсин. Ёзган асарларининг савоби у зотга узилмай бориб турсин.

«Ислом ва олам» китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

620 21:00 26.10.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (иккинчи мақола)

552 21:00 24.10.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (биринчи мақола)

1067 22:30 22.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

630 21:00 18.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (Иккинчи мақола)

668 22:00 17.10.2019
« Орқага