Ислом

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

588

Имом Нававий ҳаётида илмнинг ўрни

Абу Закариё Муҳиддин Яҳё ибн Шараф Нававий 631 йили Суриянинг Нава шаҳрида таваллуд топган. У зотнинг ота-оналари солиҳ инсонлар эди. 649 йил оила Дамашққа кўчиб келади ва имом Нававий “Равохия” мадрасасида таълим ола бошлайди.

Имом Нававий жидду жаҳд билан илм ўқир, кунига ўн икки халқа дарсда иштирок этарди. Бундан қониқиш ҳосил қилмай ўн учинчи халқага ҳам қўшилади, лекин тоқатлари кўтаролмай касалга чалинади. Соғайгач, яна ўн икки халқада дарсга қатнашишни давом эттирди. Кунига бир марта овқатланарди, ўттиз ёшида китоб ёза бошлади.

Имом Нававий Абул Фараж Абдурраҳмон ибн Абу Умар, Муҳаммад ибн Аҳмад  Мақдисий, Абул Аббос Аҳмад  ибн Абдуддаим, Абул Бақо Холид Нобилисий, Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Абдуллоҳ, Абул Фазл Муҳаммад ибн Муҳаммад каби олимларга шогирд бўлган.

Ибн Аттор айтади: “Нававий Шофеъий мазҳабининг ҳофизи эди, саҳоба ва тобеъинларнинг сўзларини яхши биларди, уламолар ихтилофини тушунарди”.

Имом Нававий ўз даврининг муҳаддиси бўлиб, барча суннат китобларини ўқиб чиққанди. “Саҳиҳ Муслим”га ёзган шарҳи олимнинг илми нақадар улуғлигини кўрсатиб беради. Жумладан, имом Миззий ҳам унинг шогирдларидан эди.

Имом Нававий луғат илмида ҳам пешқадам бўлган, “Таҳрирут танбиҳ” ва “Таҳзибул асмааъ вал луғот” китоблари бунга ёрқин далилдир. “Таҳзибул асмааъ вал луғот” китоби муқаддимасида шундай дейди: “Луғат илмига тарғиб қилиб гапни чўзишга ҳожат йўқ. Ахир уламолар унга тарғиб қилишга ижмоъ қилганлар. Муфтийлик, қозилик каби масъулиятли вазифаларда луғатни яхши билишни шарт, уни ўрганиш фарзи кифоя эканига иттифоқ қилган”.

Имом Нававий Ибн Халликандан кейин 669 йилгача “Иқболия” мадрасасини, шунингдек, “Фалакия” ва “Рукния” мадрасаларини бошқарди, “Ашрафия” ҳадис мактабида мудир бўлди. Бу ҳадис мактабига замонасининг энг етук олимлари мудирлик қиларди. Нававийдан олдин Тақийиддин Ибн Салоҳ ва Шиҳобуддин Абу Шомалар мудир бўлган. Имом Субкий айтади: “Отам айтарди: “Бу ҳадис мактабига Миззийдек ҳофиз, Нававий ва Ибн Салохдек парҳезкор одам кирмаган” (Нуаймий “Аддаарис фи тарихил мадаарис”).

Имом Нававий 46 йил умр кўрди. Агар ёзган китоблари тақсимланса, кунига икки дафтардан тўғри келади. Нақадар ҳайратли синоат! Аллоҳ у зотга қанчалар матонат, ирода, куч-қувват ва барака ато қилган-а!

У зотнинг машҳур асарлари ҳақида гап кетганда “Саҳиҳи Муслим”, “Равзатут толибин”, “Минҳаж”, “Риёзус солиҳин”, “Азкор” китоблари ёдга тушади. Муаллифнинг бундан бошқа кўплаб асарлари бор. Алхамдулиллаҳ, уларнинг кўпи Ислом кутубхонасини безаб турибди.

У зот 676 йил ражаб ойининг 24 куни вафот этган. Ўлимларидан олдин устозларининг қабрларини зиёрат қилди, омонатларни эгаларига қайтарди, яқинларидан рози-ризолик олди.

Аллоҳ шайхни кенг раҳматига олиб, жойларини жаннатдан қилсин!

Тўртинчи тадқиқот: Имом Ибн Халдун ҳаётида илмнинг ўрни

Абу Зайд Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ибн Халдун Хазрамий Ишбилий 732 йилда Тунисда таваллуд топган. Болалигидан Қуръон ёдлади, етти қироат ўрганди. Араб тили ва фиқҳдан таълим олди. Ўн саккиз ёшида серқирра олим бўлишга улгурди (Умар Форуқ Тибоъ, “Ибн Халдун”).

Бир неча йил қози бўлиб ишлагач Андалусга йўл олди. У ерда кўп фитна-фасодларга йўлиқди, натижада Африкага қайтиб келди. Жазоирда “Ибн Салома” қалъасида ўтириб, “Тариху Ибн Халдун” асарини ёза бошлади.

Ибн Халдун изтиробли даврда яшган. Ғарната салибчилар томонидан босиб олинди. Обод шаҳарлар вайрон бўлганини ўз кўзи билан кўрди. Ислом олами Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам чўкиб бораётганди. Шахсий ҳаёти ҳам захматда ўтди, лекин шунга қарамай маданиятли, зиёли бўла олди.

Ибн Халдун Мағрибда, Қоҳирада, Зоҳирийлар мадрасасида мударрис бўлиб ишлади. Мисрда бир неча йил қозилик қилди, Ибн Халдун тарихни ёритиб берди. Мақризий “Тариху Ибн Халдун” ҳақида шундай деган: “Ҳеч қачон, ҳеч қаерда бундай китоб ёзилмаган”.

Ибн Халдун фалсафага қарши кураш авж олган даврда яшаган. Ақлни “метафизика” билан эмас, фойдали илм билан банд қилиш тарафдори бўлди, сеҳргарлик ва тилсимфурушликдан қайтарди.

Француз географи Ив Лакост айтади: “Бу мағриблик буюк мутафаккирнинг ўн тўртинчи асрда кўтарган масалалари бугун бизни хушёрликка ундайди, қолоқ бўлиб қолмасдан, замон билан ҳамнафас бўлишга чақиради” (Ив Лакост “Аллома Ибн Халдун”).

Ибн Халдун ҳаёти ва ижодини ўрганиш учун юзлаб асарлар ёзилди. Шулардан баъзилари қуйидагилар: Ив Лакост “Аллома Ибн Халдун”, Тоҳо Хусайн “Фалсафату Ибн Халдун ижтимаия”, Муҳаммад Маҳмуд Рабеъ “Анназариятул исламия лиибни Халдун”, Имодиддин Халил “Исломий Ибн Халдун”.

Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ 78 ёшида 808 йил вафот этди. Қоҳира шимолига “Сўфийлар қабристонига” дафн қилинган.

Аллоҳ қилган хизматлари ажрини кўпайтириб берсин!

«Ислом ва олам» китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

595 21:00 26.10.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (иккинчи мақола)

527 21:00 24.10.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (биринчи мақола)

1040 22:30 22.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (тўртинчи мақола)

620 21:00 19.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (Иккинчи мақола)

627 22:00 17.10.2019
« Орқага