Уят! Минг уят!

12:00 11.02.2018 12168

Мана узоқ йиллардан сўнг халқнинг орзулари рўёбга чиқиб, жонажон юртимизда кўз кўриб қулоқ эшитмаган ислоҳотлар бўляпти. Мусулмон одам борки, ҳар куни бир янгилик, бир хушхабар эшитади. Шунингдек, одамларда ҳам ўзгаришлар, китоб ўқишга, илм олишга бўлган иштиёқни кузатиш мумкин. Энди, келинг тан олайлик,бу янгиликлар ҳам ўзича бўлмаяпти, буларнинг ҳаммаси юртдошларимизнинг тинмай қилган дуолари, зиёлиларнинг қилаётган тинимсиз меҳнатлари самараси маҳсулидир.

Ўзини дин қайғуси, халқ қайғуси, юрт қайғуси билан банд қилган, халқ учун, унинг маънавий-марифий жиҳатдан етилиши, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан бир бош баландлаши учун хизмат қилаётган инсонлар озчиликни ташкил қилмайди ҳар ҳолда. Мен ўзимни халқ хизматчиси деб ҳисобламайман, аммо халқ хизматидаги одамларнинг, хусусан, давлат структурасида хизмат қилаётганларнинг иши қанчалар оғирлигини яхши биламан. Халқ хизматидагиларнинг орасида, касбидан қатъий назар, ўз манфаатларини иккиламчи ўринга қўйиб, юрт келажаги учун хизмат қилаётганларнинг борлигига мен шахсан гувоҳман! Ундай инсонларнинг жуда кўпини танийман ва ҳамсуҳбат бўлганман.

Аммо шундай одамлар бор эканки, уларнинг қўлидан на динга, на халққа, на юртга бир манфаат етказиш келади. Уларнинг қўлидан ягона иш келади. Бу – фитна! Фитна яратиш учун ҳар қандай, қайтараман, ҳар қандай имкониятдан фойдаланишади. Сиз менинг фикримга қўшилмаслигингиз, менга қарши чиқишингиз ва ундай инсонларни халқ келажаги учун қайғурадиган жонкуярлар сифатида таърифлаб беришингиз мумкин. Ундай ҳолат учун менда савол пайдо бўлади. Ана шу одамларнинг бирортаси юрт учун нима фойда келтирди? Уламоларни ёмонотлиқ қилиб кўрсатиш, эндигина ўз динини чуқурроқ ўрганиш имкониятига етишаётган халқни диндан совитиш, энг асосийси, йўқ жойдан фитна қўзғаб, одамлар орасида ўзларини шарманда қилишларидан халқ қандай манфаат топади?

Ёрқин мисол – эл таниган бир мусулмон биродаримизнинг оилавий масалалари атрофида қилинган фитна. Мен икир-чикирларга киришни хоҳламайман. Зотан, бунга ҳақли ҳам эмасман. Аммо ўринли савол пайдо бўлади. Бизга бировнинг оилавий можаросини титкилаб, халқ эътиборига олиб чиқишга ким ҳуқуқ берган? Оилада нималар бўлмайди! Оила масаласи ўта шахсий ва можаро юзага келган, кимларнингдир ҳуқуқи поймол бўлган тақдирда ҳам ундай нарсалар маҳкамада, икки томонларнинг фикрлари эшитилиб ҳал этилиши керак эмасми! Охиратидан қўрқмаган қандай мусулмон эканмизки, бир томоннинг гап-сўзини эшитиб, унга ишониб, уни одамларга тарқатиб, каттароқ фитналарнинг юзага келишига сабабчи бўляпмиз. Ваҳоланки, танганинг иккинчи томони бўлиши мумкинлигини жуда яхши биламиз.

Мен қози ҳам, замон таъбири билан айтганда, судья ҳам эмасман. Ким ҳақ бўлган, ким ноҳақ бўлган, ким шантаж қиляпти, ким ёлғон гапиряпти – ҳамма-ҳаммасини ўзлари ва Аллоҳ таоло кўриб билиб турибди. Бу дунёда эса бундай муаммолар қонун доирасида тегишли жойларга мурожаат қилинса, ўз ечимини топадиган масала ҳисобланади. Шундай экан биз нега бунчалик разиллашиб кетдик, тушунолмай ҳалакман.

Эътибор берилиши керак бўлган нуқта шундаки, гап бу ерда шахслар ва уларга доир шахсий масалалар ҳақида эмас. Ўзаро шахсий масалалар ўзаро ҳал қилинаверади. Гап бизнинг "мард" бўлиб қолганимизда. Биз қўрқмайдиган бўлиб кетдик. Биз охиратимизга катта масъулиятни юклаб олиб, халқнинг хизматига бел боғлаган, илму марифат таратиш учун имкон қадар хизмат қилаётган одамларни шарманда қилишга қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Қандайдир шахсий адоватимиз учун ҳамма нарсага тайёрмиз. Аммо тафаккур қилмаймизми? Аллоҳ таоло биз ҳар куни намозда зам қиладиган Ҳумаза сурасида бундай обрў тўкувчиларга, мусулмонларни шарманда қилишга уринадиганларга жаҳаннамнинг шиддатли ва ўчмас олови билан таҳдид қилади. Шунингдек, Расули акрам алайҳиссаломдан Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва бошқалар Абу Барза Ал Асламий розияллоҳу анҳу орқали ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳам пайғамбаримиз бизни аниқ–тиниқ бундай ишдан қайтарадилар. Ким ўз биродарининг аврати ортидан тушиб шарманда қилишга уринса, Аллоҳ таоло уни ҳам шарманда қилиши му
кинлиги билан мусулмонларни огоҳлантирадилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда эса Муҳаммад алайҳиссалом шундай пок ва мукаммал зот бўлган эсалар-да «Эй парвардигоро, қиёмат куни шарманда қилмагин» деб дуо қилганликлари келтирилади. Шундай зот ўз Роббидан нажот сўраб турганда биз ўзимизнинг қайси амалимизга шу қадар ишониб қолибмизки, мусулмонни обрўсизлантириш, уни шарманда қилишга уринсак. Ўзимизнинг аҳволимиз ҳақида қайғурмаймизми, бу ўткинчи дунёда ўзимизни эпламаймизми, эртага ҳеч ким ёрдам бера олмайдиган, ҳамма юз ўгирадиган савол-жавоб кунида Аллоҳнинг олдида қай аҳволда туришимиз ҳақида кўпроқ қайғурмаймизми.. Ўзи арзимасгина муддат қилиб берилган бу ўткинчи ҳаётимизни халқнинг, умматнинг манфаати учун сарфламаймизми.. Бизга берилган улуғ вақт неъматини фойдали ишларга йўналтиришга уринмаймизми.. Бошқа халқлар космосга ракета учираётган пайтда биз бировнинг кетини ковлаш билан банд эканлигимиздан уялмаймизми? Уят… Минг уят!

Жавоҳир ИЗЗАТУЛЛОҲ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!